Мақолалар

Закот кимларга берилади ва кимларга берилмайди?

Савол: Закот кимларга берилади ва кимларга берилмайди?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Закот кимга берилиши ҳақида Қуръони каримда бундай дейилади: “Албатта, садақаларни фақат фақирлар, мискинлар, унда (садақа ишида) ишловчилар, диллари ошна қилинувчи (кофир)лар, (пул тўлаб озод этилувчи) қуллар, қарздорларга ва Аллоҳ йўлида ҳамда йўловчига (мусофирга бериш) Аллоҳ (томони)дан фарз (этилди). Аллоҳ илмли ва ҳикматли зотдир” (Тавба сураси, 60-оят).

Демак, закот бериладиган 8 та тоифа инсонлар бор:

  1. Фақир – моли нисобга етмаган шахс;
  2. Мискин – ҳеч нарсаси йўқ киши;
  3. Закот йиғиш ишида банд бўлганлар;
  4. Диллари Исломга ошно қилинувчи ғайри динлар;
  5. Мукотаб қуллар;
  6. Агар зиммасидаги қарзини берса, пули нисобдан камайиб қоладиган қарздор киши;
  7. Аллоҳ йўлида юрганлар (бунда асосан муҳтож бўлиб қолган ҳожилар тушунилади);
  8. Йўлда қолганлар (моли бору ўзи билан бирга эмас).

 

Юқорида санаб ўтилганлардан “диллари Исломга ошно қилинувчилар” ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу даврида закот бериладиганлар қаторидан чиқарилган. Қулдорлик тугатилгани сабабли “мукотаб қуллар” бугунги кунда мавжуд эмас.

Закот беришни, ҳақли бўлишса, ака-ука, опа-сингил ва уларнинг фарзандлари, амаки-амма ва уларнинг фарзандлари, тоға-хола ва уларнинг фарзандларидан бошлаш афзалдир.

Кимларга закот берилмайди:

Шариатимизга кўра қуйидагиларга закот берилмайди:

  1. Бой кишиларга;
  2. Бошқа дин вакилларига;
  3. Бой кишининг балоғатга етмаган фарзандига;
  4. Ўрталарида туғилиш алоқаси бўлганлар яъни, ота-она ва ўғил-қизларга;
  5. Эр ёки хотинга;
  6. Ҳошимийлар, яъни, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қариндошларига. Валлоҳу аълам.

    Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

     
     
462 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top