www.muslimuz

www.muslimuz

Пайғамбаримиз саллаллоху алайхи ва салламнинг суюкли саҳобаларидан Абу Дардо розияллоху анху барча намозларини Масжиди Набавияда, Расулуллоҳ саллаллоху алайхи ва салламнинг ортларида туриб ўқишга ҳаракат қилардилар. Шунинг учун масжидга эрта келиб, кеч қайтардилар.

Пайғамбаримиз саллаллоху алайхи ва салламнинг намоздан кейингги суҳбатларини диққат билан тинглардилар. Бироқ хурмо териш мавсуми бошланганида Абу Дардо розияллоху анху аввалгидан намозга кечроқ келиб, эртароқ кетадиган бўлдилар. Бу ҳол Пайғамбаримиз саллаллоху алайхи ва салламнинг диққатларини тортди. Абу Дардони ёнларига чақириб, сўрадилар: “Сизнинг масжидга келиб-кетишингизда бир ўзгариш кўраяпман, нима бўлди?”

Абу Дардо розияллоху анху бундай жавоб қилдилар:“Шу кунларда қўшнимизнинг хурмо дарахти меваларни тўка бошлади. Хурмолар бизнинг ҳовлига ҳам тушаяпти. Болаларим қўшнимдан бесўроқ еб қўйишмасин, деган хавотирдаман. Бомдодга келишдан олдин тўкилган хурмоларни тўплаб, қўшнимнинг боғидаги ўша дарахтнинг тагига тўкиб қўяман. Шу сабаб масжидга кеч келаяпман. Мен масжиддалигимда ҳам дарахтлардан хурмо тўкилади. Уларни йиғиб қўшнимизникига қўйиш учун шошиламан. Шундай қилсам, болаларим ҳаром емайди, қўшнимга ҳам зарар етмайди”. Расулуллоҳ саллаллоху алайхи ва саллам Абу Дардонинг бу сўзларидан мамнун бўлдилар ва унинг ҳаққига дуо қилдилар. Бу бир сахобаи икромнинг тарихларидан биргина мисол холос. Чунки ислом дини аввал бошиданоқ мусулмонман деган кишиларни ўзгалар ҳаққига хиёнат қилишдан, уни нохақ ейишдан, унга путир етказишдан қайтарган. Бунга ўхшаш мисоллардан юзлабини келтиришимиз мумкин. Лекин бизнинг асосий мақсадимиз мусулмон киши хеч қачон ўзгалар ҳаққига хиёнат қилмаслиги, молига, жонига, оиласига, шаънига, обрўсига тажовуз қилмаслигини эслатиш ва бугун нохақ қон тўкилишига, кўплаб бегунох кимсаларнинг бевақт ўлимига, мурғак гўдакларнинг етим бўлишию, ожиза аёлларнинг бева бўлишига сабаб бўлаётган, ва ўзларининг бу қилмишларини дин ниқоби билан беркитиб, қилаётган ишлари ислом динининг буйруғи ва ўзларини мусулмон деяётган нобакор кимсаларни ислом динига ва мусулмончиликка асло тўғри келмаслигани кўпчиликка билдириб қўйиш холос. Зеро муқаддас динимиз ислом инсонларни ҳамиша эзгуликка, ўзгаларга наф келтирувчи хайрли ва савоб ишларга чорлаб, зумлдан қайтаргани ҳеч кимга сир эмас. Аллоҳ барчаларимизни ҳақ йўлидан адаштирмасин.

Хўжаобод туман бош имом-хатиби Мақсудали домла Қосимов

Ҳаққингизни  унутмнаг!

Ҳар бир мусулмоннинг бошқа мусулмонларда бир қанча ҳақлари бордир. Баъзиларни амал қилиш учун ўрганиб чиқамиз.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Мусулмоннинг мусулмондаги ҳаққи олтитадир», дедилар.

«Улар, қайсилар, Эй Аллоҳнинг Расули,?» дейилди. «Қачон учратсанг, унга салом бер, қачон сени даъват қилса, унга жавоб бер, қачон сендан насиҳат сўраса, унга насиҳат қил, қачон акса урса ва Аллоҳга ҳамд айтса, унга яхшилик тила, қачон бемор бўлса, уни бориб кўр ва қачон вафот этса, ҳозир бўл», дедилар». Бешовлари ривоят қилган.
Термизийнинг ривоятида: «Мусулмоннинг мусулмонда маъруф йўли ила олти ҳақи бордир; уни учратса салом беради, даъват қилса унга ижобат қилади, акса урса унга яхшилик тилайди, вафот этса жанозасига эргашади, бемор бўлса бориб кўради ва ўзига яхши кўрган нарсани унга ҳам яхши кўради», дейилган. Ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган нарсалардан ҳозир биз ўрганаётган бобнинг айни мақсадидир.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу ҳадиси шарифларида ўз умматларига уларнинг бир-бирларидаги ҳақларини ўргатмоқдалар:

  1. Қачон учратсанг, унга салом бер.
    Икки мусулмон учрашганда уларнинг бирларида иккинчисига нисбатан салом бериш ҳақи бор. Улардан қай бири аввал салом берса, ўшаниси савобнинг кўпини олади ва ўз биродарига алик олишни фарз қилади. 
    Ҳа, салом бериш суннат бўлса, алик олиш фарздир. Ана шу тариқа жамият аъзолари ўртасида ўзаро муҳаббат ва ҳамкорлик ривожланади. Зеро фақат уришиб қолганларгина бир-бирлари билан саломлашмайдилар. Мусулмонлар эса ҳаммалари бир-бирлари билан саломлашишни ўзларига бошқаларнинг ҳақи деб англайдилар.
  2. Қачон сени даъват қилса, унга жавоб бер.
    Бирор муслмон маросим қилиб ўз биродарини ўша маросимга даъват қилса, ўша даъватга жавоб бериб, мазкур маросимга бормоқ ҳалиги мусулмон зиммасига ҳақ бўлиб тушади. Бу ҳам жамият аъзолари орасидаги ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича муҳим омилдир.
    Ҳанафий мазҳабида, номи валийма бўлса, унга қилинган даъватни қабул этиб, иштирок этиш учун бориш мандубдир, деганлар.
    Валийма - бир мусулмон киши ўзига етган хурсандчилик муносабти ила уюштирган зиёфатдир. Мусулмон инсон Аллоҳ таоло томонидан унга берилган маълум неъматга шукр қилиш маъносида хайри эҳсон бўлсин, дея дастурхон ёзиб, кўнгил яқин кишиларни даъват қилади. У шу билан ўзига етган неъмат, сурурга биродарларини шерик қилишни ўйлайди. Шунинг учун ҳам уларни даъват қилади. Албатта, ундоқ даъватни қабул қилиш лозим бўлади. Чунки, шу туфайли мусулмонлар орасида ижтимоий алоқалар ривожланади, мустаҳкамланади. Мусулмонлар орасида ҳамжиҳатлик кучаяди.
  3. Қачон сендан насиҳат сўраса, унга насиҳат қил.
    Албатта, ҳар бир киши ўз ҳаёти давомида турли туман муаммоларга дуч келиб туради. Бу муаммоларни ҳал қилишда унинг бир ўзи ожиз бўлиши ҳам турган гап. Шунинг учун у ўзгаларнинг маслаҳатига муҳтож бўлади. Ҳар ишнинг ўз мутахасиси бор. Улар ўз мутахасислигига оид масалаларни ҳал қилишда ўзгалардан яхшироқ мақеъга эгадир. Бошқалар ундан маслаҳат сўраганда тўғри маслаҳат бериш унинг зиммасидаги ҳақдир.
    Шунингдек, мусулмон киши илмли, таржибали килишалрнинг насиҳатига ҳам муҳтож бўлиб туради. Қачон бир мусулмон ўз биродаридан насиҳат сўраса, ўша сўралган мусулмонга насиҳат қилиш лозим бўлади.
    Бу омил ҳам ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилиши турган гап.
  4. Қачон акса урса ва Аллоҳга ҳамд айтса, унга яхшилик тила. 
    Ҳар бир мусулмон акса урганида «алҳамду лиллаҳ» дейиши лозим. Унинг акса уриб, ҳамд айтганини эшитган мусулмон биродарига эса унга «ярҳамукаллоҳу»-Аллоҳ сенга раҳм қилсин, деб яхшилик тиламоғи бурчдир.
    Сиртдан арзимайдиганга ўхшаб кўринадиган бу ишга Ислом алоҳида эътибор бериши ҳам кишилар ўртасидаги ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга омил бўлиши турган гап.
  5. Қачон бемор бўлса, уни бориб кўр.
    Бемор бўлган мусулмоннинг бошқа мусулмонлар устидан ҳаққи бор экан. У ҳам бўлса улар келиб беморни зиёрат қилиб кўриб, кўнгил сўраб, ҳаққига дуо қилиб кетишлари экан.
    Ушбу ҳадиси шариф ҳукми бўйича бемор бўлган мусулмон ҳақида хабар эшитган бошқа мусулмонлар уни бориб кўришлари бемор олдида бурчлари ҳисобланар экан.
  6. Қачон вафот этса, ҳозир бўл.
    Ажали етиб вафот этган мусулмонни шариат аҳкомларига мувофиқ дафн қилиш бошқа мусулмонлар зиммасидаги фарзи кифоядир. Улардан бир қисми бу ишни амалга оширсалар, мазкур фарз қолганларнинг зиммасидан ҳам соқит бўлади. Шунинг учун бирор мусулмоннинг вафоти ҳақидаги хабарни эшитган ҳар бир мусулмон иложи борича жанозага қатнашмоғи лозимдир.
  7. Ўзига яхши кўрган нарсани, унга ҳам яхши кўради.
    Мусулмон шахс учун ўзига яхши кўрган нарсани ўз диндошларига ҳам яхши кўрмоқ унинг уларнинг олдидаги бурчидир. 
    Ўзига яхши кўрган нарсани ўз диндошларига ҳам яхши кўрмоқ эса жамият аъзоларига ҳам, жамиятга ҳам, бутун инсониятга ҳам кони фойдадир.
  8. Ўзига ёмон кўрган нарсани, биродарига ҳам ёмон кўради.
    Бу ҳақ аввалги гапдан келиб чиққан. Мусулмон ўзига яхши кўрган нарсани, биродарига ҳам яхши кўриши лозим бўлганидек, ўзига ёмон кўрган нарсани, биродарига ҳам ёмон кўриши лозим бўлади.
  9. Мусулмонлардан бирортасига ҳам на гап ва на амал билан озор етказмаслик.
    Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган одамдир. Муҳожир Аллоҳ қайтарган нарсадан (ҳижратда) узоқда бўлган одамдир», дедилар».Бешовлари ривоят қилган.
    Термизий ва Насаийлар: «Мўмин одамлар унга қонлари ва молларини ишонган одамдир» жумласини зиёда қилганлар.
    «Тилидан ва қўлидан» дейилганда фақат шу икки аъзони кўзда тутилган эмас. Одатда кўпроқ одамларга тил ва қўлдан зарар, озор етади. Аммо бундан бошқа услуб ва йўллар билан ҳам озор бериш мумкин эмас. Ким бу ишни қилса мусулмонлик фазлини йўқотади.
    Энди, Термизий ва Насаий ривоятларида келган: «Мўмин одамлар унга қонлари ва молларини ишонган одамдир», деган таърифга тўхталайлик. 
    Иймон-мўмин, сўзлари «амн» - омонлик, ишончли маъноларини англатади. «Мўмин» сўзи бизда ювош - хушфеъл маъносида ишлатилиши ҳам шундан. Мўмин одам доимо тинчлик, омонлик тарафдори бўлганидан одамлар унга ўта ишониб қоладилар. Яъни, ўз жонлари ва молу-мулкларига мўминдан ёмонлик етмаслигига ишончлари комил бўлади.
    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Иймон етмиш нечта ёки олтмиш нечта шўъбадан иборатдир. Унинг энг афзали «Лаа Илаҳа Иллаллоҳ» демоқлик ва энг кичиги, йўлдаги озор берадиган нарсани олиб ташлаш. Ҳаё, иймоннинг шўъбасидир», дедилар».

10. Ҳар бир мусулмонга нисбатан тавозуъли бўлиш, улардан бирортасига мутакаббирлик қилмаслик.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Садақа молни ноқис қилмас. Аллоҳ авф ила бандага иззатдан бошқани зиёда қилмас. Ким Аллоҳ учун тавозуъ қилса, албатта, Аллоҳ уни юқорилатмай қўймас», дедилар».Муслим ва Термизий ривоят қилган.
Ибн Абу Дунёнинг ривоятда: «Тавозуъ бандага юқориликдан бошқани зиёда қилмас. Бас, тавозуъ қилинг! Аллоҳ сизни юқорилатур. Афв бандага иззатдан бошқани зиёда қилмас. Бас, афв қилинг! Аллоҳ сизни азиз қилур. Садақа молга кўпайишдан бошқани зиёда қилмас. Бас, садақа қилинг! Аллоҳ азза ва жалла сизга раҳм қилур», дейилган.  
Олий мақомга етай десак, тавозуълик бўлайлик.    
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Албатта, Аллоҳ сизлардан жоҳилиятнинг кибрини ва ота-боболар ила фахрланишини кетказгандир. Тақводор мўмин ёки бадбахт фожир бўлиши мумкин. Сизлар Одам болаларисиз. Одам эса тупроқдандир. Кишилар қавмлар билан фахрланишларини қўйсинлар. Улар жаҳаннам кўмиридан бир кўмир бўлишдан ўзга эмаслар. Бўлмаса улар Аллоҳ учун тумшуғи ила гўнг титадиган сассиқ қўнғиздан ҳам пастроқ бўлурлар», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.       
Иёз ибн Ҳимор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ менга «Тавозуъ қилинглар. Токи биров бировга тажовуз қилмасин ва биров бировдан фахрланмасин», деди», дедилар». Абу Довуд ва Муслим ривоят қилган.      
Демак, тавозуъ кишилар орасида, барча жамиятларда таовуз қилиш ва фахрланиш орқали содир бўладиган барча нохушликларнинг олдини олар экан.

11. Мусулмон киши бировнинг ғийбатига қулоқ солмаслиги ва ўзи бировни ғайбат қилмаслиги керак.
Аллоҳ таоло «Ҳужурот» сурасида: «Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмлидир», деган (12- оят).
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг асҳобларимдан бирортаси бошқа бир киши ҳақида гап етказмасин. Мен сизларнинг ҳузурингизга кўксим саломат ҳолимда чиқишни истайман», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Гуноҳи кабираларнинг каттаси бир одамнинг мусулмон кишининг обрўсига ноҳақдан тил тегизишидир. Бир сўкишга икки сўкиш ҳам гуноҳи кабиралардандир», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган.
Муставрид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир кишини ғийбат қилиб бирор нарса еса Аллоҳ уни жаҳаннамдан худди ўшанча таомлантиради. Ким бир кишини ғийбат қилиб бирор нарса кийса Аллоҳ унга жаҳаннамдан худди ўшанча нарса кийдиради. Ким бир кишини шуҳрат ва риё учун ғийбат қилса Аллоҳ уни қиёмат куни шуҳрат ва риё учун шарманда қилади», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган.

12. Ўзининг аччиғини чиқарган танишларидан уч кундан ортиқ аразламайди.
Исломда биров билан сўкишиш, уришиш, жанжал қилиш гуноҳ ҳисобланади. Бандачилик билан гуноҳкор бўлиб уришиб, жанжаллашганларнинг бир-бирига адоват сақлаб аразлашиб юришлари гуноҳ устига гуноҳдир. Аччиғи чиққанда ўзига келиши учун уришган тарафларга уч кун муҳлат берилган. Ўша муҳлатдан кейин ҳам аразлашиб, бир-бирини кўрганда юз ўгириб кетишлик ҳаромдир. Ўртада юзага келган ноқулай ҳолатдан чиқишни ўз бўйнига олиб қарши томонга биринчи салом берган одам яхши одам бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин мўминдан уч кундан ортиқ аразлаши ҳалол эмас. Агар у уч кунни ўтказган бўлса, ўша билан учрашиб, салом берсин. Агар унинг саломига алик қайтарса, иккилари ажрга шерик бўладилар. Агар саломга алик қайтармаса, у гуноҳни ўзига олган бўлади. Мусулмон эса аразлашдан чиқади», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонга ўз биродаридан уч кундан ортиқ аразлаш ҳалол эмас. Ким ўшандан ортиқ аразлаб туриб ўлиб қолса, дўзахга киради», дедилар».Абу Довуд ривоят қилган.

 

Руҳий тарбия китобидан

 

Понедельник, 24 Июнь 2019 00:00

МАҚТОВГА ЎЧ БЎЛМАНГ

Мақтовлар одамга хуш ёқадиган, аммо саломатликни издан чиқарадиган, руҳиятни айнитадиган иллатдир. Уни хуш кўрадиганлар, бир фурсат хузур топгандай бўладилар.

Аслида мақтовларни эшитаётган чоғда юракнинг ўйноғи бошланади. Юрак қон-томир тизимидаги ўзгариш бутун вужудга тарқалиб, энг аввало, жигар фаолиятини бузади. Бундан бош оғриғи бошланади. Хаттоки, талоқнинг шамоллаши, асаб толаларининг мўртлашуви рўй беради. Овқат ҳазм бўлиши кийинлашиб, асабийлик ҳолати кучаяди.

Айниқса, аёллар мақтовга ўч бўлмасликлари керак. Чунки мақтовлар, лаганбардорлик билан айтилган ширин сўзлар одамни инжиқ ва иззатталаб қилиб қўяди. Инжиқ одамга ҳеч ким ва ҳеч нима ёқмайди. Унинг баданига турли-туман ҳасталиклар жамлана бошлайди. Шу боисдан улар саломат бўла олмайдилар.

Ким сизни мақтай бошласа, бундай суҳбатдан ўзингизни нарироқ олинг. Улар аслида, руҳиятни издан чиқариб, танага кўринмас заҳматларни хавфли рақиблардир. Сизни манман ва мақтанчоқликка мойиллаштириб қўйиши ҳеч гап эмас.

Мақтанчоқлар ўз соғлиги ҳақида қайғура олмайдилар. Кўпдан-кўп бош оғриғи ва қон босими ҳасталикларидан қийналиб яшайдилар. Уларнинг чирой-чиммати ҳам йўқола боради. Бошқаларнинг берган тўғри маслаҳатларини ҳам қабул қилмайдилар ва дўстларни ҳам қабул қилмайдилар ва дўстларни ҳам душман деб ўйлайдилар. Ўзига мақтов айтган одамнигина дўст деб биладилар. Уларнинг юраги , ошқозони, жигари, талоғи хастадир. Сал нарсага жаҳли чиқиб, атрофидаги одамларни ҳам хуноб қилиб ташлайди. Мақтовни ёки ширин сўзларни тўғри қабул қилмоқ учун кўнгил гавҳарини тиниқ сақламоқ керак.

Руҳий покланишни билинг

Мен сендан зўрман ва зўрлигимни кўрсатиб қўяман, тарзида иш тутишдан қон босими кўтарилиб, мия зўриқиб ишлайди. Бундай паллада жигар, юрак, буйрак каби аъзоларнинг фаолиятида кескин ўзгариш, зўриқиш рўй беради. Уларнинг фаолиятини ўз маромига қайтариш осон кечмайди. Руҳиятга берилган зўриқиш турли-туман касалликларни қўзғаб, биринчи навбатда юракни ҳижил қилади, ақл-заковатни ўтмаслаштиради. Оғир-босиқлик бу қўрқоқлик эмас, доноликдир.

Убайдуллоҳ Тўрақулов Булоқбоши тумани “Кулла” жоме масжиди имом-ноиби

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилдилар: «Қибтийлар учун хайр сўрангиз…»

Морийа ал-Қибтийнинг номи ўз даврида мўминларнинг кўнгилларига фараҳ бахш этган. Бу ном тарихда абадийлашгандир. Аллоҳ таоло ундан рози бўлсин.

Тарихда машҳур бўлишига қарамай, у ҳақда жуда кам ёзилган. Тарихий манбаларда шахсиятини ойдинлатувчи маълумотлар деярли учрамайди.

Элчиликлар

Ҳазрати Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳижратларининг 6-йилида Ислом дини Араб ярим оролининг деярли барча ҳудудига ёйилган эди. Қурайшийлар билан Ҳудайбия битими тузилган йили, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Эрон ҳукмдори Қисро, Рум ҳукмдори Қайсар, Ҳабашистон подшоҳи Нажоший, Қибтийлар улуғи Мукавкис ва яна бир қанча давлат раисларини Исломга даъват этиб, элчилар юбордилар. Қибтийлар шоҳи ҳузурига Хатиб ибн Аби Балтаа (розийаллоҳу анҳу) элчи бўлиб борди. Мукавкис уни яхши кутиб олди. Мактубини ўқиди. Яхши муомалада бўлиб, иззат-икромлар қилди. Аммо Исломга кириш даъватини қабул қилмади. Хатиб (розийаллоҳу анҳу) кетишидан олдин, ҳукмдор унга қимматбаҳо совғалар бериб, кузатди. Хатиб (розийаллоҳу анҳу) бу қимматбаҳо ҳадяларни Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) етказиш учун йўлга чиқди.

Насаби

Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) юборилган ҳадялар ичида Мукавкиснинг жорияларидан Морийа ва унинг синглиси Сирин, минг мисқол олтин, йигирма тўп мато, Дулдул лақабли хачир, Офир деган эшак ва Мабур исмли қари қул ҳам бор эди.

Морийанинг отаси Шамъун мисрлик қибтийлардан бўлиб, онаси Рум аслзодаларидан эди.

Морийа оқ танли ва жингалак сочли бўлиб, тана оқлиги онасидан, сочининг жингалаклиги отасидан ўтганди. Хушқомат ва гўзал юзли эди.

Морийа синглиси Сирин ва Мабур билан бирга Хатиб ибн Балтаа ҳимоясида Аллоҳ унга тайёрлаган яхшилиқдан хабарсиз ҳолда Искандарийадан Мадина томон йўлга чиқди…

Келгуси ҳаётини ўйлаб юраги сиқилар, қаерга кетаёттанини билмасди. Хатиб уни қийнаётган саволларга жавоб топишга ҳаракат қилар, унга тасалли берарди. Морийа Ислом дини ҳақида Хатибдан эшитиб, Аллоҳ таолога, Пайғамбаримизга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) имон келтирди. Синглиси Сирин ҳам у билан бирга ҳидоят йўлини танлади. Аммо Мабур Мадинага келиб, Расулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўрмагунича имон келтирмади.

Мадинада

Карвон Мадинага кириб келди. Хатиб Мукавкиснинг мактуби ва ҳадяларни Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) топширди.

Морийа Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўп марҳаматлар кўрди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни жория этиб, Мадинанинг Олийа деган чекка маҳалласидан жой ажратиб бердилар.

* * *

Ҳижрий 8 йилнинг илк ойларида Морийанинг ҳомиладорлиги маълум бўлди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) энди уни тез-тез зиёрат қилиб турадиган бўлдилар. Ой-куни тўлиб, Морийа ўғил кўрди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жуда хурсанд бўлдилар. Чақалоққа эса Иброҳим деб исм қўйдилар. Суюнчисига бир қулни озод этдилар. Чақалоқ эмизиш учун Мунзир ибн Зайд ибн Нажжорнинг қизи Умму Бурдага топширилди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Иброҳимни жуда-жуда севардилар. Қаерга борсалар уни ҳам қучоқларида қўтариб юрар, ҳатто бошқа завжаларининг хоналарига хам олиб борардилар.

Иброҳимни уларга яқин тутиб, эркалатиб меҳр билан:

— Қаранг… Уни худди мендан олинган бир парчага ўхшамайдими? — дер эдилар.

Иброҳимнинг туғилиши онаси Морийанинг озод этилишига сабаб бўлди.

Расулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Уни ўғли озод этди», деб марҳамат қилдилар.

Сабрли Морийа

Чақалоқнинг туғилиши мўминлар оналарининг айримларида рашк туйғуларининг кучайишига туртки бўлди. Охир-оқибат Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):

— Морийани нафсимга ҳаром қилдим, — дейишга ҳам мажбур бўлдилар.

Морийа бу сўздан ранжимади, аксинча сабр қилди. Шунда Аллоҳ таолонинг ушбу ояти нозил бўлди:

«Эй пайғамбарнега снз жуфтларингаз розилигани истабАллоҳ сиз учун ҳалол қилганнарсани (ўзингизга) ҳаром қилиб олурсиз?! Аллоҳ мағфиратлимеҳрибондир» (Таҳрим, 1).

* * *

Тасалли, умид ва севинч булоғи бўлган чақалоқ Иброҳим Ҳазрати Морийанинг уйида ўн олти ой яшади. Бир ярим ёшли жажжи Иброҳим ёмон бир дардга чалинди. Онаси Морийа ва холаси Сирин уни меҳр билан парвариш қилдилар. Аммо касаллик уни тарк этмади. Ниҳоят, юзида ўлим кўланкаси кўрина бошлади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жуда қайғурдилар. Аввал ҳис қилмагани бир сиқинти юракларини оғритди. Беҳол бўлишларига қарамай, асҳобдан бир кишига суяниб, Морийанинг уйига келдилар.

Иброҳим йиғлаётган Мориянинг қучоғида сўнгги нафасларини олаётган эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шафқат билан уни қўлларига олдилар. Музтариб қалбларини тинчлантириш учун уни бағирларига босдилар: «Ё Иброҳим, биз сенинг Аллоҳ таоло ҳузурига кетишингга ҳеч қандай тўсиқ бўлолмаймиз», дедилар ва кўзларидан ёш оқа бошлади. Морийа ўзини тутолмай, фарёд чеқди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни тўхтатмадилар. Қучоқларидаги жигарпораларига қарадилар. У унсиз ва ҳаракатсиз эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ё Иброҳим, агар бу ҳақиқий иш, тўғри ваъда бўлмаганида ва биздан кейин келганлар олдин келганлардан ўрнак олмаганида, сенга бундан ҳам аламлироқ шаклда қайғурар эдик», деб марҳамат қилдилар.

Бу сўзлар бечора Морийага бир оз тасалли бергандек бўлди. У кўз ёшларини артди ва шундай деди: «Кўз қайноқ ёш оқизади, қалб қайғуради. Аммо биз Аллоҳ таолони хушнуд этувчи сўздан бошқасини айтмаймиз. Ё Иброҳим, биз сенинг ўлимингга чиндан ҳам жуда-жуда қайғуряпмиз…».

* * *

Бақиъ қабристонига бордилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жаноза намозини ўқидилар ва Иброҳим шу ерга дафн этилди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир неча сония қабр тепасида турдилар. Бўғизларидан чиқаётган сўзларни зўрға талқин қилдилар: «Раббим Аллоҳ, отам Расулуллоҳ, диним Ислом…», дегин».

Вафоти

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Рафиқи Аъло ҳузурига кетганларидан сўнг, халифалар Морийанинг мавқеини сақлаб, Байтулмолдан унга маош тайинладилар. Ҳазрати Абу Бакр ва Ҳазрати Умар (розийаллоҳу анҳум) Пайғамбаримизга бўлган садоқатлари туфайли уни эъзоз қилишар, ҳол-аҳволини сўраб, бориб турар эдилар.

* * *

Ҳазрати Морийа ҳижратнинг 16-йили касалликка чалинди. Шифо топмай, охири жон таслим қилди. Бундан ҳамма қайғурди. Халифа Ҳазрати Умар (розийаллоҳу анҳу) инсонларни йиғдилар ва жанозасини ўқидилар. Морийа (розийаллоҳу анҳу) ҳам Бақиъ қабристонига дафн этилди.

Аллоҳ таоло унга чексиз раҳмат эҳсон қилсин, ундан рози бўлсин. Омин.

Қаҳрамон мўмина аёллар («Мовароуннаҳр», Тошкент, 2005.

Муаллифлар: Аҳмад Абдулжавод, Муҳаммад Умар Дауқ, Муҳаммад Али Қутб)

 Ақдас Шоҳ Ҳаким Муҳаммад Ахтар раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

 

مَا مِنْ عَبْدٍ مُؤْمِنٍ يَخْرُجُ مِنْ عَيْنَيْهِ دُمُوعٌ، وَإِنْ كَانَ مِثْلَ رَأْسِ الذُّبَابِ، مِنْ خَشْيَةِ اللَّهِ، ثُمَّ تُصِيبُ شَيْئًا مِنْ حُرِّ وَجْهِهِ، إِلَّا حَرَّممَهُ اللَّهُ عَلَى النَّارِ

 

Яъни: “Бирор мўъмин банданинг кўзларидан Аллоҳдан қўрқиб ёшлар чиқса, хоҳ у пашшанинг боши миқдорича бўлсин, сўнг унинг юзига бироз бўлса ҳам тегса, Аллоҳ таъоло уни дўзах оловига ҳаром қилади” дедилар. (Ибн Можа ривояти).

Шунга кўра, агар пашшанинг боши миқдорича бўлса ҳам кўз ёш чиқса, уни бутун юзингизга суриб олинг. Мен қайта-қайта шайхим Шоҳ Абдулғаний Соҳиб Пҳулпури раҳматуллоҳи алайҳни кўрдимки, доимо кўз ёшларини кафтларига теккизиб олиб, кейин бутун юзлари ва соқолларига суриб олганлар ва шундай деганлар: Мен ўзимнинг шайхим Ҳакимул уммат Таҳановий раҳматуллоҳи алайҳни доимо шундай қилаётганларини кўрдим. Қачонки, Аллоҳдан қўрқув ёки муҳаббат сабабли кўз ёшлари чиқса, кафтларига теккизиб, уларни бутун юзларига суриб олганлар. Чунки, ривоятда келдики, Аллоҳдан қўрқув ёки муҳаббат сабабли чиққан кўз ёшлар қаерга тегса, дўзах олови ўша жойга ҳаром бўлади. Хоҳ у кўз ёши пашшанинг боши миқдорича бўлса ҳам гуноҳлар мағфиратига сабаб бўлади.

 

Тошкент шаҳар “Ҳазрати Али” жоме масжиди имом ноиби

Абдулқайюм Ғофуров таржимаси

Мақолалар

Top