muslim.uz

muslim.uz

Терроризмга қарши кураш бўйича Исломий ҳарбий уюшма Саудия Арабистонининг пойтахти ар-Риёд шаҳридаги қароргоҳида “Экстремизм ва терроризмни тарқатишда ахборот-коммуникация технологияларининг роли ва унга қарши чора тадбирлар” мавзусида семинар ўтказди.

Исломий ҳарбий уюшма Бош котиби ва унинг аъзолари иштирокида бўлиб ўтган семинарга Ислом ҳарбий коалициясининг Ливиядаги вакили, генерал Мустофо Иброҳим Сувайсий раҳбарлик қилди.

Иордания Ҳошимийлар Қироллиги вакили, генерал Тавфиқ Муфлиҳ ал-Батайнаҳ таъкидлашича, ахборот тармоғидан фойдаланиш қулай ва арзонлиги террорчиларга катта маблағлар эвазига манбаларга мурожаат этмасдан ғаразли мақсадларга эришиш имкониятини бермоқда. Жаҳон ҳамжамияти ушбу ташкилотларнинг фаолиятига барҳам бериш, электрон ижтимоий воситалар кўмагида уларнинг ўз мақсадларига эришишига йўл қўймаслик бўйича кураш олиб
бормоқда.

Ҳарбий уюшмадаги Бирлашган Араб Амирликлари вакили, генерал аз-Зоҳирий терроризмга қарши курашишда зарур бўлган барча чора-тадбирларни қўллаш борасида халқаро ҳарбий саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштиришнинг аҳамиятли эканини қайд этди.

Уюшманинг Ливиядаги вакили, генерал Мустофо Иброҳим Сувайсий зўравонлик ва экстремизмга барҳам бериш, бағрикенглик маданиятини ёйиш, турли дин ва маданиятларга ҳурмат кўрсатиш орқали ижтимоий тармоқларда хавф солаётган террорчилик хатарларининг олдини олишда жипслашишга чақирди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Халқаро алоқалар бўлими

Понедельник, 08 Февраль 2021 00:00

Мазҳабсизлик – хатарли йўл

Минг афсуслар бўлсинки, бугунги кунда Қуръон, суннат ва салафларга эргашиш даъвоси билан чиқиб, мужтаҳид имомларга эргашиб бирдамликда ибодатини қилиб юрган мусулмонлар жамоасини бўлиниб, турли хил қарама-қаршиликларни келиб чиқашига сабаб бўлган кимсалар пайдо бўлди.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: «Одамларнинг яхшилари мен билан яшаганлар, сўнг улардан кейингилар, сўнг улардан кейингилар» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Мазкур давр саҳобалар, тобеъинлар ва табаа тобеъинлар давридир. Ана шу давр салафларнинг давридир. Бу ҳақиқатни ўзларини “салафийлар”, деб атаётган сохта оқим аъзолари ҳам яхши билади.Агар теранроқ ўрганиб чиқилса, бугунги “Сохта салафийлар” Исломнинг дастлабки уч асрида чиқарилган ҳукмлардан бошқаси бидъат дейишади-ю, бироқ уларнинг ўзлари бунинг тескарисини қилишади. Ҳолбуки, улар Ибн Таймийя, Ибн Қайюм каби раҳнамоларининг сўзларидан бошқасини тан олмайди ва тўрт нафар мужтаҳид имом: Имоми Аъзам, Имом Шофиъий, Имом Молик ва Имом Аҳмад Ҳанбалий (раҳматуллоҳи алайҳим)га эргашганларни эса қоралайди. Аслида улар эргашаётган “мужтаҳид”лар солиҳ салафлар қаторига кирмайди.

Аслида бу оқимнинг тарихига назар ташласак, улар ҳижрий тўртинчи, мелодий ўнинчи асрда пайдо бўлган. Бу ҳақида муҳаққиқ олим Абу Заҳро раҳмутуллоҳи алайҳ асарида шундай ёзади: «Салафийя деганда тўртинчи ҳижрий асрда пайдо бўлган тоифа тушунилади. Улар ҳанбалий мазҳабида бўлиб, «Бизнинг қараш ва фикрларимиз Аҳмад ибн Ҳанбалнинг фикрига бориб тақалади», дея даъво қилишарди. Сўнг орадан вақт ўтиб, аниқроғи еттинчи ҳижрий асрда бу даъвони Ибн Таймия яна қайта жонлантирди ва кўп масалаларда янгликлар киритди. Сўнг ўн иккинчи ҳижрий асрда Араб ярим оролида бу қарашлар яна қайта жонлантирилди. Бу ишни Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб амалга оширди».

Демак, салафийлар уч босқичли марҳаладан сўнг араб ярим оролида ўз фикр ва қарашларини ривождантирган. Бу фикр ва ғояларни 1970-1980 йилларда асли касби соатсоз бўлган, тайинли устозда таҳсил олмаган Носириддин Албоний исмли киши янада оммалаштирган ва ваҳобий деган номни салафий деган номга ўзгартирган.

Агар салафийларнинг асосчилари яшаб ўтган даврни кўрсак, ўша даврнинг буюк олимлари салафийлик ғоясини тарқатаётган оқим асосчиларига илмий раддиялар бериб, уларнинг йўллари хатолигини исбот қилишган. Жумладан, Ибни Таймияни ўз давридаги кўплаб олим, қози ва фақиҳлар танқид остига олган. У ўзининг нотўғри эътиқоди сабабли бир неча бор қамалган. Ҳатто Ибн Таймиянинг шогирди бўлган имом Заҳабий раҳмутуллоҳи алайҳ устозининг нотўғри эътиқоддан қайтишини сўраб унга мактуб ёзган.

Салафийлик ғоясини кенг кўламда ёйишга ҳаракат қилган ҳижрий ўн иккинчи асрда яшаб ўтган Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб ҳам у билан ҳам аср бўлган олимлардан танбеҳ эшитган. Ўзининг отаси ва акаси унинг йўли нотўғрилигини баён қилиб унга қарши китоб ёзган.

Аллома Анваршоҳ Кашмирий раҳмутуллоҳи алайҳ ўзининг машҳур «Файзул Борий» асарида Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб ҳақида шундай ёзади:

«Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб Наждий эса илми оз аҳмоқ одам бўлган. У бировга куфрни ҳукм қилишга интилган. Куфрга чиқариш илмига куфр ва унинг сабабларини яхши билган ва илмини чуқур ўзлаштирган кишигина киришиши мумкин» .

Ҳозирги кунда бутун ислом уммати 1300 йилдан буён тан олиб, ардоқлаб, эҳтиром қилиб келаётган тўрт фиқҳий мазҳабларни инкор этиб, улар ҳақларида нолойиқ гаплар айтиб, мазҳабдан юз ўгириш салафи солиҳ йўлидан юз ўгириш бўлиб, шубҳасиз адашишга олиб боради. Зеро, Ислом олами тан олган Имом Таҳовий, Имом ибн Сурайж, Имом Қудурий, Имом Сарахсий, Имом Жувайний, Имом Ғаззолий, Имом Нававий, Бурҳониддин Марғилоний ва кўплаб мужтаҳид уламолар тўрт мазҳабдан бирига эргашганлар.

Шу ўринда айтаётган сўзларига ҳужжат келтира олмайдиган ва қилаётган даъволарининг асоссиз эканлиги аниқ бўлган мазҳабсизларнинг “муайян бир мазҳаб асосида амал қилиш ҳаром ва бу бидъатдир”, деган сўзлари эмас, балки аллома Муҳаммад Саид Рамазон Бутий: “Мазҳабсизлик ислом шариатига таҳдид соладиган хатарли бидъатдир”, деган сўзи айни ҳақиқатдир.

Фиқҳий мазҳабларнинг вужудга келиш тарихини ўрганар эканмиз, ҳозирги кундаги баъзи мазҳабсизларнинг ёки сохта “салафийлар”нинг: “Мазҳабга эргашиш бидъат”, “Имомга эргашиш суннатдан юз ўгиришдир” каби даъволари пуч эканини кўрамиз. Аксинча фиқҳий мазҳабларнинг тарихий илдизи буюк саҳобалар ва улуғ тобеинлар асос солган йўл эканига гувоҳ бўламиз.

 

Сирдарё вилояти вакил ўринбосари А. Ёрбеков

Голливуд актрисаси Анжелина Жоли Буюк Британиянинг собиқ Бош вазири Уинстон Черчилль томонидан чизилган "Қутубия масжидининг миноралари" картинасини сотишга қарор қилди. Бу ҳақда Forbes хабар бермоқда.
Картина Christie’s аукционида сотилади, кимошди савдолари 1 март куни бошланади. Аукцион уйи мутахассислари Черчилль картинаси 3,4 миллион долларга сотилиши мумкин, деб ҳисоблашмоқда.
Маълумки, Черчилль ашаддий ҳаваскор рассом эди. Ҳаёти давомида 500 дан ортиқ картиналарни чизган.
Собиқ эр ва хотин бўлмиш Питт ва Жоли биргаликда қиймати тахминан 25 миллион долларга баҳоланадиган санъат асарларининг катта коллекциясини тўплашган. Эр-хотин 2011 йилда Атлас тоғларининг фонида масжид тасвири билан картинани сотиб олишган эди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

ОЗ-ОЗ ЎРГАНИБ ДОНО БЎЛУР...

*   *   *

Заҳируддин Муҳаммад Бобур хазиналари

*   *   *

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ

*   *   *

ИЙМОН-ЭЪТИҚОД  КИТОБИ

*   *   *

НАЗМ

 

 

 

Мустафодур,  билингки,  умматқа,

Эшик очқай бурун шафоъатқа.

Яна ҳар кишиға Ҳақ берур дастур,

Кўнгли истарға шафиъ бўлур.

 

НАСРИЙ БАЁН

 

Шафоъат эшиги аввал ҳазрати Расулуллоҳ

соллаллоҳу алайҳи ва салламдан очилади,

яна ҳар кимга Аллоҳ таоло изн берса,

у ҳам шафоъат қилади

 

Билингки, энг аввал умматга шафоъат учун ҳазрати (Муҳаммад) Мустафо алайҳиссалом эшик очадилар (шафоъат қилишни бошлаб берадилар).

Яна  Аллоҳ  таъоло  ҳар  кимга  изн  берса,  у  кўнгли  истаган  кишига шафоъатчи – восита бўлади.

 

ШАРҲ. “Аҳли суннат вал-жамоат ақоиди” китобидан: “Уламо зотлар шафоъатнинг беш хил бўлишини баён этганлар:

Биринчи шафоъат. Бутун махлуқот (яралмиш жонлар) Аросатда узоқ муддат кутиб қолади, аммо ҳисоб-китоб ва мезонга – тарозуга чақирилмайди. Бу аҳволдан халқ беҳад музтариб бўлиб  – изтиробда қолиб, аввало Одам алайҳиссаломнинг шафоъатларини сўраб, мурожаат қиладилар. Аммо Одам алайҳиссалом узр баён қиладилар. Шу йўсин барча пайғамбарлар Одам алайҳиссаломдек узр баён қиладилар. Ва ниҳоят, ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга мурожаат этишади ва у кишининг шафоъатлари билан маҳшргоҳдаги қўрқувдан қутулиб, ҳисоб-китобга ва мезонга чақирилиб, ҳар ким жой-жойига кетади. Бу шафоъатни улуғ шафоъат  – умумий шафоъат  дейдилар. 

Иккинчи шафоъат  – суюкли кишиларнинг ҳисобга тортилмасдан, Жаннатга киришлари учун бўладиган шафоъат дир.

Учинчи шафоъат – Дўзахга киришга мустаҳиқ бўлган кишилардан баъзиларига шафоъат  бўлиб, Дўзахдан қутулишларидир.

Тўртинчи шафоъат – Дўзахга кирган муваҳҳидлар, яъни Аллоҳнинг ягоналигига ишонганлар, мўъминларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шафоъат лари билан Дўзахдан қутулиб чиқишларидир.

Бешинчи шафоъат – Дўзах аҳли азобларини енгиллатиш учун бўладиган шафоъат дир”.

 

Фурқон сураси, 70-оят маъноси: “Фақат кимки тавба қилса, иймон келтирса ва солиҳ амал қилса, мустаснодир; бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонликларини яхшиликларга алмаштириб қўюр. Аллоҳ беҳад мағфиратли, бениҳоят раҳмли Зотдир”.

 

“Жомиъ ул-мутун” китобидан: “Пайғамбарларнинг ва солиҳ кишиларнинг катта гуноҳ қилганларга шафоъат  қилиши ҳақдир”.

53-шарҳ: “Мўъминларнинг осийларига (гуноҳкорларига) Қиёмат кунида ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг шафоъат и ҳақдир. Шафоъат  ҳақидаги ояти жалила ушбудир: «Шоядки, Раббингиз сизни  мақоми маҳмудда (Қиёмат кунида гуноҳкор умматларингизни шафоъат  қиладиган мақтовли мақомда) тирилтирур». (Исро сураси, 79-оят).

         Барча муфассирларнинг тафсирига кўра, бу ояти каримада зикр қилинган «Мақоми маҳмуд» шафоъат  мақомидир. Шунингдек, бошқа Пайғамбарларнинг, олимларнинг, сиддиқларнинг, шаҳидларнинг ва солиҳ кишиларнинг шафоъат лари ҳақдир. Бир ҳадиси шарифда бундай деб марҳамат қилинган: «Менинг умматим солиҳларининг шафоъат и даражаси Бани Исроил Пайғамбарларининг шафоъат и даражаси кабидир» (“Жомиъ ул-мутун”).

 

Насрий баён ва шарҳ муаллифи:

Мирзо КЕНЖАБЕК

Ўзбекистон Республикасининг Брюссель шаҳридаги элчихонаси мамлакатимиз Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ҳамкорликда «Ўзбекистон: зиёрат туризм учун имкониятлар» мавзусида онлайн-анжуман ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Тадбирда Бенилюкс мамлакатлари, Дания ва Ўзбекистондаги йигирмага яқин туризм компанияси вакиллари, тадбиркор ватандошлар қатнашди.
Анжуман аввалида 2019-2020 йилларда мамлакатимизга бораётган туристлар сонини кўпайтириш учун элчихона томонидан амалга оширилган ишлар ва статистик маълумотлар келтирилди. Хусусан, 2019 йилда ваколатхона томонидан Бенилюкс мамлакатлари ва Данияда элликдан ортиқ тадбир ўтказилган ва халқаро кўргазмаларда мамлакатимиз сайёҳлик салоҳияти намойиш этилган. Натижада, 2018 йилга нисбатан республикага консуллик округига кирувчи мамлакатлардан ташриф буюрган хорижий сайёҳлар сони 50 фоизга ошган.
Шунингдек, 2020 йил январь-февраль ойларида ҳам бу кўрсатгич 15 фоизга кўпайган бўлсада, коронавирус пандемия сабабли кейинги ойларда бу кўрсатгичлар 92 фоизга тушиб кетгани қайд этилди.
Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакиллари томонидан иштирокчилар учун Ўзбекистонда туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳатлар, айнан зиёрат туризм йўналишидаги ўзгаришлар ҳамда республиканинг турли ҳудудларидаги мавжуд сайёҳлик имкониятлари тўғрисида маълумот берувчи онлайн-тақдимот намойиш этилди.
Шунингдек, хориждаги ватандош тадбиркорлар ҳамда улар иштирокидаги туризм компаниялари кўмагида хорижий давлатларда мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини кенг намоён қилиш орқали юртимизга ташриф буюрувчи сайёҳлар сонини ошириш, бу борада қилиниш керак бўлган масалалар ва мавжуд муаммолар муҳокама қилинди.
Анжуман якунида хориждаги ва Ўзбекистондаги туризм компаниялари вакиллари келгусида доимий ҳамкорлик қилиш, Бенилюкс мамлакатлари ва Данияда пандемияга қарши чоралар юмшагач, қўшма тадбирлар ўтказишга келишиб олинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Top