Мақолалар

Илм – нажоткор куч

«Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай». Бундан 12 аср бурун муҳаддислар султони, дунё имоми – Имом Бухорий бобомиз айтган ушбу сўз том маънода замонавий дунёнинг шиорига айланди. Замонлар ўтиши билан бу иборанинг долзарблиги ортса ортдики, асло камайгани йўқ. Олтинга тенг бу айтим айнан бугун учун, барча даврлар учун сўзлангандек, гўё.

Шиддат билан ривожланаётган бугунги давр инсонга моддий эҳтиёжларини қондиришдек бирламчи эҳтиёжлар қаторига сув ва ҳаводек зарур – илмни ҳам қўшдики, шу туфайли у ўзлигини англаб, тараққиёт сари дадил қадам қўймоқда. Таъбир жоиз бўлса, уммонлар қаърига шўнғиш, коинотни забт этиш ҳам айнан илмнинг маҳсули эканини бугун ҳеч ким инкор эта олмайди.

Истиқлол туфайли юртимизда инсониятни бағрикенглик, поклик ва меҳр-оқибатга чорловчи муқаддас динимизни асраб-авайлашга, ёш авлодни халқимизнинг миллий ва диний қадриятларига ҳурмат-эҳтиром руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилаётир. Диний таълим тизимини такомиллаштириш, пухта билимга эга, соғлом фикрли мутахассисларни тайёрлаш доимий эътиборда.

Муҳтарам Президентимизнинг жорий йилнинг 16 апрелидаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони диний тизимда янги даврни бошлаб берди.

Аждодларимизнинг бой маънавий меросини чуқур ўрганиш, тадқиқ этиш, ислом динининг асл моҳиятини, мусаффо ақидаларини кенг халқ оммасига етказиш мақсадида давлатимиз томонидан кенг қамровли ишлар амалга оширилаётганига мазкур фармон амалий тасдиқ бўлади.

Пойтахтимизда ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази, Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари буюк алломаларимизнинг меросини чуқур тадқиқ этиш ва уларни жаҳонга танитишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Юртбошимизнинг фармонига асосан Ўзбекистон ислом академияси ва Тошкент ислом университети негизида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилгани айни муддао бўлди.

Эндиликда халқаро ислом академиясида Қуръон илмлари, ҳадис, ислом ҳуқуқи, ақида, тасаввуф, ислом иқтисодиёти ва молияси, халқаро муносабатлар, хорижий тиллар (араб, форс, инглиз, рус, урду, турк ва ҳоказо), бошқа халқаро миқёсда эҳтиёж мавжуд бўлган соҳалар бўйича малакали кадрлар тайёрланиши замирида жуда улкан ғоя мужассам.

Ўрта асрларнинг тарих саҳифаларига Шарқ Ренессанси сифатида зарҳал ҳарфлар билан битилиши буюк аждодларимиз шарофатидандир. Улар қайси йўналишда бўлмасин, пешқадам саналган. Ҳадис илмида Имом Бухорийнинг олдига тушадигани бўлмаган. Фиҳқда Бурҳониддин Марғиноний, калом илмида Абу Мансур Мотуридий, тафсирда Имом Замахшарийга тенг келадиган аллома топилмаган. Сўз мулкида Алишер Навоий, тиббиётда Ибн Сино, фалакиётда Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек... Рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Аждодларимиз шамчироқ ёруғида шундай асарлар битиб, илмий кашфиётлар қилиб кетдики, бугунги ахборот технологиялари даврида буюк мутафаккирларимиздай ижод қилиш у ёқда турсин, ҳатто уларнинг бебаҳо асарларини ўрганиш, тадқиқ қилишга ҳам улгурмаяпмиз.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси ана шу ишларнинг уддасидан чиқади деб умид қиламиз.

Ислом дини инсон манфаатлари ва жамият тараққиётига хизмат қилувчи ҳар қандай кашфиёт ва янгиликни юксак қадрлайди, қўллаб-қувватлайди. Буни муқаддас оятлар ва муборак ҳадислар ҳам тасдиқлайди.

Қуръони карим ҳамда ҳадиси шарифда илмга тарғиб қилинган, илмсизлик қораланган. Илк нозил бўлган оятда ҳам «ўқи!», «ўқи!» деб буюрилади. «Илм» сўзи Қуръони каримда 811 ўринда турли маъноларда келади.

Муқаддас китобда: «Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража(мартаба)ларга кўтарур» (Мужодала сураси, 11-оят), дейилган.

Ибн Ҳажар Асқалоний ушбу оятни: «Албатта, даражаларни кўтариш улуғ фазлу марҳаматга далолат қилади ва дунёда олий мартаба, шон-шуҳрат каби маънавий юксакликни ҳамда жаннатдаги олий мартаба каби ҳиссий юксакликни қамраб олади», дея тафсир қилган.

Расулуллоҳ (с.а.в.) кўплаб ҳадисларда илм эгаллашга, олимларни эъзозлашга чорлаганлар. Жумладан: «Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир», деб марҳамат қилганлар.

Ёвузлик устидан эзгулик, разолат устидан адолат, ёмонлик устидан  яхшилик ғалаба қозонгани сингари илм ҳам ҳамиша жаҳолатдан устун келган. Ислом илмсизлик ва жоҳиликни қоралайди. Жаҳолат ҳаётимизни барбод, турмушимизни касод қилади. Маърифат эса қалбга сайқал бериб, маънавиятимизни гўзаллаштиради, шон-шуҳрат келтиради.

Буюк боболаримиз айнан маърифат туфайли жаҳон илм-фани равнақига беқиёс ҳисса қўшишди. Улар яратиб қолдирган бой маънавий мерос ҳали-ҳануз дунёнинг нуфузли олий ўқув юртларида муҳим манба сифатида ўқилади, тадқиқ этилади. Мисол учун, ҳозир Абу Али ибн Синонинг “Тиб қонунлари” тиббиёт соҳасида Европа мамлакатларида жуда катта қизиқиш билан ўрганилаётган бўлса, Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” асари ислом қонуншунослигига оид муҳим манба сифатида ислом оламида жуда катта шуҳрат қозонган.

Афсуски, бугун муқаддас динимизни ниқоб қилиб олиб, ўзларининг кирдикорларини ёшларимиз онгига сингдиришга уринаётган ғаламислар ҳам учраб турибди. Агар улар исломнинг мусаффолигини, илмнинг лаззатини ҳис этганларида бу йўлга асло қадам босмас эдилар.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси таркибида Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Наманган ва Сурхондарё вилоятлари минтақавий филиалларига эга бўлган Малака ошириш маркази ташкил этилиши катта қулайликлар туғдиради. Жумладан, малака ошириш маркази ва унинг минтақавий филиалларида имом-хатиблар, имом ноиблари, диний соҳа мутахассислари, давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари, олий ва ўрта таълим муассасаларининг соҳага тегишли педагог кадрлари қайта тайёргарликдан ўтади ва малака оширади.

Юртимизда диний таълим ўзининг кўп асрлик тарихига эга. Минтақамизда илк ўрта асрлардаёқ ҳам диний, ҳам дунёвий фанлар ўқитиладиган кўп тармоқли мадрасалар тизими мавжуд бўлган. Мадрасалар минтақада жадид мактаблари пайдо бўлгунга қадар ўрта-махсус ва олий маълумот берувчи масканлар саналган.

Илм-фан равнақига беназир ҳисса қўшган Беруний, Хоразмий, Ибн Сино ва Улуғбек сингари буюк алломаларнинг номини бутун олам билади. Ислом олами Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Лайс Самарқандий, Бурҳониддин Марғиноний, Имом Мотуридий каби уламоларнинг асарларини ҳануз катта қизиқиш билан ўрганмоқда. Замондош мусулмон уламоларнинг эътирофича, улар ислом таълимотини илм-фан даражасига кўтарганлар.

Давлатимиз раҳбарининг фармонида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг олий диний-маърифий таълим муассасаси шаклидаги Ҳадис илми мактаби ташкил этилаётгани барчани хурсанд қилди. Зеро, ислом оламида “Сиҳоҳи ситта” (Олтита ишончли тўплам), кейинчалик “Сиҳоҳи тисъа” (Тўққизта ишончи тўплам)ларнинг мусаннифларига қарасак, уларнинг деярли ярми юртдошларимиз экани кишига фахр-ифтихор бағишлайди.

Фармонда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилгани қайд қилинган. Эндиликда диний соҳада хизмат қилаётган ходимларга ҳам ушбу фармонда белгиланган қатор имтиёзлар берилади.

Мазкур ҳужжатга биноан “Имом Бухорий” давлат мукофоти таъсис этилгани эса тизимда хизмат қилаётган ходимларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантиришда муҳим омилдир.

Бугунги замоннинг ўзи воқеликка очиқ кўз билан, теран ва чуқур мушоҳада юритган ҳолда назар ташлашни, ҳушёр бўлишни, жаҳонда ва ён-атрофимизда тобора кучайиб бораётган маънавий таҳдид ва хатарларни тўғри баҳолаб, улардан тегишли сабоқлар чиқариб яшашни, бир сўз билан айтганда, жаҳолатга қарши маърифат билан курашишни талаб этмоқда. Президентимизнинг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ана шундай иш тутишнинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилади.

 

Иброҳимжон ИНОМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

 

Read 2809 times

Мақолалар

Top