Мақолалар

Ихтилофлар асоси

Ислом дини тавҳид дини ўлароқ, унда якка-ю ёлғиз Аллоҳ таолога ибодат қилишга буюрилган бўлиб, мусулмонларни ҳам бирдамликка чақирилгандир. Динда ғулувга кетиш, ҳаддан ошишдан қайтарилишнинг сабаби, ғулув ва ҳаддан ошиш ихтилофга, гуруҳбозликка олиб келади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган: “Динларида тафриқага тушган, гуруҳ-гуруҳ бўлиб олиб, ҳар бир фирқа ўз олдидаги нарсадан шод бўлганлардан (бўлманг)” (Рум, 32).

Динда ғулувга кетишнинг бундан ташқари яна бир қанча ёмон оқибатлари бор. Энг аввало, бу ақиданинг бузилишига олиб боради. Тарихда пайдо бўлган Равофиз, Хавориж ва бошқа тоифаларнинг юзага келиши асосан динда ғулувга кетишнинг оқибатидир. Рофизийлар Пайғамбар а.с.дан кейин ҳалифаликка лойиқ зот сифатида Али розияллоҳу анҳу ва унинг авлодларидан бошқа кеч кимни тан олмадилар. Ҳатто, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ва Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуларни халифаликни Али розияллоҳу анҳудан зўрлик билан тортиб олганликда айбладилар. Равофиз сўзи инкор қилувчилар, рад этувчилар деган маънони англатиб, уларнинг баъзи тоифаси Али розияллоҳу анҳуни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам юқори қўяди. Мана шу даражада ғулувга кетиб аҳли сунна вал жамоадан чиқдилар. 

Хаворижлар эса, аксинча, ҳазрати Али розияллоҳу анҳуни кофирга чиқардилар. Натижада, унга қарши қурол кўтариб, қонини тўкишни ҳалол дедилар. Маълум бўлдики, Равофиз ва Хавориж тоифалари айнан Ҳазрати Али р.а.нинг шахси борасида ғулувга кетишлари оқибатида пайдо бўлди. Бу ҳақда Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг ўзлари шундай деган эдилар: “Менинг борамда икки хил тоифа ҳалокатга учради: бири ҳаддан ташқари муҳаббат қўйиб, иккинчиси ҳаддан ташқари буғзу адоват қилиб”.

Кейинчалик, Мўътазилалар Аллоҳни зотида ғулувга кетиб, унинг сифатларини инкор қилдилар. Шунингдек, Хавориж ва Мўътазилалар амру маъруф ва наҳий мункарда ҳаддан ошиб, мусулмонларнинг имомига қарши чиқишга йўл очдилар. Яъни, уларнинг назарида давлат раҳбарига қарши чиқиш амру маъруф ва наҳий мункар қилиш демакдир. Ҳолбуки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларини раҳбарларга қарши чиқишдан қайтарганлар.

Ислом дини азалдан фитна-фасодга қарши курашиб келади. Ислом дини ошкора ва ботиний фитналардан қайтариб, ундан паноҳ тилашга буюрган диндир. Аллоҳ таоло мусулмонларни тафриқага бўлинишдан қайтариб, адолат ва тўғрилик йўлида бирлашишга чақиради. “Барчангиз Аллоҳнинг ипини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг”  (Оли Имрон, 103).

Демак, ўзаро келишмовчиликда, низода ва ихтилофда бўлиш, турли оқим ва фирқаларга бўлиниш шу халқнинг сусташиши ва қувватининг кетиб қолишига сабаб бўлади. Биз аксинча бўлишимиз, яъни бирлашишимиз, бир ёқадан бош чиқаришимиз ва бу мустақил юртимизни турли ёт ғоя ва кучлардан кўз қорачиғимиздек асрашимиз лозим бўлади.

Ҳаким зотлардан бири айтган экан: “Бандалар Аллоҳ таоло буюрган ишларни адо қилишларида шайтоннинг икки ҳамласига учрашлари бордир: Бири — банданинг шу амалда нуқсонга йўл қўйиши бўлса, иккинчиси — банданинг шу амалда ҳаддан ошириб юборишидир. Шайтон буларнинг қайси бирида ғолиб бўлишига парво қилмайди. Яъни, қайси бирида бўлса-да, ғолиб бўлиши унинг учун кифоядир”.

Баъзи инсонлар қаерга борса динда йўқ ёки мустаҳаб бўлган амални одамларга фарз ёки вожиб даражасига чиқартириб уни қилишга тарғиб қилади. Масалан имом  намозни тугатганидан кейин хоҳлаган томони билан халққа юзланиши мумкин. Ғулувга кетганлар эса фақат ўнг томонинг билан бурилишинги шарт деб туриб олишади. Аллоҳ таоло мусофирга намозни икки ракъат қилиб ўқишга рухсат берса, ўзини тақводор қилиб тўлиқ ўқишга ҳаракат қилади. Ҳолбуки Аллоҳ таоло бандаларига фарз қилган амалларни қилганларни яхши кўрганидек, берган рухсатларга амал қилганларни ҳам яхши кўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусофирга қисқартириб ўқишни Аллоҳнинг садақаси деганлар. Ундай тақвони даъво қилувчилар эса худди Аллоҳ таолога “садақанг керак эмас” дегандек муомала қиладилар.

Баъзи васвасага тушиб қолган кишилар  ўзларича шубҳалардан тақво қиламиз деб васвасага дучор бўладилар. Аллоҳ таоло “Аниқ нарса шак билан йўққа чиқмайди” деган бир қоидани айтиб қўйган. Масалан таҳорати бор одам “таҳоратим йўқмикин” деб иккиланиши билан таҳорат кетмайди. Бундай кишиларга шайтон бошлиқ бўлиб олиб, уларни хоҳлаган куйига солади.

Ҳар бир нарсани тагига етаман дейиш ҳам ғулувдир. Баъзи бир кишлар маҳалланинг бирор кишиси издиҳомга чақирса гўшти покмикин деб тагига етишга ҳаракат қилади.  Бир кун Умар ибн Хаттоб ва Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумолар чўлда кетаётиб бир ховузга йўлиқдилар. Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу ҳовуз бўйида ўтирган кишига қараб “Эй ҳовуз эгаси, ҳовузингга йиртқичлар ҳам келадими” деб сўрадилар. Гўёки вахший ҳайвонларни сўлаги нажосат, улар тумшуғини тиқиб сув ичишган бўлса сув нажосат бўлади дегандек. У киши жавоб бермасидан туриб Умар розияллоҳу анҳу “Эй ҳовуз эгаси, бизга буни айтмай қўявер” дедилар. Буни шариат ҳовуздан сув ичиш ва таҳорат қилишга рухсат берганидан кейин йиртқич келган, сўлаги сувга тушганини суриштиришга ҳожат йўқ – деганидек.

Мағрурланиш, ғулувга кетиш динда ҳаддан ошган кишиларни олимликни даъво қиладиган, уламоларга қарши борадиган, ҳеч бир тажриба ёки малакасиз бўлгани ҳолда улкан ишларга аралашадиган, фақиҳлар ва раъй эгалари бўлган шахсларга мурожаат қилмайдиган қилиб қўяди. Бу нарса уларни ҳақ йўлдан оғишишга ва йироқлашишга олиб боради. Асосийси мусулмонлар жамоасини лозим тутиш, сўз ёки амал билан улардан ажралиб олмасликдир. 

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги етакчи мутахассиси,

Қарши шаҳар “Қум қишлоқ” жоме масжиди имом-хатиби Муҳаммади ҚОРАЕВ

Read 2435 times
Tagged under

Мақолалар

Top