muslim.uz

muslim.uz

Бугун Бухоро вилоятининг «яшил» ҳудудида жойлашган 70 дан ортиқ масжидларда бомдод намози адо этилди.
 
Вилоятнинг «яшил» тоифадаги туманларида карантин даврида фаолият олиб бориш учун санитария нормалари асосида тайёргарлик ишлари бошлаб юборилган эди. Масжидлар махсус дезинфекция воситалари, пирометрлар билан таъминланди.
 
Масжидларда кунлик 5 вақт фарз намозлари ижтимоий масофани сақланган холда ўқилиши таъкидланмоқда. Жойларда фуқаролар орасидаги масофа 1,5-2 метр этиб белгиланган ҳолда (махсус чизиқлар ёрдамида катакларга ажратилган ҳолда) адо этилиши ўқтирилмокда.
 
photo_2020-06-08_12-18-42.jpg
 
Вилоятда 105 та масжид мавжуд. Республика комиссиясининг қарори билан «қизил» тоифага киритилган туманларда яъни Шофиркон туманидаги 9 та, Ғиждувон туманидаги 6 та, Когон туманидаги 4 та масжидларнинг фаолияти тўхтатилган.
 
Қолган масжидлар ҳам намозхонлар учун санитария-гигиена қоидаларини яратиши билан бирин-кетин очилишига рухсат берилади.
 
Зариф Комилов, ЎзА
 
Республика комиссиясининг қарорига кўра, 8 июндан юртимиздаги «яшил» тоифадаги туман ва шаҳарларда карантин қоидаларига амал қилган ҳолда масжидларда кунлик беш вақт фарз намозларини адо этишга рухсат берилди.
 
Бугун Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳри, Булунғур, Қўшработ, Нуробод, Каттақўрғон, Пахтачи, Нарпай туманларидаги 108 масжидда фуқаролар томонидан бомдод намози адо этилди.
 
photo_2020-06-08_10-46-27.jpg
 
– Мазкур масжидларда 5-7 июнь кунлари карантин даврида фаолият кўрсатиш бўйича зарур тайёргарлик юмушлари бажарилди – дейди Самарқанд вилояти бош имом хатиби З.Эшонқулов. – Биноларга кириш жойлари дезинфекцион воситалар ва пирометрлар билан таъминланди. Масжидлар ходимларига Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг карантин даврида масжидлар фаолиятини ташкил этиш юзасидан баёноти ҳамда масжид иш фаолиятини санитария-эпидемиологик қоидаларга мувофиқ юритиш ва фуқароларнинг масжидлардаги ибодатларини адо этиш учун зарур шарт-шароитларни ҳозирлаш тўғрисидаги буйруғи талаблари тушунтирилди.
 
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА

Бугун ўзгача кун. Бу куннинг шукуҳи бошқача. Бутун дунёга ўз таъсирини кўрсатаётган коронавирус пандемияси инсониятни катта синовдан ўтишига сабаб бўлмоқда. Маълумки, юртимизда ҳам касалликни кенг тарқалишини олдини олиш мақсадида жорий йилнинг 15 март санасидан карантин жорий этилган, шу боис масжидлар ҳам вақтинчалик фаолиятини тўхтатганди.

Аллоҳга чексиз шукроналар бўлсинки, юртимизда карантин чораларини босқичма-босқич равишда юмшатиб борилмоқда. Салкам уч ой вақт мобайнида жамоат намозларини интиқлик билан кутган мўмин-мусулмонлар учун бугун катта хурсандчилик бўлди десак, муболаға бўлмайди.

Айни вақтда Фарғона вилоятининг барча шаҳар ва туманлари “яшил” ҳудуд ҳисобланади. Республика махсус комиссиясининг қароридан келиб чиқиб, 5-8 июнь кунлари вилоятдаги барча масжидларда тайёргарлик ишлари олиб борилиб, белгиланган тартибда масжидлар намозхонларни қабул қилиш учун шай ҳолатга келтирилди.

Азон садолари ортидан масжид сари ошиққан мўмин-мусулмонлар белгиланган кўрсатмалар асосида намозгоҳга кириб, карантин тартиб-қоидаларига мувофиқ равишда бамдод намозини жамоат бўлиб адо этдилар.

Қалблари илоҳий муҳаббат ила тўлган мўмин-мусулмонлар кўзларида ёш билан дуога қўл очиб, юртимиз тинчлиги, халқмиз фаровонлиги, динимиз равнақи бундан-да юксалиши ҳамда коронавирус касаллигининг тез фурсатда бутунлай бартараф бўлишини сўраб Яратганга илтижо қилдилар.

 

Раҳматуллоҳ ЖАЛИЛОВ,
ЎМИ Фарғона вилояти вакиллиги ходими

Видеолавҳалар

Top