Мақолалар

Бу намозни (ҳеч бўлмаса) умрингда бир марта ўқи!

Гуноҳларнинг барчаси мағфират этилади

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амакилари Аббосга қарата: “Эй Аббос! Эй амакигинам! Сенга ато этайми? Сенга инъом қилайми? Сенга лутф кўрсатайми? Сени ўнта хислатли қилиб қўяйми? Сен ўшаларни қилсанг, Аллоҳ сенинг гуноҳингни – аввалгисию охиргисини, қадимгисию янгисини, хатосию қасдданини, кичигию каттасини, махфийсинию ошкорини мағфират қилади. Ўша ўн хислат – тўрт ракат намоз ўқишдир.

Ҳар ракатда Фотиҳани ва бир сурани ўқийсан.

Биринчи ракатда қироатдан кейин, тик турган ҳолингда: “Субҳаналлоҳ, валҳамду лиллааҳ ва лаа илааҳа иллалоҳу валлоҳу акбар” деб ўн беш марта айтасан.

Сўнг руку қиласан ва рукуда турган ҳолингда шуни яна ўн марта айтасан.

Сўнгра бошингни рукудан кўтариб, шуни яна ўн марта айтасан. Кейин саждага йиқиласан ва сажда қилган ҳолингда шуни яна ўн марта айтасан.

Сўнг бошингни саждадан кўтариб, шуни яна ўн марта айтасан. Кейин сажда қилиб, шуни яна ўн марта айтасан.

Сўнг бошингни кўтариб (ўтириб), шуни яна ўн марта айтасан. Ана шу бир ракатда етмиш бештадир. Тўрт ракатда ҳам шундай қиласан.

Агар бу намозни ҳар куни ўқий олсанг, шундай қил. (Ҳар куни шундай) қила олмасанг, ҳар жумада бир марта ўқи. Агар уни ҳам қила олмасанг, ҳар ойда бир марта ўқи. Агар буни ҳам қила олмасанг, ҳар йили бир марта ўқи. Агар уни ҳам қила олмасанг, умрингда бир марта ўқи” дедилар (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).

 

Тасбеҳ намозини...

жума куни завол пайти (пешин намозининг вақти киришидан тахминан ярим соат олдин)да ўқиш мустаҳабдир.

 

Тавсия этилади

Биринчи ракатда Фотиҳадан кейин Такасур, иккинчисида Вал-аср, учинчисида Кофирун, тўртинчи ракатда эса Ихлос сураси ўқилади.

 

Муаммо ва мусибатлар ечими – тасбеҳ намози

Абу Усмон Хайрий Зоҳид айтади: “Қийинчиликлар ва ғам-ғуссалар учун тасбеҳлар намозидан яхши нарса кўрмадим”.

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 613 times

Мақолалар

Top