Мақолалар

Мусибатга сабр қилиш

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Аллоҳ таоло инсонларни имтиҳон учун яратган. Бу имтиҳон яхшиликлар ва мусибатлар билан бўлади. Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 155-156-оятида бундай марҳамат қилиб айтади: "Албатта, сизларни бир оз қўрқинч ва очлик билан, мол-мулкка, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга башорат бер. (Улар) узларига мусийбат етганда: "Албатта биз Аллоҳникимиз ва, албатта, биз Унга қайтгувчимиз" деганлардир".

Демак Аллоҳ таоло бандаларини қандай мусибатлар билан синашлигини юқоридаги оятида маълум қилди.

"Қўрқинч" деганда душмандан, золимдан бўладиган хавф-хатар тушунилади. "Очлик" деганда қурғоқчилик ёки бошқа сабаблардан келиб чиқадиган очарчилик, "молк-мулкка" деганда ўғри олиши, офат етиши ва бошқалар.

"Жонга" денанда, турли хасталиклар билан яқин кишиларнинг қариндошлар ўлими, касалликлар етишидир. "Меваларга" деганда, офат етиши, баракасининг кетиши билан нуқсонга учрашидир.

Аллоҳ таоло бандаларига бир қийинчилик ёки мусибат етганда нима қилишлари кераклигининг таълимини берди. Яъни "Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун". Маъноси: "Албатта биз Аллоҳникимиз ва албатта биз Унга қайтгучимиз" деганидир.  Қиска қилиб "истиржо" дейилади. Бундан кўриниб турибдики, бу калимани фақат жанозага борганда эмас, ҳар қандай каттаю- кичик мусибат етганда айтишлик фойдали экан.

Бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: "Бирортангизнинг оёқ кийими ипи узилса ҳам истиржо айтсин" дедилар.

"Истиржо"да катта маъно бор. Яъни, барчамиз бор будимиз Аллоҳники, ҳақикий эга унинг Ўзи, нимани, қачон, қандай тасарруф қилишни Ўзи билади. Шундай экан инсонларни бошига бир иш тушса юқоридаги калималарни айтиб сабр қилишлари лозим. Ва албатта Аллоҳнинг мукофоти бўлади. Аллоҳ таоло қандай мукофот бўлишини Бақара сурасининг 157-оятида айтиб қўйди: "Ана ўшаларга Роббиларидан салавотлар ва раҳмат бор. Ана ўшалар ҳидоят топганлардир".

Демак, банда мусибатларга сабр  қилса, Аллоҳнинг  салавоти ва раҳматидек бахтга муяссар бўлади. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳадисларидан бирида: "Мўминнинг иши ажойиб, Аллох унга нимани қазо қилса ҳам, яхшилик бўлади. Хурсандчилик етса, шукр қилади яхши бўлади. Мусибат етса, сабр қилади яхши бўлади", деганлар.

Хулоса қилиб айтганда, имтиҳон дунёда мусибат етганда Аллоҳ учун сабр қилиш юксак фазилат ва ахлоқлардандир. Аллоҳ таоло бундай фазилатларга барчамизни муяссир қилсин!

 

 

Абдулманноф САЙИДАСҚАРОВ,

"Сўфи Оллоёр бобо" жоме масжиди имом-хатиби

Read 1523 times

Мақолалар

Top