muslimuz

muslimuz

Роббингиздан бўлган мағфиратга ва жаннатга шошилинг … (Оли Имрон сураси, 133-оят).

“Эртага тавба қиламан”, “Намозни эртадан бошлайман”, “Қуръон ўқишни ёдлашни режалаштираман”, деб яхши амални кечиктирманг!

Сунобиҳий раҳимаҳуллоҳ бундай ривоят қилади: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни зиёрат қилиш учун Ямандан йўлга чиқдик. Мадинага келганимизда, даҳшатли хабарни эшитдик: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам БЕШ КУН олдин вафот этдилар! (Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ривояти).

Беш кунлик кечикиш уларни саҳобалик мақомидан маҳрум қилди!

Доно халқимиз: Қолган ишга қор ёғар, деб бежизга айтмаган.

Шошилинг! Эҳтимол бир соат кечикишингиз сизни Жаннатдан маҳрум қилар!

Абдуллоҳ Абдулмажид тайёрлади

Середа, 01 май 2024 00:00

Ишингизни пишиқ қилинг!

Ишингизни пишиқ қилинг, зеро Аллоҳ таоло Ўзини пухта қилиш билан васфлаган: “Бу ҳар бир нарсани пухта қиладиган Аллоҳнинг санъатидир” (Намл сураси 88-оят)

Пухталиксиз қилинган иш рад этилади. Аллоҳ таолонинг “У ўлим ва ҳаётини сизларнинг қайсиларингиз амалда яхшироқ эканлигингизни синаш учун яратгандир” (Мулк сураси, 2-оят) оятини муфассир уламолар: “Қай бирингиз энг тўғри ва энг холис амал қилишингизни синаш учун…”, деб тафсир қилишган.

Пухталик ҳеч ким тепангизда кузатиб турмаганда ҳам ишни яхши шаклда бажаришдир. Ҳар бир қилаётган ишингизни меҳр бериб қилинг, у иш қанчалик кичик бўлса ҳам. Мана шу муваффақият сирларидан биридир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳ ишни пухта қилишингизни хуш кўради”.

Аллоҳ таолони худди устингизда зикр қилиб турганингиздек, ичингизда ҳам зикр қилинг, сизни кузатиб турганини доим ёдингизда тутинг. Мана шу ишни пишиқ қилиш устига ихлосни ҳам қўшиш бўлади! Ахир Аллоҳ таоло айтади-ку: “Сен: “Амал қилинглар! Бас, албатта, Аллоҳ, Унинг Расули ва мўминлар амалингизни кўрарлар”, деб айт” (Тавба сураси, 105-оят).

Қачондир одамлардан холи қолсангиз, бўлди холи қолдим, деманг. Бир кузатувчингиз бор!

Ўзингизни тобора яхшилаб боришга ҳаракат қилинг. Зеро, бу “Ҳисобга тортилишингиздан олдин, ўзингизни ҳисоб-китоб қилингиз” ҳадисига мувофиқ пишиқликка ҳаракат қилиш ҳисобланади.

Ҳаётдаги баъзи тараққиёт босқичларида ортда қолганимизнинг сабаби ишимизда ихлос ва пухталик руҳини йўқотганимиздир! Шундай экан, ишингизни ҳеч қачон тез битиришга ҳаракат қилманг, уни чиройли бажаришга ҳаракат қилинг. Чунки одамлар сиздан қанча вақтда битирганингизни сўрашмайди, балки унинг пишиқлигига, сифатига қарашади.

Ҳақиқатан ҳам ҳозирги кунимизда Ислом диёрларидаги ажабланарли ҳолат – пухталик ва юқори сифатга эга бўлмаган уйларни кўраётганимиздир. Кўприклар, уйлар бузилиб тушаётгани бежизга эмас. Бунинг иккита асосий сабаби бор: ишга жон бериб, самимий ёндошмаслик (хўжа кўрсинга қилиш) ва пухта қилмаслик.

Уйларнинг чидамсизлиги ва сифацизлигидан тортиб, оддий савдо-сотиқда тарозидан уриб қолишгача мана шу икки омил асосий рол ўйнайди. Одамларда ишига содиқлик, бажараётган ишини сидқидилдан қилиш деган нарсалар тобора йўқолиб бормоқда. Ҳатто Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтган ҳадисдаги замонга қолиб кетдиммикин деб хавотир қиласан киши: “Одамларга шундай замон келадики, киши молни ҳалолданми, ҳаромданми, қандай топаётганига парво қилмайди”.

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг “Метин қоялар” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Cавол: Нафл намозларни овоз чиқариб ўқисак бўладими?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Агар нафл намозни кундузи ўқисангиз, махфий ўқийсиз. Кечаси ўқисангиз, жаҳрий ёки махфий ўқиш борасида ихтиёрли бўласиз. Агар ён-атрофда ухлаётган ёки бошқа иш билан машғул бўлаётганларга халал бермасангиз, жаҳрий ўқисангиз бўлади. Имом Бурҳониддин Марғилоний бу борада бундай деган:

“Кундузги нафл намозда махфий қироат қилади. Кечасидаги нафл намозда махфий ёки жаҳрий қироат қилишда ихтиёрли бўлади. Бу ҳукм фарз намозни ёлғиз ўқиётган кишига қиёслаб олинган. Чунки нафл намозлар фарз намозларни тўлдирувчи ҳисобланади. Демак, ҳукмда у билан бир хил бўлади” (“Ҳидоя” китоби). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Середа, 01 май 2024 00:00

Уч асрлик жоме

Шукрки, юртимиз кўркига кўрк қўша­ётган масжидларимиз сони кун сайин кўпаймоқда. Ана шундай обод, уч асрлик тарихга эга мас­канлардан бири “Мойбулоқ” жомесидир.

Каттақўрғон туманида жойлашган мазкур масжидда “Мойбулоқ” ва “Қоқсой” маҳаллалари аҳолиси тоат-ибодат қилишади.

XVIII асрга оид масжид дастлаб хонақоҳ бўлган. 1936 йилда ҳашар йўли билан қайта қурилган. 1990–1992 йилларда эскирган жоме биноси қайта таъмирланиб, 100–120 нафар намозхонга мўлжаллаб кенгайтирилган. 2013 йилда қўшимча 120 ўринли хонақоҳ қурилди. Намозхонлар сони кўпайиши туфайли масжид биносини кенгайтиришга 2019 йил баҳорида киришилган бўлса, 2023 йил Рамазонда 3000 ўринли жоме қад ростлади.

1936 йили қишлоғимизга Бухоро амирлигидан Ҳусайн Эшон бобо имомлик қилиш учун жўнатилган. Эшон бобонинг еттинчи авлоди бўлган Шерхон Ибодов 1957–1975 йилларда масжидимизда имомлик қилган. 1976–2021 йилларда масжидга Қўлдош Бадалов, Мардон Очилов, Сулаймон Тўраев, Камолиддин Жиянов, Мансур Маликов каби домлалар имомлик қилган. 2021 йилдан бу шарафли ишни Суннатилла Ҳакимов бажариб келмоқда.

Аллоҳнинг уйлари ободлигига ҳисса қўшаётган ҳар бир мўмин-мусулмонни Раббимиз Ўзи ваъда қилган мукофот билан сийласин. Пайғамбаримиз алайҳис­салом: “Ким Аллоҳ учун масжид бино қилса, Аллоҳ унга жаннатда уй бино қилади”, дедилар (Имом Термизий ривояти). 

Хушмамат УМАРОВ,

Каттақўрғон тумани

Середа, 01 май 2024 00:00

Халқ ва дин ғами

Алишер Навоийнинг 1465­–1469 йиллари Самарқанд мадрасасида таҳсил олиши илмий ва ижодий салоҳиятининг янада юксалишига катта хизмат қилди. Бу илм даргоҳида у Хожа Жалолиддин Фазлуллоҳ Абулайснинг таълим-тар­биясидан баҳраманд бўлди.

Қувваи ҳофизаси кучлилиги туфайли Қуръони каримни ва Фаридуддин Аттор­нинг “Мантиқут тайр” достонини ёд олди. Шу боисдан Навоий ҳазратлари ижодига Қуръони карим, тафсирлар ва ҳадиси шарифлар таъсири борлигини инкор этиб бўлмайди. Буни ўзи ҳам тасдиқлайди: “...Кўпрак авқотим Каломуллоҳ иштиғоли ва анинг тафосири қийлу қоли била ўтар эрди, то аҳодис дарёсиға ғавс қилур эрдим ва андин гаронмоя (қимматбаҳо) гав­ҳарлар иликка кивурур эрдим”.

Давлатшоҳ Самарқандий Алишер На­воийга “Мир Низомид-дин”, яъни “Диннинг низоми” деб юксак баҳо берган. Алишер Навоий билан бир даврда яшаган замондошлари уни “Низомиддин Мир Алишер” деб улуғлаганлар.

Ўтган асрнинг бошларида шўро мафкураси халқимизни Ислом дини ва маърифатидан маҳрум қилиб, маънавиятимизга катта зарар етказди. Афсусли жиҳати шундаки, айни мафкура ҳукм сурган замонда Ҳазрат Навоийнинг ҳаёт йўли ва адабий меросини диний­ тасаввуфий тамойиллардан ажратган ҳолда ўрганиш ва таҳлил этиш нотўғри ва чалкаш ёндашувларни келтириб чиқарди.

Ҳазрат Навоий ижодига баҳо беришда дастлаб Қуръони карим, ҳадиси шарифлар, тасаввуф, балоғат ва фасоҳат илмларидан етарли даражада хабардор бўлиш керак. Аксинча, ҳар қандай тадқиқотчи жуда жўн ва юзаки хулосалар чиқариши аниқ.

Алишер Навоий нақшбандия тариқати таълимоти ва кўрсатмаларини ўз ижодий фаолиятида бадиий ифода ва тимсоллар орқали кўрсатиб берганини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Манбаларда Алишер Навоий устози ва пири Нуриддин Абдураҳмон Жомийнинг тавсияларига амал қилгани айтилган.

Ислом дини аҳкомларини яхши билганини деярли барча асарлари, айниқса, “Арбаъин” (“Қирқ ҳадис”), “Вақфия” , “Наз­мул жавоҳир”, “Сирожул­ муслимин” яққол тасдиқлайди. Алишер Навоий мўмин банда ва шоир сифатида Аллоҳнинг тавҳиди ва шариат аҳкомларидан асло оғишмаган.

Хондамир бир ўринда бу зотни ниҳоят­да тақводор, динимиз аҳкомларига сид­қидилдан ва ихлос билан амал қилиб яшаганини таъкидлайди. Тарихчи Воси­фий бу беназир зот оила қуришга им­кони ва лаёқати бўлишига қарамай, зуҳд ва тақво юзасидан оила қурмагани, бутун умрини дин ва халқ хизматига бағишлаганини айтади. Зеро, мутафаккир шоир “Назмул жавоҳир” асарида бундай дейди:

Иймон топқон кишига ҳақ раҳматидин,

Ғам йўқ шайтон вавасау заҳматидин.

Иймон мадор ўлди кўнгул қувватидин,

Кўнгул аро қувват ўлди дин сиҳҳатидин.

Чиндан ҳам ҳазрат Алишер Навоий бир умр эл-­юрт ва миллат қайғуси билан яшади, шу йўлда мол­-мулкини аямади, ўз нафси ва манфаатидан халқнинг манфаатини устун қўйди. У Ҳусайн Бойқаро саройида муҳрдорлик ва бош вазирлик мансабларида хизмат қилди. Шу расмий амалларини бажаришда эл-­юртнинг обод ва фаровон бўлишини ўйлаб иш тутди, муҳтож ва фақирларга хайру эҳсонлар улашди. Ночор талабалар ва уй-­жойи йўқ илм аҳлини уй-­жойлар билан таъминлади. Алишер Навоий давлат ишларида фаол иштирок этиш баробарида ўз мансаби ва вазифасини суиистеъмол қилувчи шахсларни қаттиқ танқид қилди ва уларнинг кирдикорларини фош этиб тўғри иш юритиши ва адолатдан оғишмасликка чақирди:

Адл айлаки, ул халқ ҳаёти бўлмиш,

Хуш ул кишиким, адл сифоти бўлмиш.

Ҳам мулк била адл жиҳоти бўлмиш,

Ҳам адл била мулк саботи бўлмиш.

Шоир жамиятда адолат байроғи баланд кўтарилса, унинг ҳар бир фуқароси ўз ишини адолат билан амалга оширса, мамлакат тараққиёт йўлига киришини таъкидламоқда.

“Маҳбубул қулуб” асарида ижтимоий табақаларнинг ўрни ва хизматини баён этиб, ҳатто шоҳ Ҳусайн Бойқаро хатога йўл қўйганини кўрганда жуда нозик­таъблик ва истиҳола билан эслатиб ўтади. Айниқса, бу асарда вазирлар, қози, муфтий ва шайхулислом каби ижтимоий табақа масъулларининг ўз мансабидан фойдаланиб порахўрлик, гуноҳ ишлардан тап тортмаслиги, халқнинг ҳақидан қўрқмаслиги ва бу билан ўзларига ҳам, халойиққа ҳам катта зиён етказишла­рини танқид қилади.

Хондамирнинг қайд қилишича, Алишер Навоий ўз маблағлари ҳисобидан Ҳиротда ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларида бир неча мадраса, 40 та работ, 17 та масжид, 10 та хонақоҳ, 9 та ҳаммом, 9 та кўприк, 20 га яқин ҳовуз қурдирган ёки таъмирлаш ишларини амалга оширган. Улар орасида Ҳиротдаги “Ихлосия”, “Низомия” мад­расалари, “Халосия” хонақоҳи, “Шифоия” шифохонаси, қориларга мўлжалланган “Дорул-ҳуффоз” биноси, Марвдаги “Хус­равия” мадрасаси, Машҳаддаги “Дорул-­ҳуффоз” хайрия биноси ва бошқа ноёб меъморий ёдгорликлар бор.

Алишер Навоийни фақат шоир деб улуғлашимиз тўғри эмас. У халқпарвар, илмпарвар ва юртпарвар шахс бўлганини асло эсдан чиқармаслик керак. У олиму фузалолар, шоиру адибларни ўз ҳузури­га чорлаб, мунтазам илмий-­маърифий суҳбатлар ва баҳс-­мунозаралар ташкил этган. Бу эса мамлакатда илм аҳли­га эҳтиромни ошириб, илмга қизиқишни янада кучайтиради. Алишер Навоий кўплаб олимлар, шоир ва адибларга ҳо­мийлик қилиб, катта ижодий ишларни амалга оширишларига яқиндан ёрдам берган. 

Бобомурод ЭРАЛИ

Сторінка 1 з 198
Top