muslim.uz

muslim.uz

Азиз ўғил-қизларим!

Барчангизни юртимиз ҳаётидаги қутлуғ байрам – Ёшлар куни билан самимий табриклаб, ўзимнинг чуқур меҳрим ва эзгу тилакларимни билдиришдан ғоят мамнунман.

Бугунги кунда мамлакатимизда янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда азму шижоатли ёшларимизнинг ўрни ва таъсири тобора ортиб бораётгани ҳаммамизни қувонтиради. 

Ҳаётимизнинг барча соҳа ва тармоқларида, Ватан ҳимоясидек шарафли вазифани адо этишда миллионлаб ёшларимиз садоқат ва фидойилик билан хизмат қилмоқда. Сиёсий савияси етук, мустаҳкам фуқаролик позициясига эга юзлаб йигит-қизлар парламентимиз ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг аъзоси сифатида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий ҳокимият идораларида раҳбарлик лавозимларида фаолият кўрсатмоқда. 

Республикамизда самарали ишлаётган 227 мингга яқин ёш тадбиркор ва фермерлар, моҳир ҳунармандлар иқтисодиётимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда. Юртимизда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун зарур шароитлар яратилмоқда.

Бу ҳақда гапирганда, биргина “Ёшлар – келажагимиз” дастури доирасида ёш авлод вакилларининг 7 минг 775 та бизнес лойиҳасига 1 триллион 635 миллиард сўмдан зиёд имтиёзли кредит маблағлари ажратилиб, шу асосда 40 мингга яқин янги иш ўрни ташкил этилганини қайд этиш лозим. 

Ана шундай эътибор ва ғамхўрлик туфайли ҳудудларда 27 та “Ёш тадбиркорлар” коворкинг-марказлари ҳамда 157 та “Ёшлар меҳнат гузари” фойдаланишга топширилди. Ушбу мажмуаларда 2 минг 200 нафардан ортиқ ўғил-қизларимиз ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлагани эътиборлидир. 

Шу билан бирга, “Ҳар бир ёшга – бир гектар” лойиҳаси бўйича барча ҳудудларимизда 65 мингга яқин ёш деҳқонларга 54 минг 232 гектардан зиёд ер ажратилди. 

Ана шундай муҳим чора-тадбирлар туфайли сўнгги уч йилда  560 минг 200 нафарга яқин ёш фуқаро иш билан таъминланди.  

Бу йил коронавирус пандемияси ҳамда Бухоро ва Сирдарё вилоятларида рўй берган офатлар бутун эл-юртимиз қатори ёшларимиз иродасини ҳам синовдан ўтказди. Ана шундай оғир вазиятларда минг-минглаб ўғил-қизларимиз чинакам мардлик ва жасорат кўрсатиб, барча тенгдошларига ўрнак бўлдилар.

Хусусан, мамлакатимизда ташкил этилган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатининг асосий иштирокчилари ҳам ёшларимиз экани, Ҳаракат доирасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг 4 минг 500 нафар аъзоси кўнгилли сифатида фаол иш олиб бораётгани таҳсинга лойиқдир.

Сардоба сув омборидаги тошқиндан талофат кўрганларга ёрдам ва кўмак кўрсатиш мақсадида Ёшлар иттифоқининг хайрия карвони ташкил этилиб, аҳолига кийим-кечак, санитария воситалари, озиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек, катта миқдордаги ўқув қуроллари ва спорт анжомлари, бадиий адабиётлар етказиб берилди. 

Ўз навбатида, бундай эзгу ишлар Бухоро вилоятининг кучли довулдан зарар кўрган Олот ва Қоракўл туманларида ҳам амалга оширилгани сизларнинг ватанпарварлик ва олижаноблик фазилатларингиздан далолат беради.

Фурсатдан фойдаланиб, оғир синов кунларида халқимизга ҳақиқий таянч ва суянч бўлиб майдонга чиққан Қуролли Кучларимизнинг мард ва матонатли ҳарбий хизматчиларига, жонкуяр шифокорлар, бунёдкор қурувчилар, саховатли тадбиркорларимизга, илм-фан, маданият ва спорт соҳаси вакилларига, Ёшлар иттифоқининг фаол аъзоларига – барча Ўзбекистон ёшларига чин қалбимдан миннатдорчилик билдираман. 

Ватанимиз, эл-юртимиз сизлар каби фидойи ва жасур фарзандлари билан ҳамиша фахрланади!

Муҳтарам ёш дўстларим!

Бугунги кунда замонавий илм-фан ва юқори технологияларни мукаммал эгаллаш ҳар қандай давлат ва жамият тараққиётининг
ҳал қилувчи шартига айланиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Ана шу ҳақиқатни чуқур англаган ҳолда, биз навқирон авлодимизнинг ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан баркамол бўлиб вояга етиши учун бор куч ва имкониятларни сафарбар этмоқдамиз. 

Шу мақсадда улуғ алломаларимиз номидаги ихтисослаштирилган мактаблар, Инновацион ривожланиш вазирлиги қошида Ёшлар академияси, Фарғона шаҳрида “Лойиҳалар фабрикаси” фаолияти йўлга қўйилгани, Президент ва ижод мактаблари бўйича дастурларимиз изчил давом эттирилаётгани сизларга яхши маълум.

Иқтидорли ёшларни янада қўллаб-қувватлаш учун ҳар бир ҳудудда Ёшлар технопаркларини барпо этишни бошладик. Умумий қиймати 30 миллиард сўмдан ортиқ бўлган “Ёш олимлар” амалий ва инновацион лойиҳалар танлови эълон қилинди.

Карантин шароитига қарамасдан, 6 миллиондан ортиқ мактаб ўқувчилари, 468 минг талаба ўқув дастурларида белгиланган дарсларни ўз вақтида ва сифатли ўзлаштирди. “Оnline-maktab” лойиҳаси доирасида 17 та фан бўйича 4 мингдан ортиқ телемашғулотлар ўтказилди.

Бу жараёнга энг малакали педагоглар жалб этилди, жумладан, Тошкентдаги Президент мактабининг хорижлик мутахассислари томонидан ҳам маҳорат дарслари олиб борилди. Имконияти чекланган болаларни ўқитишга алоҳида эътибор қаратилиб, барча дарслар сурдопедагог ва сурдотаржимонлар томонидан тушунтириб борилди. 

Ўзбекистоннинг бу тажрибаси ЮНЕСКО, ЮНИСЕФ, Жаҳон банки каби халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилмоқда. 

Бугунги шиддатли замонда, глобал миқёсда рақобат кучайиб бораётган мураккаб вазиятда юксак интеллектуал салоҳиятга эга кадрларга эҳтиёж ҳар қачонгидан ҳам ортиб бормоқда. Шу боис биз ўз олдимизга қўйган улкан ва масъулиятли вазифалардан келиб чиқиб, мамлакатимиз олий таълим тизимида туб ўзгаришларни амалга оширмоқдамиз. 

Жумладан, кейинги уч йилда республикамиздаги олий ўқув юртлари сони 60 фоизга ошиб, 116 тага етди. Улар орасида нуфузли хорижий университетларнинг филиаллари борлиги алоҳида эътиборга лойиқ. Мамлакатимизда олий таълим муассасаларига қабул квоталари сони изчил ошириб борилмоқда. Агар 2016-2017 ўқув йилида бу рақам
58 мингтани ташкил этган бўлса, жорий йилда 150 мингтага етади. Яъни, бу йил мактаб битирувчиларининг 25 фоизи олий ўқув юртларида ўқиш имконига эга бўлади. Ҳолбуки, 2017 йилда бу рақам 9 фоизга тенг эди.

Миллат генофондини сақлаш ва давом эттиришнинг муҳим омили бўлган ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш масаласи доимо эътиборимиз марказида бўлиб келмоқда. Сўнгги уч йилда 2 минг 668 та ёш оилага уй-жой учун 121 миллиард 244 миллион сўм бошланғич тўлов маблағлари 20 йил давомида фоизсиз қайтариш шарти билан тўлаб берилди.

Барчамиз гувоҳмиз – бугун дунё мисли кўрилмаган суръатлар билан кескин ўзгариб бормоқда. Ижтимоий ҳаётимизда кўплаб ижобий жараёнлар билан бирга, ёш авлоднинг қалби ва онгини эгаллашга қаратилган маънавий таҳдидлар ҳам тобора хавфли тус олмоқда. 

Бундай мураккаб вазиятда фарзандларимизни зарарли таъсирлардан асраш, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшаш энг долзарб вазифамиз бўлиб қолмоқда. 

Ёшларимизни она Ватанимизга, мустақиллик ғояларига муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг истеъдод ва қобилиятини, эзгу интилишларини рўёбга чиқариш йўлида бошлаган катта ишларимизни бундан буён ҳам қатъият билан  давом эттирамиз. 

Айни шу мақсадда юртимизнинг барча вилоят ва туманларида, шаҳар ва қишлоқларимизда янги-янги таълим даргоҳлари, маданият ва санъат масканлари, спорт иншоотлари барпо этилиб, ёшлар ихтиёрига берилмоқда. 

Шулар қаторида пойтахтимизда бунёд этилган муҳташам “Ғалаба боғи”, “Шон-шараф” музейи, Тошкент шаҳрининг тарих музейи, бетакрор Адиблар хиёбони фарзандларимизни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида камол топтиришга хизмат қилиши шубҳасиз. 

Ёшларимизни жисмоний соғлом, маънавий етук инсонлар этиб тарбиялаш учун беш ижобий ташаббус доирасида кўплаб стадионлар, сув ҳавзалари, спорт мажмуалари ва саройлари барпо этилмоқда.

Энг муҳими, фарзандларимиз ўртасида спорт билан мунтазам шуғулланадиган, соғлом турмуш тарзини ўз ҳаётий мақсадига айлантирган йигит-қизлар сафи кенгайиб бормоқда. 

 

Қадрли ватандошлар!

Бугун жонажон Ўзбекистонимизда эркин ва обод, фаровон ҳаёт қуриш йўлида биз бошлаган улкан ишларни давом эттиришга қодир бўлган янги авлод шаклланмоқда. 

Азиз ўғил-қизларим, ҳеч қачон унутманг, халқимиз, Ватанимиз сизлардан буюк ишларни кутмоқда. 

Шу муқаддас ишонч ва масъулиятни ҳар томонлама оқлаш, унга муносиб бўлиш – дунёдаги энг улуғ бахтдир. Шундай бахт, шундай шараф барчангизга насиб этсин!

Сизларни севимли байрамингиз, азму шижоат, гўзаллик ва камолот айёми – Ёшлар куни билан яна бир бор самимий табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад тилайман.

 

 

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

 

ЎМИ матбуот хизмати

25 июнь куни дунёга машҳур Лондон Christie’s аукцион уйи Меҳмед Фотиҳ сифатида танилган усмонлилар Султони Меҳмед IIнинг асл портрети сотиш учун қўйилди. Портрет жуда кўп сабабларга кўра ноёбдир.
Исломосферанинг маълумотларига кўра, Усмонли империясининг энг нуфузли султони Меҳмед Фотиҳнинг портрети 1480 йилда италиялик рассом Жентиле Беллини томонидан қилинган.
Картина Меҳмед IIнинг ундан ташқари бошқа шахс бўлган ягона портретидир. Бу кимошди савдосидаги энг эътиборли ишлардан бири бўлади. Портрет 400,000 ва 600,000 фунт стерлинг атрофида туради (506 055 – 759 083 минг АҚШ доллари).
Christie’s нинг Исломий ва ҳинд санъати бўлими раҳбари Сара Пламблининг айтишича:
"Бу картина Константинополнинг фотиҳи Султон Меҳмеднинг учта портретидан биридир. Улар хусусий коллекционерларга тегишли ва шу кунгача сақланиб қолган. Бу жуда ноодатий портрет. Султоннинг ёнида яна бир арбобни кўрамиз. Ҳалигача бу одамнинг кимлигини ҳеч ким билмайди. Бу ҳақда бир неча тахминлар бор. Бир тахминга кўра, бу унинг учта ўғлидан бири, аммо улар орасидаги ёшнинг унчалик катта бўлмаган фарқи бу назарияга мос келмайди. Бошқа нуқтаи назарга кўра, бу киши соқоли олинган юзли ва терисининг оқ ранги туфайли Европа амалдорларидан бўлиши мумкин.
Бундан ташқари, Пламбли хоним иккинчи фигуранинг Султоннинг фигураси билан бир хил миқёсда тасвирланиши одатий амалиёт эмаслигини таъкидлади. "Агар бошқа фигура бўлса, у жуда муҳим шахс ёки Қирол оиласига мансуб шахс бўлиши керак", деди у.
Яна бир муҳим жиҳати шундаки, букартина Меҳмеднинг Фотиҳнинг сақланиб қолган учта портретидан биридир, бошқалари Лондон миллий галереясининг доимий коллексиясининг бир қисмидир.
21 ёшида Константинополни босиб олишдан ташқари, Меҳмед санъатга бўлган муҳаббати билан ҳам танилган. Унинг ўзи чизган ўхшаш портретлари бўлган. Бироқ, уларнинг қаерда жойлашгани маълум эмас.
Уйғониш даврига катта қизиқиш билан қараган Меҳмед II немис қироли Фредерик III дан унга яхши портрет чиза оладиган рассомини юборишни сўради. Натижада 1479 йилда италиялик рассом Жентиле Беллини (1429-1507) Истанбулга келди. Султон Беллинининг истеъдодига ишонч ҳосил қилиш учун ўз портретини чизишга рухсат беришдан олдин ундан саройда яшовчи одамларнинг портретларини чизишни сўради.
1480 йил 25 ноябрь санаси расмнинг пастки ўнг бурчагида лотин тилида ёзилган. 1481 йилгача Истанбулда қолган венециялик мусаввир Беллинининг энг муҳим асарларидан ҳисобланади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Аллоҳ таоло тақводор инсонлар ҳақида шундай марҳамат қилади: “Улар фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайр-садақа қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар.” ( Оли Имрон сураси 134-оят). Яъни тақводор инсонлар – булар ҳар қандай ҳолатда ҳам тўқликда ҳам, тангликда ҳам, қийинчиликда ҳам, енгилликда ҳам, соғликларида ҳам, касал бўлганларида ҳам ўз молларидан фақирларга садақа ва қариндошларга эса силаи раҳм қиладиганлардир. Улар  ўзлари кучли бўлсалар ҳам бировга озор бермаслик учун ғазабларини ютадиганлардир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Пахлавонлик тош кўтаришда эмас, балки кучлилик инсоннинг ғазаби келганида ўзини тия олишидадир”- дедилар”. (Имом Аҳмад ривояти)  Хориса ибн Қудома ас-Саъдий айтади: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Менга бир иш қилишни маслаҳат беринг!”- деб сўрадим. Шунда “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғазаб қилма!”- дедилар. (Имом Аҳмад ривояти) 

Ғазабнинг давоси ҳақида Утя бин Саъд ас-Саъдий розияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадис ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, ғазабланиш шайтондандир. Шайтон эса оловдан яратилган. Олов сув билан ўчади. Кимнинг ғазаби келса, у таҳорат олсин!”- дедилар”. (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти.) 

Тақводор инсонлар одамларнинг хато ва камчиликларини афв этадилар ҳамда уларга қилинган озорларини ўзларига қайтаришга имконлари бўлса ҳам, уларга илтифот қиладилар. Бу эса инсондаги ақл ва фикрнинг мулоҳазакорлиги, кучли ирода ва қувватга эгалигини намоён қилади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат кунида Нидо қилувчи: “Инсонларнинг хато ва камчиликларини афв этганлар қаерда? Роббингизнинг олдига шошилинглар, ажр (мукофот)ларингизни олинглар. Ҳар бир кечиримли олийжаноб мусулмоннинг жаннатга кириши ҳақдир”-деб айтади”- дедилар”.  (Табароний ва Ҳоким ривояти.) 

 (Ҳар қандай) ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаш ёмонликдир. Бас, кимки афв этиб (ўртани) тузатса, бас, унинг мукофоти Аллоҳ зиммасидадир”. ( Шўро сураси 40-оят). Адолат нуқтаи назаридан қараганда, ҳар қандай ўлчовда ўлчанмасин ёмонликнинг жазоси ана ўшандай ёмонлик, яхшиликнинг мукофоти худди шундай яхшилик бўлади. Агар шундай қилинса, уни ҳеч ким маломат қилмайди. Лекин агар ким ёмонлик ила зулм қилган кимсани афв этса, орадаги гиналарни унутиб, унга чиройли муомала қилса, унинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасида бўлиб, Аллоҳ таоло унга улуғ ажр беради. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бандасига унинг афви сабабли унга иззат-икромни кўпайтиради.”- дедилар.” (Имом Аҳмад, Муслим ва Термизий ривояти“Албатта, кимки (азиятларга) сабр қилса ва (Аллоҳ учун) кечириб юборса, албатта, бу пухта ишлардандир.” ( Шўро сураси 43-оят). 

 (Эй, Муҳаммад!) Иймон келтирган кишиларга айтинг, улар Аллоҳ кунлари(қиёмат)дан умид қилмайдиган кимсаларни кечириб юбораверсинлар! Шунда (У сабрли) кишиларни қилган ишлари (кечиришлари) сабабли мукофотлагай!” ( Жосия сураси 14-оят). Яъни эй Аллоҳнинг набийси Аллоҳ ва унинг расулини тасдиқлаганларга айтинг: “Улар Аллоҳнинг турли азоблари қоим бўладиган кундан қўрқмайдиган мушрикларнинг азиятларини афв этсин, кечирсин ва уларга сабр қилсинлар!” Шунда Аллоҳ таоло у мўминларни бу дунёда азиятларга сабр қилиб, ғазабларини ичларига ютиб, ёмонликлардан ўзларини сақлаб ва яхши амаллар қилганликлари сабабли мукофотлагай. Ва албатта, “Кимки яхшилик қилса, бас, ўзи учундир. Кимки ёмонлик қилса, бас, ўз зараригадир. Сўнгра Роббингиз ҳузурига қайтарилурсиз.” ( Жосия сураси 15-оят). 

Демак, юқоридаги оят ва ҳадислардан маълум бўладики, кечиримли бўлиш, ғазаби келганда ўзини тия олиш ва бошқаларнинг азиятларига сабр қилиш улкан ажр-у савобларга сабаб бўлади. Ҳаётимиз давомида бошқа инсонларга ғазаб қилмасдан, уларни камчиликларини кечириб, улар билан аҳил-иноқ яшар эканмиз ана ўша ҳадисда келтирилгандек ҳақиқий “паҳлавонлик” ҳисобланади. Инсонларга нисбатан кечиримли бўлсак, шояд Аллоҳ таоло бизнинг ҳам гуноҳларимизни кечиб юборса. Аллоҳ таоло барчаларимизни ҳаётимиз давомида Ўзининг динида бардавом бўлишимизни насиб этсин! Омийн! 

Жалолиддин Ҳамроқулов

Видеолавҳалар

Top