Мақолалар

Муса Антонио: Қуръон мўъжизаси қалбимни забт этди

Қуръони карим мўъжизаси австралиялик Антонионинг ақлини ва қалбини забт этди ва у ҳақ динни топиб мусулмонлар сафидан жой олди. Мусо Антонионинг Исломни қабул қилиши бундай бўлган:

Антонио 17 ёшга тўлганда диний масалага доир саволлар унинг оромини олади. Бу эса унинг турли эътиқодларга оид кўплаб китобларни ўқиб чиқишига сабаб бўлади.  У Қуръони каримга етиб келгунига қадар жуда кўп адабиётларни ўқийди. Фақат Қуръони каримни ўқиганидан кейингина ўзини қийнаётган саволларга жавоб топганига ишонч ҳосил қилади.

У вақт ўтказмасдан исломга киради ва орадан тўққиз йил ўтиб воиз бўлади.

Муса Антонио Шимолий Америка, Осиё ва Австралия мусулмонларига инглиз тилида эфирга узатиладиган “Иқраъ” халқаро телеканалида ишлайди.  У «Исъал аш-шайх» (олимдан сўранг) кўрсатуви муаллифи ва бошловчисидир. Кўрсатувда, асосан, Исломга яқинда кирган мусулмонларнинг саволларига жавоб берилади.

Мусо Антонио Мисрга борганда “Ал-Ахрам” газетаси мухбири  у билан суҳбат уюштиради. Ўша суҳбатда Антонио ўзининг Исломга киришидан олдинги ва мусулмон бўлган кезлардаги ҳаёти ҳамда Ғарбдаги янги мусулмонларнинг турмуш тарзи ҳақида сўзлаб беради.

Қуръони карим билан танишиш

Мен Австарлияда туғилдим ва бутун ҳаётимни шу ерда ўтказмоқдаман. Отамнинг келиб чиқиши италиялик, онам эса ирландиялик. Ёшлик чоғларимданоқ динга оид саволлар мени безовта қила бошлади. Шунинг учун мен турли динларни ўргана бошладим, шунингдек, Исломни ҳам.

Ислом ҳақида ўқишни бошлаган кунларимда шу динга кириш  хаёлимга ҳам келмаган эди.  Аксинча, мен босниялик мусулмон дўстларимнинг ҳар доим Ислом энг зўр дин деб айтган гапларини инкор қилиш учун ушбу дин ҳақида маълумот олишни ният қилган эдим. 

Мен Ислом ҳақида кўпроқ ўқий бошлаганимда унинг насронийлик билан кўплаб умумий жиҳатлари мавжуд эканига гувоҳ бўлдим. Ахир ҳар бир мусулмон Аллоҳ таолога, Унинг пайғамбарлари Иброҳим, Нуҳ, Мусо ва Исо алайҳиссаломларга имон келтиради, тўғрими.

Ўшанда ушбу икки дин ўртасидаги иккита фарқдан бошқа нарса топмадим: Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Қуръони карим.

Исломни ўрганишни бошлаган кезларда Исломдан ақлни шоширадиган ва ҳақни ифодалайдиган нималарнидир топаман деб ўйламаган эдим. “Чўлу биёбонда яшайдиган сомалиликлар, афғонлар, араблар эътиқод қиладиган дин қандай қилиб ҳақ дин бўлиши мумкин”, деб ўйлар эдим мен. Бироқ менинг хом хаёлларимнинг акси бўлиб Ислом ҳақ дин ва соғлом фикрга мос келишини фаҳмладим.

Қуръони карим мўъжизаларининг илмий тасдиғини топаётгани ҳақидаги материалларни ўқиганимдан сўнг Ислом мени ўзига оҳанрабодек торта бошлади. Айнан ана шу Қуръон мўъжизалари менинг онгимни ва қалбимни забт этди ва Исломга киришга даъват қилди. Мени Исломнинг эзгуликка ундаши, чиройли қилишга чақириши ўзига тортгани йўқ. Чунки динларнинг барчаси амалда ана шу ишларга даъват қилади.

Ҳар бир муаллиф ўзининг китобига автография ёзади. Ўйлашимча, Қуръони каримдаги илмий мўъжизаларни ўзида мужассам этган ояти карималар ушбу Каломнинг автобиографиясига ўхшайди ва Қуръони каримни Аллоҳ таоло нозил қилган, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ижоди эмас.  

 

Ислом ҳаётимни буткул ўзгартириб юборди

Мен Исломга кирган чоғимда 17 ёшда эдим. Кейин ўрта мактабни тугатдим. Мусулмон бўлганимдан кейин мен вақтимнинг ярмини мазкур динни ўрганишга, қолган ярмини эса ўқишга сарф эта бошладим.  

Мусулмон бўлгунимга қадар мен одатий австриялик оддий болалардан ҳечам фарқ қилмас эдим. Менинг ҳам ҳамма болалардек, учрашиб юрадиган қизим бор эди ва ичкилик ичар эдим...

Турмуш тарзимни тўлиқ ўзгартиришим учун бир йил керак бўлди. Учрашиб юрадиган қизимни қаттиқ севишимга қарамай, у билан алоқани уздим. Чунки у Исломга киришни истамади. Спиртли ичимли ичишни бас қилдим, чўчқа гўштини емай қўйдим ва фақат динимиз рухсат берган ҳайвон гўштларни едим.

Мусулмон дўстларим намоз ўқимасалар-да, мен беш вақт намозни вақтида ўқидим.

Ота-онамнинг муносабати

Мен улардан бир оз вақт Исломга кирганимни яшириб юрдим. Лекин улар вақт ўтиши билан одатларимда ўзгаришлар юз берганини, турмуш тарзим бошқача бўлиб қолганини ва Қуръони каримни кўп ўқиётганимни сезиб қолишди.

Дин – оврўпаликларнинг аксари, хусусан, австралияликлар учун ҳам шунчаки маданиятнинг бир қисми ҳисобланади. Аслида улар ўз динининг талабларини бажармайдилар. Бир куни бувим: “Нега сен турк бўлишга қарор қилдинг?” деб сўраб қолди. Унинг бундай дейишининг сабаби, бувимнинг тушунчасига кўра, Ислом турк маданиятининг бир қисмидир.

Ниҳоят вақти етиб келди. Онамдан менга фақат ҳалол гўштдан овқат пиширишини илтимос қилдим. Буни эшитиб онам: “Уйга ҳеч қачон ҳалол гўшт олиб келмайман!” дея хитоб қилди. Ҳозир эса ҳар куни ҳалол гўштдан таом тайёрлайди.  

Ота-онам Ислом мени фақат яхши тарафга ўзгартирганига гувоҳ бўлганларидан кейин улар ўз фикрларини ўзгартириб менинг қароримни маъқуллашди ва динимга рози бўлишди.

Дўстларимга келсак, улар мен учун росмана хурсанд бўлишди. Энг яқин дўстларимдан бири эса менга эргашиб мусулмон бўлди. Бу ҳодиса мен унга Ислом ҳақида гапириб берганим ва Ислом ҳақида ўқишга китоблар берганимдан сўнг юз берди.

Бир марта ўқитувчиларимиздан  бири менга бундай деб қолди: “Сен жуда ўзгардинг. Илгари муаммо устига муаммо чиқариб юрар эдинг. Энди эса тарбияли, вазмин ва маданиятли йигитга айландинг. Ҳатто сенинг сўзлашиш услубинг ҳам ўзгарди”.

 

Фақат Ислом ҳақиқий эркинлик бера олади

Исломга киргунимга қадар миямда ҳар доим ҳақиқий эркинлик нима ўзи? деган савол айланиб юрар эди. Ҳар доим ушбу саволга энг оқилона жавобни коммунистлар ва марксистлар топган бўлса керак деб ўйлардим.

Бу идеологияларни ўқир эканман, уларнинг ҳар бири инсонни нима биландир чегаралаб қўйганини сезиб қолар эдим, мутлақо эркинликни ҳеч қайси сиёсий, диний ва мафкуравий мактаб ваъда қила олмас эди.

Ҳатто мутлақ эркинликни ваъда қилувчи анархистларнинг ҳам ўз қоидалари, нормалари, принциплари ва чекловлари бор эди.

Умумий хулоса шу эдики, инсон ўз эҳтирослари, ёқимсиз одатлари ва табиий кўникмаларига эргашиб яшаши мумкин эмас. Ҳамма нарсада тартиб-интизом бўлмоғи керак.

Ҳар бир инсон ўзига қуйидаги саволни бериб кўрмоғи керак: қайси тизим ҳақиқат ва тўғриси? Мен мусулмон эканимдан келиб чиқиб айтаманки, фақат Ислом шахс эрки ва жамият ҳурлигини мувофиқлаштира оладиган энг тўғри тизим.

Ислом ҳар бир нарсага изоҳ беради. Ҳақиқий эркинликни мен Исломда топдим. Исломга кирганингиз заҳоти сиқилишдан, тажангликдан ва беоромликдан халос бўласиз. Қалбингиз дунёнинг ортидан чопмайди ва нафсингизни қалбингиз ва ақлингиз билан енгасиз.

Ислом бизга хабар берадики, ҳисобсиз бойлик билан ҳам инсон бахтли бўла олмайди. Агар унга бир катта водий тўлдириб олтин берилса, ўша бойлик уни хотиржам қила олмайди. Аксинча, у тийиқсиз истак билан иккинчи водийни ҳам истай бошлайди. Ислом арконларини маҳкам ушлаган киши эса намоз ўқиб ўзида хотиржамлик ва эркинликни ҳис қилади, унинг жамики ваҳималари ўзидан ўзи ўтиб кетади. 

Ҳақиқий эркинликни ҳис қилиб яшаган мусулмон бу дунё ҳаёти нима эканини, ўзининг яратилишидан мақсад нима эканини жуда яхши билади ва вафот этганидан сўнг қаерга боришини ҳамма билади. Зеро, адоғи борми, йўқлигини билмасдан қоронғу тунелда пайпасланиб юриб бораётган одам билан чароғон тунелда охирини яққол кўриб дадил юриб бораётган одам ўртасида катта фарқ бор.

 

Динга янги кирган мусулмонларни қўллаб-қувватлаш

Янги мусулмонлар одатда жамият ва оиланинг уларга нисбатан салбий муносабати қаршисида жуда ҳам заиф бўладилар. Шундай ёшлар борки, ана шу сабабга кўра мусулмон бўлганини ота-онасидан сир сақлаб юрадилар. Кўплаб оилалар Исломга кирган қизларига рўмол ўрашни  ва бошқа амалларни бажаришни тақиқлайдилар. Шунинг учун Ислом ташкилоти Исломга янги кирган ёш қизлар учун  махсус ётоқхона ҳам барпо этди.

Ҳар бир мусулмоннинг вазифаси янги мусулмонга ёрдам кўрсатиш ва уни барча масалаларда қўллаб-қувватлашдан иборатдир. Кўпинча улар оиласини ташлаб чиқиб кетади ва туғишганларидан узилади ва янги дўстлар ахтаради.

Ислом маркази янги мусулмонларни қўллаб-қувватлаш учун зарурий воситаларга эгадир. Муаммо фақат ҳақиқатан ёрдамга муҳтож янги мусулмонни қандай топиш ва унга ушбу ташкилот ёрдамига қандай масалаларда суяниш лозимлигини етказишдан иборатдир.

 

Муаллиф: Муслим АБДУЛЛАЕВ,

Таржимон: Дамин ЖУМАҚУЛ

Read 3517 times

Мақолалар

Top