Мақолалар

Оила барбод бўлса, миллат пароканда бўлади

Интернет саҳифасида бошида феминист бўлган бир аёлнинг Ислом динига киргани ҳақидаги мақолага кўзим тушиб қолди. Мақолага “Феминизмдан Исломга” деб сарлавҳа қўйилибди. Наҳотки феминист аёл муслима бўлган эса дея ҳайратланиб мақолани ўқиб чиқдим. Рост экан. Бундан хурсанд бўлиб, феминист аёл муслима бўлибди, деб бир-икки таниш-билишларга айтсам, баъзилари феминист ким? деб ҳайрон бўлди.

Шундан кейин мақолани эълон қилиш баробарида ушбу тушунчага озгина бўлса-да, изоҳ бериб ўтиш зарур бўлар экан, деган фикрга келдим. 2004 йил нашр этилган “Фалсафа қомусий луғати”да унга қуйидагича таъриф берилган:

Феминизм – аёлларнинг сиёсий ҳуқуқларини эркаклар билан тенглаштириш учун айрим тараққий этган мамлакатлардаги аёллар ҳаракати. Феминистларнинг талабида мавжуд давлат тизимига дахл қилмаган ҳолда, аёлларнинг сиёсий мазмундаги айрим ҳақ-ҳуқуқларини уларнинг жамиятдаги табиий ҳолати хусусиятларидан келиб чиқиб, эркаклар билан тенглаштириш кузда тутилган” (427-бет).

Лекин улар ана шу фалсафа луғатида таърифлагандекми? Феминистлар ўзларининг қандай ишларга қодир эканини аллақачонлар ошкора намойиш этган бўлса-да, луғатда қисқа сатрларда ўта эҳтиёткорлик билан беозор бир ҳаракат сифатида таърифланган. Зеро, дунёда кўплаб таълимотлар, ҳаракатлар ва бошқа-бошқа нарсалар борки, таърифига ҳаракати мос келмайди. Феминизм ҳам моҳиятан ўшаларнинг энг олдинги ўриндагиларидан бири. Унинг қанчалик хатарли ҳаракат эканини янада теранроқ ҳис этиш учун ушбу ҳаракатдан жиддий зарар кўрган давлатнинг таниқли олимларидан бири, машҳур геосиёсатчи Патрик Жозеф Бьюкененнинг “Ғарбнинг ҳалокати: Ўлимга маҳкум миллат” асаридан бир парча келтиришни лозим топдик. 

Патрик Жозеф Бьюкенен. Ғарбнинг ҳалокати: Ўлимга маҳкум миллат

Феминизм

Ҳозирги вақтда “замонавий аёлларнинг” аксарияти абортни қўллаб-қувватлайди. “Аёлни озод этиш” ибораси, уларнинг фикрича, унинг хотин, она ва уй бекаси каби анъанавий вазифаларидан воз кечишини англатади. Шу билан бирга, феминизм ҳаракатининг асосчилари орасида ўзгача фикрда булган аёллар ҳам йўқ эмас. “Нью Оксфорд Ревью” шарҳловчиси Жозеф Кодлисон Олий суднинг “Роу Уэйдга қарши” иши бўйича қарори ҳақида тўхталиб, шундай деб ёзади: “Илгари феминист аёллар абортга қарши кескин курашиб келган. Масалан, 1848 йилда феминист аёлларнинг биринчи йиғилишини ташкил этган Элизабет Гэди Стэнтон абортни “ғайридиний, жиноий иш” деб ҳисоблаган”. Аёлларнинг сайловларда иштирок этиш ҳуқуқини ёқлаб чиққан Сьюзен Б.Энтони эса “қандай сабаб бўлишидан қатъи назар, бу ишни содир этган аёл – жиноятчидир. Бу қилмиши учун у умр бўйи виждони олдида, ҳаттоки ўлим тўшагида азоб чекади” деб таъкидлаган. Дарҳақиқат, айнан ўн тўққизинчи аср феминист аёлларининг ташаббуси ва саъй-ҳаракати билан абортни жиноят дея эълон қилган қонунлар қабул қилннған эди”.

Колисоннинг таъкидлашича, Бетти Фриданнинг асосий асари – “Аёл сири” китоби дастлабки нашрларида аборт масаласи ҳатто тилга ҳам олинмаган экан. Бу ибора 1960 йилларда пайдо бўлади.     

Иккинчи жаҳон урушидан олдин “Оилани режалаштириш” жамиятининг асосчиси Маргарет Санжер “кўп болали оилада чақалоқнинг ўлдирилиши унга нисбатан раҳмдиллик бўларди” деб ёзганида, бу сўзлар воқелиқдан йироқ радикал социалистнинг даъвати сифатида талқин этилган эди. Аммо 60-70-йиллар феминист аёллари Санжернинг оила ва никоҳ кераксиз юк деган қарашларини байроқ қилиб олади. “Никоҳ, — деб ёзади, “Порнография: аёлларнинг эркаклар томонидан бўйсундирилиши” китоби муаллифи Андреа Дворкин, — зўравонлик негизида вужудга келган институт. У дастлаб ўғирлаш, сўнгра асир олиш орқали никоҳга айланган. Гап шунчаки фойдаланиш тўғрисида эмас, балки уни тўлиқ бўйсундириш ҳақида бораётир”. Кўриб турганингиздек, марксизмнинг айнан ўзгинаси. “Ҳозирга кўринишдаги оила йўқ қилиниши лозим, — дейди яна бир ашаддий феминист Ливда Гордон. — Оила кишиларга зулм ўтказишни, уларни бирлашиб, умумий манфаатларини ҳимоя этишга қодир бўлмаган кичик-кичик гуруҳларга бўлиб ташлашни қўллаб-қувватлайди”. 1970 йилда “Мс.” журналининг асосчиси Робин Морган никоҳни қулдорликка қиёслаб, шундай дейди: “никоҳ йўқ қилинмас экан, эркак ва аёллар ўртасидаги тенгсизликка ҳеч қачон барҳам берилмайди”. Ўша йили мисс Морган таҳрири остида нашр этилган “Аёллар — опа-сингаллар” тўпламида эркаклардан воз кечиш жамияти президенти Валери Соланиснинг мақоласида шундай гапларни ўқиш мумкин эди: “Бугунги илм-фан тараққиёти даврида эркаксиз ҳомиладор бўлиш… ва фақатгина қиз бола туғиш имконияти туғилди. Биз зудлик билан ишга киришишимиз лозим. Эркак бу — табиатнинг хатоси, майнавозчилиги. У бутун дунёни ахлат уюмига айлантираётир”. Мисс Соланиснинг бу гапларидан унинг аёлга хос бўлмаган шафқатсизлиги, кўзлаган ишига қанчалик жиддий ёндашганини тасаввур этиш қийин эмас.

1973 йили Нэнси Леманн ва Хелен Саллингерлар томонидан феминистлар ҳаракатининг “Феминизм декларацияси” деб ном олган янги манифести эълон қилинади. Кенг тарғиб этилган ва анча-мунча ижобий тақризлар олган мазкур ҳужжатда, жумладан, шундай дейилади: “Эркаклар никоҳни ўз манфаати учунгина ўйлаб топган; у қонун билан кафолатланган аёлларни бошқариш усулидир… Биз уни йўқ қилиб юборишимиз даркор. Аёлни озод этишнинг асосий шарти — никоҳ институтининг емирилишидир. Шундай экан, биз аёлларни эрларидан ажралишга, эркаклар билан ҳар қандай муносабатларни узишга даъват этамиз…”

Аксарият ашаддий феминист аёллар никоҳни — фоҳишабозлик, оилани эса ўз аҳамиятини йўқотган институт, деб ҳисоблайди; улар орасида оила-никоҳ муносабатларини қамоққа олиш ёки сургун қилиш билан ҳам қиёслайдиганлар оз эмас. Шейла Кронин “Жуиш Уорлд Ревью” журналининг 2000 йил феврал сонида босилган “Аёллар қадр-қимматини ҳимоя қилиш йўлида” мақоласида ёзишича, “Никоҳ — бу қулликнинг бир шакли экан, демак, аёллар ҳаракати ана шу институтга қарши қаратилиши зарур. Чунки никоҳ бор экан, аёлларнинг озод этилишига умид қилиш хомхаёликдир”. Албатта, ҳозирги вақтда америкалик аёлларнинг ҳаммаси ҳам бу ғояларни маъқуллайди, деб бўлмайди. Акс ҳолда бизда туғилиш кўрсаткичлари бундан-да аянчлироқ ва ҳозирнинг ўзидаёқ ҳалокат эшик қоқиб турган бўларди.

Шунга қарамай, бу ғоялар таъсирида миллион-миллион америкалик аёллар оила қуриш ва бола туғишдан воз кечмоқда, оиланинг анъанага зид шакллари пайдо бўлмоқда. Масалан, 1970 йилдан ҳозирги вақтгача никоҳсиз яшаётганлар сони 523 мингдан 6,5 миллионгача, яъни 1000 (!!!) фоизга ошгани, фақат тўрт хонадондан биттасида тўлиқ (эр-хотин ва уларнинг болаларидан иборат) оила истиқомат қилаётгани, якка ўзи яшаётган америкаликлар мамлакат аҳолисининг 26 фоизини ташкил этгани фикримизни тасдиқлайди. Бошқача айтганда, никоҳ “модадан қолди”. 1990 йили Катарина Рунске Буюк Британияда чоп эттирган “Кимсасиз қалблар ва уйлар” китобида никоҳ ва эркак зотига қарши қаратилган феминистик тажовуз оқибатларини зўр маҳорат билан тасвирлаган. Унинг назарида, феминизм бу – “Дарвин тараққиёт назарияси сингари боши берк кўча. Шу боис феминист аёлларни қўллаб-қувватлаётган сиёсатчилар ўз халқларини улкан хавф-хатар, жарликка етакламоқда”. 

Феминизмдан Исломга 

Ўтмишда феминистка бўлган. Ҳозирда муслима. Исломий сайтларда кўплаб материаллар эълон қилган таниқли ёзувчи аёл.

Гап Янги орлеаналик Терезе Корбин ҳақида бормоқда. У ўзининг қандай қилиб Исломга кирганини CNN телевидениясида қуйидагича сўзлаб берган эди. 

Саволлар ва жавоблар

Изланишларим мен – католик динига мансуб ўн беш яшар қиз ўқитувчиларим ва устозларимдан ҳақиқий динни истаб сўраган саволларимдан бошланди. Уларнинг жавоблари менда улар ўйлаганидан кўра тескари самара бераётган эди. Мен дунё ва инсониятнинг яралиши тарихи ва диннинг генезисини ўрганишга кўп йиллар вақт сарфладим. Шу тариқа, дунёнинг энг кўп тарқалган динларидан бири ва шитоб билан юксалиб бораётган Ислом билан танишдим.

Дарҳақиқат, Ислом динини ўрганиш жараёнида мен жуда кўп ҳайратбахш ҳодисаларга дуч келдим. Масалан, мусулмонлар ўзларининг пайғамбари Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан бирга бошқа пайғамбарларга ҳам ишонади.

Иймон келтирган эркак ва аёллар бирдек илм ўрганишга даъват этилади...

Кўплаб фанларнинг асосчилари мусулмон олимлари ва мутафаккирлари эканини билганимда эса ҳайратим чандон зиёда бўлди: алгебра фанига Ал-Хоразмий асос солган; Ибн Фирнас самога учиш механикасини яратган ва ундан До Винчи унумли фойдаланган; Ал-Захровий эса замонавий хирургиянинг отаси саналади ва бошқалар.

Ва ниҳоят, изланиш, ҳаракат ва илм олишга даъват этадиган динимни топдим! 

Қарор қабул қилишим

Бу 2001 йил юз берган эди. Бирмунча вақт атрофдагиларнинг муносабатидан ҳайиқиб динимни ўзгартиришга журъат қилолмай юрдим. Шу орада бутун дунёни титроққа солган 11 сентябрь воқеаси юз бериб қолди. Ён-атрофимдаги инсонларнинг мусулмонларни ҳақоратлаётгани, ҳатто уларга жисмоний куч ишлатаётгани, муқаддас Ислом динини лаънатлаётгани, мусулмонлар эса озчилик бўлгани сабабли қаршилик кўрсата олишга ожиз қолаётганини кўриб-билиб туриб жим тура олмас эдим. Зотан, ана шундай қалтис паллада бефарқлик қилиш Исломга ва мусулмонликка хиёнатдан ўзга нарса бўлмасди. Қалбимдаги қўрқувни улоқтириб, диндошларимнинг ҳимоясига отилдим ва ўзимнинг Ислом динига кирганимни эълон қилдим.

Оила аъзоларимни бундай қарорга келганим ҳайрон қолдирмади ва улар менинг раъйимга қарши ҳам бормади. Чунки улар менинг динларни ўрганаётганимдан хабардор эдилар. Бироқ энди уларни  менинг хавфсизлигим ташвишга солди. Яратганга шукрки, дўстларимнинг аксари бу қароримни маъқул топди ва улар ҳатто қизиқиб ҳам қолдилар.  

Аёлнинг танаси реклама объекти эмас

Ҳозир мен фахру ғурур билан бошимга рўмол ўраб юраман. У менинг қўлларимни боғламайди, фикрлашимга тўсқинлик қилмайди, ўз фикримни баланд овозда ифодалай оламан ва аёлларнинг зулмга учрашига унинг ҳеч қанақа алоқаси йўқ. Ахир менинг ўзим ҳам бир вақтлар бошига рўмол ёпиниб юрган Шарқ аёлларини кўрганимда эрларининг шахсий мулклари бўлган бечоралар,  уларни золим эрлари ана шундай ўраниб юришга мажбур қилади деб ўйлар эдим.

Бир сафар истаралигина муслима аёлдан: “Нега бунақа кийинасан?” деб сўраганимда у: “Аллоҳ ризоси учун. Шунингдек, ўзимни эркакларнинг назаридан тўсиш учун, ахир рўмол – инсонинг имон-эътиқоди ва ҳаётий позициясини кўрсатадиган восита. Рўмол яна шуни ифода этадики, аёлнинг танаси бу – истеъмолчилар ва танқидчиларга намойиш этиладиган реклама объекти эмас”.

Аммо мен баҳслашишда давом этиб: “Хўп, ахир сизнинг динингизда аёлларга иккинчи сорт (нав) сифатида қарамайдими?” У ғарб дунёси аёлни инсон наслиданми, бошқа жинсданми, шу ҳақда бош қотириб юрган паллада Ислом дини эркак ва аёл Аллоҳнинг ҳузурида тенг эканини  англатгани, никоҳ аёлнинг розилиги билан қурилишини, аёлни меросдан ҳақдор қилганини, аёлга ўз мулкига эга бўлиши, шахсий бизнесини юрита олишига ҳуқуқ бергани ва бошқа нарсаларни  сабр-тоқат ила тушунтиришда давом этди.

Буни қарангки, биз, Оврўпа аёллари айнан ўша аёл санаб ўтган ҳуқуқларни қўлга киритиш учун неча ўнлаб йиллар кураш олиб бормадикми? Мен кучли ҳайрат ила шунга амин бўлдимки, бу феминизмдан мен истаётган идеалларнинг айнан ўзгинаси эди. Яъни мен юксак идеалларни феминизмдан излаган чоғимда мўлжалдан адашган эканман. 

Турмушга чиқиш

Мен мусулмонлар учун жуда оғир бўлган паллада динимни ўзгартирдим ва ўзимдан жамиятнинг қандай қилиб юз ўгирганини ва ёлғизликда қолганимни ҳис қилдим. Бу мени тезроқ оила қуришим керак деган фикрга олиб келди. Тўғриси, муслима бўлишимдан олдин ҳам  жиддий муносабат қуришни истар эдим. Агар Ёсуман ва Алоуддин ҳақидаги эртакка ўхшаб мени ҳам мажбурлаб эрга беришган бўлса керак деб ўйласангиз янглишасиз. Мен ўзим жуфтимни изладим, дўстларимдан, танишларимдан суриштирб юрдим. Мен худди ўзимга ўхшаб динини ўзгартирган эркакни учратишни орзу қилар эдим.

Аллоҳ таолога беаад шукрлар бўлсинки, у Алабамада, менинг Янги Орлеонадаги уйимдан икки соатлик масофада яшар экан. Турмуш қурганимизга ўн икки йил тўлди, аммо биз кечагина оила қургандек бахтиёрмиз. 

11 сентябрдан кейинги ҳаёт

Менинг рисоладагидек  муслима бўлишим учун шахсиятимни, маданиятимни ёки америкалик хусусиятимни ўзгартиришим шарт эмас. Лекин шунга қарамасдан, Ислом динига кирганим боис хўрлашлар ва ҳақоратлашларнинг таъмини ҳам тотиб кўрдим. Менга туфлашар, тухум отишар, машинларда кетаётиб сўкиб ўтишар эди... Айниқса, биз Жоржия штатидаги “Саванна” масжидида эканимизда масжидни ўққа тутишгани ва кейин ёқиб юборишганида жуда қаттиқ даҳшатга тушганман. 

2012 йилнинг августида  Янги Орлеанга қайтдим ва қисқа муддатга бўлса-да, ўзимни бехавотир ҳис қилдим. Бироқ Исломга қарши ғаразли ахборотларнинг узлуксиз узатилиши натижасида бизнинг ҳозирги хавфсизлигимиз бурунгисидан беҳроқ бўлмай қолди.

Исломда яшаган ҳаёт йўлимда шуни англадимки, мусулмонлар турлича бўлади – турли миллатлар, халқлар, терисининг ранги... Яна шуни тушундики, ҳар қандай бузғунчиликларни Исломга елимлаб ёпиштиришга уринганлар уринаверсинлар, аммо Ислом булардан пок ва мусулмонлар ҳар доим тинчлик тарафдори бўлиб келган.

Мен шундан умид қиламанки, менинг ватандошларим-америкаликлар ичларидаги қўрқув ва нафратни енгиб ўтади ва мен кўрган ёруғликни кўрадилар.

 

Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади 

Read 2755 times

Мақолалар

Top