Мақолалар

Чўмилишга борганда ...

Ҳозир ёз фасли. Ҳамма ўзини ҳавоси салқин бўлган дам олиш масканларига урган. Шундай жойларга борганлар у ердаги манзарани яхши билишади. Дам олишга оилавий ёки дўстлари билан борганларнинг кўплари ўша ерда чўмилишади.

Эри эркаклар кийиниш хонасига, аёли аёллар кийиниш хонасига кириб, либосларини алмаштириб, чўмилиш кийимларни кийиб ташқарига, одамлар олдига чиқишади.

Айрим эркак киши ўз аҳли аёлининг бутун бадани очиқ ҳолда бегона эркаклар олдида сувга тушишига бепарволарча муносабатда бўлади. “Аёлим ва фарзандларим дам олишяпти” деган ўйда бўлади.

Наҳотки, кўп эрлар ўз жуфту ҳалолларининг бегона эркаклар олдида ярим-ялонғоч ҳолда юришига қўйиб берса?!

Наҳотки, эрнинг виждони шу манзарани кўтарса?!

Наҳотки, ўзини мусулмонман деган кимса шу аҳволга рози бўлса?!

Чўмилиш асносида кўп аёлларнинг бегона эркаклар танасига кўзлари тушади, эркакларнинг эса аёлларга кўзлари тушади. Эркаклар бошқа аёлларга суқланиб қарайди. Ўзининг аёлига бошқалар қараётганини билса-да, бу ҳолатга бепарволарча қарайди.

Шу ҳолат Исломга тўғри келадими?! Мусулмон одам шундай бўладими?! Рашк, ҳамият, қизғониш деган туйғу борми шундай одамларда?! Аёл кишида иффат, уят, ҳаё деган тушунчалар мавжудми?!

Энди савол: ўша оила уйида чўмилиш кийимида юрадими?! Эри ҳам калта иштонда юрадими?! Болаларичи?! Улар ҳам ота-оналари ёнида ички кийимларда юришадими?!

Агар аёл киши уйида чўмилмоқчи бўлса, ҳаммомга киришдан олдин устига енгилроқ халат ташлаб олади. Эр ҳам устини ёпиб, кейин ҳаммомга киради. Улар фарзандлари олдида ярим-ялонғоч ҳолда кўринишга уялади. Ҳатто эр-хотин бир-бирига ярим-ялонғоч ҳолда кўринишга ийманиб, устларига бирор кийим ташлаб олади.

Аммо омма олдидачи?!

Нега уйларида қилишга уялган ишларини одамлар олдида қилишдан уялмайдилар?!

Фарзандлари олдида ялонғоч юришга уялмайдиларми?!

Бегоналар кўз ўнгида уйда ётганда ҳам кийиб ётилмайдиган либосларда юришга уялмайдиларми?!

Она ўғиллари кўз олдида танасини очиб юришга ҳаё қилиши керак эмасми?!

Ота қизлари ёнида танасини беркитиб, сонларини, тиззаларини ёпиб юриши керак эмасми?!

Биз қачон шундай аҳволга тушиб қолдик?!

Инсон нима учун уялмай қўяди? Ҳаёси қачон йўқолади?

Уламоларимиз ҳаёнинг йўқолиш сабабларидан энг каттаси сифатида имоннинг заифлиги ва луқманинг бузилишини келтиришган.

Ҳа, одамда имон заифлашса ва ейдиган таомларига ҳаром ва шубҳали нарсалар аралашса, унда уят, ор-номус, иффат деган тушунчалар, ҳислар йўқолиб, гуноҳ қилишга мойиллиги ортиб, гуноҳ қилаётганини ўзи сезмайдиган бўлиб боради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биродарига ҳаё ҳақида танбеҳ бераётган кишининг олдидан ўтаётиб: “Уни тек қўй! Ҳаё иймондандир!” – деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Ҳа, ҳаё, уят иймоннинг қисмларидандир.

Сув ҳавзаларига оиласи билан, аёли билан ёки дўстлари билан бораётган кишилар нега авратларини очиб чўмиляптилар?!

Эркак киши киндигидан то тиззаси остигача бўлган жойларини беркитиб олиши кераклигини билмайдиларми?!

Аёл киши эса юзи, қўл кафти ва оёқ кафтидан бошқа барча аъзолари, бутун танаси аврат эканини англаб етмаганми?!

Улар аврат ҳисобланган жойларини беркитиб олишлари керак. Авратни бошқаларга кўрсатиш, шу ҳолатда чўмилиш мутлақо мумкин эмас.

Афсуски, у ерга борадиганларнинг кўпчилиги авратини беркитиш ўрнига уйида, оиласида кийиб юрмайдиган кийимларини кийиб, юзлаб кишилар кўз ўнгида юриб, ўша либосда офтобда тобланиб, чўмилиб, шу ҳолида овқатланиб ўтирибди.

Баъзи ўзбеклар авратни очиш борасида европаликларни ҳам ортда қолдириб кетдилар. Улар ғарбга тақлид қилишнинг чўққисига етиб бордилар.

Баъзилар эътирозли савол беришлари мумкин: “Аёл кишининг иссиқ кунларда салқин жойларда дам олишга, чўмилишга ҳаққи йўқми?”

Жавоб: “Ҳаққи бор, албатта”.

Аммо буни мусулмончиликка тўғри келадиган шаклда ташкил этиш керак. Бу борада ҳам масъулият эркак киши зиммасига тушади. У оиласининг шундай хордиқ чиқариши учун одоб доирасида шароит қилиб бериши керак. Истаса, бу шароитни уйида ташкил этсин. Истаса, тоғолди ҳудудларида жойлашган дам олиш масканларидан бирини ижарага олсин-да, бегоналар назари тушмайдиган қилиб, кейин аёлига, фарзандларига чўмилишларига имкон берсин.

Динимиз ҳар бир ҳолатнинг одобини баён этган. Оилавий дам олишнинг ҳам одоби бор. Биз мусулмонлармиз. Демак, Динимиз кўрсатган одобларга риоя этиб, аврат саналган жойларимизни беркитиб олишимиз фарздир. Динимизга фақат уйда, масжидда эмас, балки, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида амал қилишимиз шарт. Бозорда сотувчи-харидорлик одобига, кўчада юриш-туриш одобларига амал қиламиз, чўмилиш борасида ҳам ўзига хос одобларга риоя этамиз.

Аёллар чўмилаётган пайтларида ҳам авратлари берк туришига эътибор қаратишлари керак, эркаклар ҳам худди шундай.

Фарзандларимизга ҳам одоб, ҳаё, уялиш ҳисси деган нарсаларни болаликлариданоқ тушунтириб, ўргатиб, онгу қалбларига сингдириб, таналарини шунга ўргатиб боришимиз лозимдир.

Аллоҳ таоло барчамизга инсоф берсин. Қаерда бўлсак ҳам, уялиш, ҳаё деган ҳисларимиз ўзимизга ҳамроҳ бўлишини, иффатли мусулмонлардан бўлиб юришимизни насиб этсин!

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Read 4090 times
Tagged under

Мақолалар

Top