Мақолалар

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) буюк намуна

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ҳудайбиядан қайтиб келганларидан сўнг, 6-йилнинг охирларида подшоҳларни Исломга даъват қилиб, мактублар йўлладилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) асҳоблари орасидан билим ва тажрибага эга бўлган кишиларни танлаб олиб, уларни подшоҳлар ҳузурига элчи сифатида юбордилар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг подшоҳ ва амирларга ёзилган мактубларининг матнлари орасидаги фарқлар ўрганилиб, қуйидагилар келтирилади:

  1. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг мактубларини аксарида
    « من محمد رسول الله إلى فلان» — «Муҳаммад Расулуллоҳдан фалончига» деган калималар билан бошланар эди. Масалан, Форс ҳукмдори Кисрога ёзилган мактубда —

«من محمد رسول الله إلى كسرى عظيم فارس» – «Аллоҳнинг элчиси Муҳаммад Расулуллоҳдан Форснинг буюк ҳукмдори Кисрога» деб битилган эди. Гоҳида эса « هذا كتاب» — «Бу мактуб» деган лафз билан кириш қилинар эди. Масалан, Ҳабашистон подшоҳи Нажошийгага ёзилган мактубда
« بسم الله الرحمن الرحيم هذا كتاب من محمد رسول الله إلى النجاشي » — «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Бу Муҳаммад Расулуллоҳнинг Ҳабашистон подшоси Асҳама Нажошийга мактубидир», деб бошланган эди.

  1. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг подшоҳ ва амирларга ёзилган мактубларининг аввалида мусулмонларга салом билан бошлар эдилар. Масалан, Баҳрайн ҳокими Мунзир ибн Совийга ёзилган мактубда «سلام عليك» — «Сизга салом бўлсин», деб келтирилган. Гоҳида Ҳабашистон подшоҳи Нажошийгага ёзилган мактубда

«السلام على من آمن بالله ورسوله» — «Аллоҳ ва Расулига имон келтирган кишиларга салом бўлсин», деб ҳам бошланган. Мушрикларга нисбатан эса бундай «سلام على من اتبع الهدى» — «Ҳидоятга эргашганларга салом бўлсин», деган лафзлар билан бошланган. Масалан, Миср подшоси Муқавқисга, Форс ҳукмдори Кисрога, Рум подшоси Қайсарга, Ямома ҳокими Ҳавза ибн Алийга, Дамашқ ҳокими Ҳорис ибн Абу Шамир ал-Ғассонийга ва Умон подшоҳлари ҳисобланган Жуландий ўғиллари Жайфар ва Абдга ёзилган мактубларда шундай келтирилган.

  1. Кўпинча мактубларда подшоҳларнинг исми тўғридан-тўғри келтирилган, баъзи ҳолларда эса уларни шуҳрати олдин зикр қилиниб, кейин исми келтирилган. Масалан: Ҳабашистон подшоҳи Нажошийга ёзилган мактубда — الأصحم عظيم الحبشة — “Ҳабашистоннинг буюк подшоси Асҳама” деб келтирилган; Миср подшоси Муқавқисга ёзилган мактубда — المقوقس عظيم القبط – «Қибтнинг буюк ҳукмдори Муқавқис» деб келтирилган; Форс ҳукмдори Кисрога ёзилган мактубда — كسرى عظيم فارس – «Форснинг буюк ҳукмдори Кисро» деб келтирилган; Рум подшоси Қайсарга ёзилган мактубда — هرقل عظيم الروم – «Румнинг буюк ҳукмдори Ҳирақл» деб келтирилган.
  2. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) баъзи ҳолларда ўзларини якка ҳолда зикр қилган бўлсалар, масалан: «أنا» — «мен», «لي» — «мен учун», «جاءني» — «менга келишича», «وفد عليَّ» — «менга юборилган» каби шунга ўхшаш лафзлар билан, баъзи ҳолларда ўзларини жаъм ҳолида зикр қилганлар, масалан: «بلغنا» — «бизга юборилган», «جاءنا» — «бизга келган» ва шу каби лафзлар билан мактубларда келтирилган.
  3. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг подшоҳ ва амирларга ёзилган мактубларининг аввалида саломдан сўнг, Аллоҳ таъолога ҳамд айтилган. Масалан, Баҳрайн ҳокими Мунзир ибн Совийга ёзилган мактубда «فإني أحمد إليك الله الذي لا إله إلا هو» — «Мен сизга Ундан ўзга барҳақ маъбуд йўқ бўлган ягона Аллоҳни мақтайман», деган сўзлар билан келтирилган. Баъзи мактубларида эса ҳамд лафзлари келтирилмаган.
    Гоҳо ҳамддан сўнг шаҳодат айтилган. Масалан, Баҳрайн ҳокими Мунзир ибн Совийга ёзилган мактубда

« وأشهد أن محمداً عبده ورسوله» — «Муҳаммад Аллоҳнинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман» деган сўзлар билан ёзилган. Гоҳида эса мактубларида ташаҳҳуд лафзлари айтилмаган.
Мактубни кириш қисмидан сўнг асосий қисмга баъзида «أما بعد» — «Аммо баъд» лафзи билан билан ўтилган. Масалан, Миср подшоси Муқавқисга ва Умон подшоҳлари ҳисобланган Жуландий ўғиллари Жайфар ва Абдга ёзилган мактубларда шундай келтирилган.

  1. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг подшоҳ ва амирларга ёзилган мактубларининг хотимасида мусулмонларга нисбатан баъзида тўлиқ салом билан тугалланган «والسلام عليك ورحمة الله وبركاته» каби. Гоҳида эса қисқача салом лафзи билан тугатилган. Мушрикларга нисбатан эса бундай « والسلام على من اتبع الهدى» — «Ҳидоятга эргашганларга салом бўлсин» — деган лафзлар билан тамомланган. Гоҳида салом лафзи мактуб сўнгида тушириб қолдирилган.

Хулосада шуни айтиш керакки, инсонлар ичра элчиликка танланган бу буюк зот ўз устиларига юкланган бу маъсулиятни, Ислом даъватини халқларга етказиш, Тавҳид байроғини дунё узра баланд кўтаришдек вазифани чуқур ҳис этдилар. Аллоҳ таоло тарафидан ато этилмиш чуқур зеҳн, фаҳму фаросат соҳиби бўлган Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) имкони борича энг қулай ва энг енгил услублар билан муомала ва музокаралар юритдилар. Бу ғоятда кучли ва аниқ, нозик муносабатлар мисолларини, Ҳудайбия сулҳи, бошқалар билан олиб борилган алоқалар, элчилар жўнатилиши Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) буюк намуна, Аллоҳ таоло ато этган нубувват, Китоб ва Ҳикмат билан алоҳида-алоҳида, тафриқада, нафсу хоҳишларига қул бўлган ҳолида жоҳилий турмуш тарзи билан ҳаёт кечираётган араб қабилаларини ягона Ислом умматига бирлаштира олдилар. Араб уммати тафриқа ва бебошликдан сўнг, ягона умматга бирлашди. Ва Ислом шу уммати келажакда келадиган бошқа дунё халқларига ўрнак-ибрат бўлиб қолди. Бу ҳақда оламлар Раббиси ўзи ҳам шундай шоҳидлик берган: ‹‹Сиз одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. Амри маъруф қиласиз, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз››.

 

Н.Ғофурова,

 Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом  

билим юрти мударрисаси

 

Read 5701 times

Мақолалар

Top