muslim.uz

muslim.uz

Четвер, 09 март 2017 00:00

Пешқадамлик сари

Мана, биз соғиниб кутган баҳор фасли ҳам кириб келди. Март ойи байрамлар ойи десак, муболаға бўлмайди. Табиатнинг уйғониш фасли бўлмиш баҳорда халқимиз урф-одатига дахлдор хилма-хил тантаналар нишонланади. Яшариш фаслидаги энг гўзал байрамлардан бири, бу – наврўз байрами ҳисобланади. Ана шу қадимий ва сурурбахш байрам муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги футбол жамоалари ўртасида футбол турнири бўлиб ўтмоқда.

Ҳозирга қадар, турнир доирасида тўртта учрашув бўлиб ўтди. Унда ҳар бир жамоа кучли тўртликдан ўрин эгаллаш мақсадида, астойдил ҳаракат қилмоқда. Қуйида, ушбу жамоалар ўртасида бўлиб ўтган дастлабки учрашувлар натижасини эълон қиламиз.

 

1-учрашув натижалари:

 

“Дўстлик” жамоаси

7 - 10    

“Ҳазрати Имом” жамоаси

“Бухорий авлодлари” жамоаси

6 - 5

“Мовароуннаҳр” жамоаси

 

2-учрашув натижалари:

 

“Дўстлик” жамоаси

5 - 5

“Мовароуннаҳр” жамоаси

“Минор” жамоаси

7 - 7

“Кўкалдош” жамоаси

 

3-учрашув натижалари:

 

“Минор” жамоаси

4 – 5

“Ҳазрати Имом” жамоаси

“Бухорий авлодлари” жамоаси

9 – 3

“Кўкалдош” жамоаси

 

4-учрашув натижалари:

 

“Дўстлик” жамоаси

10 - 5 

“Кўкалдош” жамоаси

“Минор” жамоаси

7 - 6

“Бухорий авлодлари” жамоаси

  

 

      5-учрашув натижалари:

“Дўстлик” жамоаси

8-5

“Минор” жамоаси

“Ҳазрати Имом” жамоаси

7-4

“Мовароуннаҳр” жамоаси

                                                                                

 Эслатиб ўтамиз жорий йилнинг 10 март куни ўйиннинг навбатдаги учрашувлари бўлиб ўтади. Унда қуйидаги жамоалар беллашади.

"КЎКАЛДОШ"      __ : __        "МОВАРОУННАҲР"                       

"ҲАЗРАТИ ИМОМ" (ЎМИ) __ : __ "БУХОРИЙ АВЛОДЛАРИ" (ТИИ)

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

ахборот хизмати

Ислом динининг асосий мақсадларидан бири шахс ва жамият манфаатларига эътибор қаратиш ҳисобланади. Комил шахс тарбиялаш орқали етук жамият шакллантириш назарда тутилади. Абу Мусо разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин мўминга бино кабидир. Бир-бирини қувватлайди”, дедилар ва қўлларини бир-бирига киргаздилар. Инсон нафақат ўзи ҳақида ўйлаши, балки ўзгалар дарди билан ҳамнафас бўлиши керак.

Франциялик сиёсат ва давлат арбоби Франсуа Гизо: “Ўзининг дардини ҳис қилган инсон у тирикдир. Бошқанинг дардини ҳис қила олган эса ҳақиқий инсондир”, деган эди.

Немис файласуфи Эрих Фромм ҳавои истакларни иккига ажратади: рационал (севги, муҳаббат, тирик жонзотларга эътибор қаратиш каби оқилона фойдаланадиган ҳиссиётлар) ва иррационал (хасислик, лаганбардорлик, такаббурлик, ҳасад, рашк каби ҳиссиётлар). Рационал истаклар ҳаётбахш бўлиб, инсонда қувонч ҳиссини кучайтиради, ўзини намоён қилишга кўмакчи бўлади ва унинг ҳаётига маъно бағишлайди.

Иррационал истаклар эса аксинча инсон ҳаётий фаолиятига тўсқинлик қилади, ҳаётбаҳш кучини сўнгдириб ҳардамҳаёлликка, иккиюзламачиликка ва ниҳоят ҳаёт маъносини йўқотишга олиб келади. Агар инсон ўз ҳавои истакларини яхшиликка сафарбар қилса кўпроқ  ўсиш, ривожланиш ва шахсий комилликка эришади. Шу ҳолатга етиш жараёнида Фромм айтганидек ҳавои истакларни жиловлаш ва бўйсиндириш мумкин, аммо тузатиш асло мумкин эмас. Чунки инсон зоти биринчи навбатда ўзи учун эмоционал аҳамиятга эга бўлган нарсага эътибор қаратади. Бунга қуйидаги ҳикояни мисол қилиб келтириш мумкин.

Америкалик ҳинду ва унинг дўсти Нью-Йорк марказида, Манхэттендаги Тайм скверда сайр қилиб юришган эди. Тушлик вақти яқинлашгани сабаб кўчалар одамлар билан гавжум эди. Автомобиллар бир-бирига сигнал берар, йўловчи ташувчи автобус ва енгил машиналар товушлари ушбу шаҳар шовқинига шовқин қўшар эди. Бунинг натижасида ҳар қандай одамнинг қулоқлари том битарди. Тўсатдан ҳинду йигит: “Мен чигиртканинг овозини эшитяпман”, деди. Унинг дўсти : “Нима? Сен менимча ақлдан оздинг!? Бу шовқин-суронда чигиртканинг овозини эшитиб қолишинг мумкин эмас!?”, деди. “Йўқ мен бунга аминман, мен чигиртканинг овозини аниқ эшитаяпман”, деди ҳинду йигит. Ҳинду йигит бир дақиқа жим турди-да сўнг кўчанинг нариги тарафига ўтиб, атрофи буталар билан ўралаган катта хумни олдига келди. У буталар орасига кўз ташлади ва у ерда кичкина чигирткани кўрди.  Унинг дўсти бундан ҳайратдан: “Бу мўжиза-ку, менимча сенда ғайриоддий эшитиш қобилияти бўлса керак!?”, деди. Ҳинду: “Йўқ, менинг қулоқларим сеникидан умуман фарқ қилмайди. Ҳаммаси нимани эшитаётганингга боғлиқ”, деди. Дўсти: “Бу бўлиши мумкин эмас. Мен бу шовқин-суронда чигирткани умуман эшита олмасдим”, деди. Ҳинду: “Ҳа, бу ҳақиқат! Рухсат бер, мен сенга буни исботлаб бераман”, деди. Ҳинду қўлини чўнтагига тиқиб бир ҳовуч тангаларни олди ва уларни йўлакка улоқтирди. Шунда йигирма метр узоқликда кўчада кетаётган ҳар бир йўловчи шовқин-суронга қарамасдан: “Ерда менинг пулларим тушиб қолмадимикин?”, деб ўгирилди. Ҳинду: “Мени энди тушунгандирсан!? Ҳаммаси сен учун нима муҳим эканига боғлиқ”, деди.

Бир форс шоири: “Донишманд бўлиб  яшаш учун кўп нарсаларни билиш шарт”, дейди. Доно бўлиш учун чигиртканинг овозини ҳам, тангаларнинг жарангини ҳам ва ёрдам сўровчининг овозини ҳам эшитиш керак. Аммо инсонлар ўзлари учун келажакда аҳамиятга эга бўладиган нарсаларга эътибор бермайдилар. Инсон ўз ҳавои истаклари жиловида юриб ўзи учун аҳамиятли  бўлган ва ўзининг бахт саодатига ва ривожига муҳим бўлган нарсаларни инкор қилади.

 Инсон жамиятнинг бир бўлаги экан, кундалик ҳаётида қўни-қўшни, дўсту ёрлар ва турли инсонлар билан мулоқотда бўлади. Уларнинг орасида бошига мусибат тушган, қарзга ботган, бедаво дардга учраган ва бошқа қийинчиликларга дуч келгани бўлади. Бундай ҳолатдаги инсонларни дардини эшитиш ва имкон даражасида кўмак бериш барчанинг вазифаси ҳисобланади. Жорий йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” сифатида эълон қилиниши ҳам юртдошларимиз ҳақиқий инсонийлик ва халқпарварлик кўринишларини янада намоён қилишига туртки бўлса ажаб эмас. 

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти тарбиячи-мударриси Ахунджонов Рустам

Четвер, 09 март 2017 00:00

Каъба томидаги олтин тарнов

Мизоб ал-Раҳма (раҳмат тарнови) Каъбанинг Ироқ ва Сурия бурчаклари орасида ўрнатилган бўлиб, томдаги ёмғир сувларини оқизиб юборади. 1627 йил ёмғирлар натижасида Каъба деворларига шикаст етади. Уни қайта тиклаш жараёнида тарнов ўрнатилади. Ёмғир суви иноят рамзи сифатида Исмоил ва Ҳожар онамиз қабрлари томон оқади. Бундан ташкари, Пайғамбар алайҳиссалом тарнов жойлашган томонда туриб дуо қилганлари маълум.

1) Дастлаб бу каби тарнов шакли Қурайшликлар Каъба устига том ўрнатишгандан сунг пайдо булган. Унгача Каъба 4 девордан иборат эди.

2) Тарновда «Басмала» ва «Эй Аллох» битиклари мавжуд.

3) Тарнов қушлар қўнмаслиги учун уткир тиканлар билан қопланган.

4) Дастлаб у ёғоч, кумуш ва пўлатдан қилинган. Тарновни илк бор 1573 йили соф олтиндан ишланган.

5) Узунлиги – 2,53 м, кенглиги – 26 см ни ташкил қилади.

Абдуҳаким Боқиев тайёрлади

Савол: Қазо намозларни ўқишдан олдин ҳам азон айтилади, деб эшитгандим. Бир кунлик намозлар қазо бўлган бўлса, уларни адо этишда ҳар бир намоз учун алоҳида азон айтиладими?

Жавоб: Қазо намозларида ҳам худди вақтида ўқилаётган намоздаги каби азон ва иқомат айтилади. Зиммасида бирдан ортиқ қазо намозлари бўлган одам уларни бир вақтда ўқимоқчи бўлса, биринчи намозга азон айтади, қолганларини иқомат билан ўқийверади. Бу қоида ёлғиз ёки жамоат билан ўқиганга баробардир. Пайғамбаримиз (а.с.) ва саҳобалар Уҳуд ғазотида кетма-кет тўрт вақт – пешин, аср, шом ва хуфтон намозини ўқий олмаганлар. У пайтлар ҳали қўрқув намози ҳақидаги оятлар нозил бўлмаганди. Кейин ҳазрат Билол (р.а.) азон айтганлар ва Расулуллоҳ (с.а.в.) имомликларида аввал пешин, ке-йин аср, сўнг шом ва хуфтон намозларини ҳар бирига алоҳида иқомат билан адо этишган. Уламоларимиз ушбу воқеадан бирдан ортиқ қазо намозларини битта азон ва алоҳида иқоматлар билан адо этиш ҳукмини олишган (“Раддул муҳтор”).

Савол: Ўн беш-йигирма йиллик қазо намозларини ўқиш тартиби, вақтлари қандай?

Жавоб: Ўз вақтида ўқилмаган намоз фақат қазосини ўташ билан зиммадан соқит бўлади.

Кўп йил ўқилмаган намозларнинг қазосини ўташда тартиб шарт эмас, лекин шунда ҳам тартибга риоя қилиш (яъни, олдин бомдод, кейин пешин, сўнг асрни ўқиш) мустаҳабдир (“Фатовойи Ҳиндийя”).

Намозлар қай суратда ўталмай қолган бўлса, қазоси шу суратда ўталади. Яъни, сафарда ўқилмай қолган намоз ҳазарда ҳам қаср қилиб ўқилади. Ҳазарда ўталмаган намозни сафарда қазосини ўқимоқчи бўлган одам тўлиқ ўтайди.

Қазо намозларни куннинг исталган пайтида ўтаса бўлади. Уч маҳал мустасно. Улар: қуёш чиқаётган пайт, кун қиёмга (тиккага) келганда ва қуёш ботаётганда. Мана шу учта вақтда қазо намозларини ўқиб бўлмайди (“Баҳрур роиқ”).

Савол: Уч-тўрт кунлик қазо намозларини бирданига ўқиса бўладими?

Жавоб: Макруҳ вақтлардан бошқа пайтда бир уринишда қувват етганича уч-тўрт кунлик қазо намозларни ўташ мумкин.

Савол: Баъзи намозларда узунроқ, баъзи намозларда қисқароқ қироат қилган яхши, деб эшитдим. Шу ҳақда кенгроқ маълумот берсангиз.

Жавоб: Фарз намозларнинг аввалги икки ракатида, бошқа намозларнинг барча ракатида қироат қилиш фарз бўлиб, унинг энг оз миқдори битта узун ёки учта қисқа оятни ўқишдир.

Қироатнинг суннат бўлган миқдори сафарда, вақтнинг зиқлигида, фотиҳадан сўнг исталган сурани ўқишдир. Ҳазарда (уйда) ва бемалол вақтларда эса бомдод намозида Фотиҳа сурасидан кейин икки ракатда қирқ ёки эллик оят ўқиш суннат. Пешин намози (фарзи)да ҳам шу миқдорда қироат қилиш суннатдир (“Жомиъус сағир”). Аср ва хуфтон намозларида қироатнинг суннат миқдори Фотиҳа сурасидан ташқари йигирма оятдир. Шом намозида эса Фотиҳадан кейин икки ракатга ҳам биттадан қисқа сура ўқиш суннат (“Муҳийт”).

Муқимликда бомдод ва пешин намозлари фарзларида узун суралар ўқилади (“Виқоя”). Узун суралар Ҳужуротдан Буружгача бўлган суралардир.

Аср ва хуфтон намозларига ўртача узунликдаги суралар ўқилади. Бу турга Буруждан Баййинагача бўлган суралар киради.

Шом намозида эса қисқа суралар ўқилади. Баййинадан Қуръоннинг охиригача бўлган суралар қисқа суралар ҳисобланади (“Виқоя”, “Муҳийт”).

Савол: Суннат намозларидаги қироатларда ҳам суралар тартибига риоя қилиш керакми?

Жавоб: Фарз намозларининг иккинчи ракатида биринчи ракатда ўқиган сура ёки оятдан юқоридагисини ўқиш макруҳдир. Аммо суннат намозларда макруҳ эмас (“Муҳийт”).

Савол: Салла билан ҳожатхонага кирса бўладими?

Жавоб: Салла билан намоз ўқилгани ва у мўминнинг тожи бўлгани учун, у билан нопок ерларга, жумладан, ҳожатхонага кириш макруҳ ҳисобланади (“Фатовойи Ҳиндийя”).

Бизнинг буюк тарихимизда Фотима Самарқандийя исмли аёл ўтган.

Бу аёл ўз даврининг катта олими Алоуддин Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳнинг қизи бўлган.

Тарихда Фотима Самарқандийя деб ном қолдирган бу аёл илмда тенги йўқ бўлган. Оталари ўзларига келган фатвони қизларига кўрсатмай туриб жавоб бермаганлар. Шунинг учун барча фатволарда оталари билан бирга қизлари Фотиманинг муҳри босилган.

Фотима Самарқандийянинг хабарлари бутун дунёга тарқалгач, арабу ажамлардан ҳатто баъзи юрт подшоҳлари томонидан совчи кела бошлайди. Лекин Алоуддин Самарқандий қизларини оддий лекин ўта илмли шогирдлари Косоний раҳматуллоҳи алайҳга берганлар.

Шогирдларига қизларини турмушга узатиш қиссаси шундай бўлган:

«Алоуддин Самарқандийнинг «Туҳфатул фуқаҳо» номли фиқҳ фанидаги машҳур асарлари бор эди. Шогирдлари Косоний ўша китобни 8 томлик китоб қилиб шарҳладилар ва «Бадоиус саноиъ» деб ном қўйдилар. Китобни кўрган устозлари қизларини шогирдларига никоҳлаб қўйдилар».

Шунинг учун баъзилар:

(شَرَحَ تُحْفَتَهُ وَزَوَّجَهُ ابْنَتَهُ)

Яъни: «Туҳфа китобини шарҳлатиб қизини ўшанга турмушга берди», дер эди.

Фотима Самарқандийя турмушга чиққач илм олиш ва илм беришдан тўхтамадилар. У киши эрларига ҳам баъзи масалаларда берган фатволарини тўғрилаб, эрлари қилган хатоларини баён қилиб берар эдилар.

Бу ҳақда муаррих Ибн Адим шундай ёзади:

«Фотима мазҳабдаги фиқҳий масалаларни эридан кўра яхшироқ биларди. Баъзида Косоний хато қилиб қўйса Фотима, унинг хатосини тўғрилаб фатводаги хатосини баён қилиб берар эди. Ҳатто Косонийнинг ўзи ҳам баъзи масалаларда аёлидан фатво сўрарди».

Ушбу фақиҳа аёл 581 ҳижрий санада Ҳозирги Сурияда Ҳалаб шаҳрида вафот қилганлар. Қабрлари Иброҳим Халил жоме масжиди олдидаги қабристонда. Аёллари вафот этгандан сўнг Косоний раҳматуллоҳи алайҳ ҳар жума куни аёлларини зиёрат қилгани келар эдилар. Кейинчалик Косоний ҳам вафот қилдилар ва у киши ҳам Сурияда дафн қилиндилар. 

Одилхон қори Юнусхон ўғли

Top