Мақолалар

Болага тавба қилишни ўргатинг

Луқмони Ҳаким ўғилларига шундай деган экан: «Эй ўғлим, тавбани кечиктирма! Чунки ўлим кутилмаганда келади. Ким тавбани кечиктириб, нажотга шошилмас экан, иккита катта хатар ичида қолади: биттаси – гуноҳлар зулмати тўпланиб, қалбни тўла қоплайди, сўнг уни муҳрлаб ташлайди. Гуноҳ муҳрланган қалбдан ўчмайди: иккинчи хатар – касаллик ёки ўлим тавбадан илгари келиб, хатоларни ўнглаш учун вақт қолмайди».

Ҳар бир банда хатокор. Инсон дунё ҳаётида билибми-билмай турли хатоларга йўл қўяди, гуноҳ ишларга қўл уради, Аллоҳ таоло қайтарган бирор амални қилиб қўяди. Гуноҳ ва хатоларнинг ювувчиси, кетказувчиси тавба ва истиғфордир.  Истиғфор–Аллоҳдан кечирим сўраш, тавба эса келажакда ўз амалларининг ёмонлигидан сақлашни ният  қилишдир. Инсон тавба қилсагина ва бузган нарсаларини тузатсагина, Аллоҳ таоло унинг тавбасини қабул қилади. Чунки яратган Парвардигорга холис тавба қилиш денгиз кўпигидан кўп гуноҳи бўлса ҳам кечирилишига сабаб бўлади. Холис тавба қилиш гуноҳларига ва хатоларига астойдил афсусланиш, надомат чекиш, энди бу гуноҳларга қайтмасликка азму қарорга келиш орқали рўёбга чиқади.

Пайғамбаримиздан соллаллоҳу алайҳи ва саллам ривоят қилинади: «Эй одамлар, Аллоҳга тавба қилинглар! Мен бир кеча-кундузда юз марта тавба қиламан». У зот шундай деб турганларида биз, умматлари тавба қилмасдан ва истиғфор айтмасдан умр ўтказишимиз нечук бўларкин?! Яъни, тавба ҳар қандай шароитда, ҳеч бир истисносиз вожибдир. Банданинг тавбаси тугал ва умр бўйи давом этса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Киши тили билан тавба қилсаю, феъл-одатини ўзгартирмаса, бунақа тавба ёлғончининг тавбаси бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Тили билан тавба қилиб, гуноҳни эса ташламасдан ҳамиша ва доим қилиб юрадиган бундай одамни Парвардигорини масхара қилувчидир», деганлар. Юракдан пушаймон бўлиб, бошқа гуноҳ ишга абадий қайтмасликка чин кўнгилдан ният қилиб тили билан истиғфор айтиш  тавбаи насуҳдир.

 Банда учун тавба қилиш вожиблиги Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда кўп зикр этилган. «Ҳозир эрта, вақти келганида тавба қилиб олармиз», деган фикрлар фикрларнинг энг ёмонидир, қаттиқ адашувдир. Аллоҳ таоло билиб ё билмай қилинган хатоларни чин тавба туфайли кечиради. Тавбани давомли қилиш ҳам вожибдир. Жон ҳалқумга келмасидан илгари тавба қилиш зарур. Ундан кейин кеч бўлади. «Гуноҳларим кўп, Аллоҳ таоло уларни кечирармикин» деган шубҳа-гумонлардан узоқ бўлиш даркор.

 

Муслим АТАЕВ,

Фатво бўлими ходими

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3264 times

Мақолалар

Top