muslim.uz

muslim.uz

Самарқанд вилоятида оила қураётган ёшларнинг оилага бўлган жиддий муносабатини шакллантириш, оиланинг мустаҳкамлигида эр-хотиннинг иноқлиги хусусида тушунтиришлар бериш мақсадида кўплаб учрашувлар ташкил этилмоқда. Учрашувлар жойлардаги ФҲДЁ (фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш) бўлимларида ёш оила қурувчилар билан олиб борилиб, улар тобора такомиллашиб, сермазмунлик касб этиб бормоқда.

5 декабрь куни ўтказилган учрашувда оила муқаддаслиги, масъулияти, эр-хотин вазифаси, бурч ва мажбуриятлари ҳақидаги никоҳ риштасининг мустаҳкамлигини таъминловчи насиҳатлар билан бошланган. Шундан сўнг ёшларнинг дунёқараши, қаршисида турган ҳаётининг янги босқичи бўйича тасаввури нималардан иборат эканлигига эътибор қаратилган.

Муҳокама ва савол-жавоб услубида олиб борилган суҳбат асносида ёшлар дунёқарашлари, фикр доираларидан келиб чиқиб мулоҳазаларини баён қилдилар.

Таъкидлаш лозимки иштирокчиларнинг аксарияти дабдаба тарафдори эмас ва имкон қадар ота-оналарига енгиллик бўлишини истайдилар. Албатта, уларнинг ушбу хилдаги хулосага келишларида имом хатиблар томонидан олиб борилаётган тушунтириш ва насиҳатларнинг ҳам салмоғи катта. Зеро, Қуръони каримда:

“Эслатинг! Зеро, эслатма мўминларга манфаат етказур”, дея таъкидланган. (Зориёт сураси, 55-оят).

Бу галги учрашувларнинг ўзига хос жиҳатларидан бири Булунғур тумани ФҲДЁ бўлимидаги суҳбат давомида коллеж талабалари томонидан қайнона келин муносабатларига бағишланган саҳна кўриниши намойиш этилганини алоҳида таъкидлаш лозим.

 

ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги

Ўн тўққизинчи асрда Ҳиндистонни тўлиқ мустамлакага айлантирган Британия истилочиларининг иштаҳаси карнай бўлиб кетади ва Афғонистонга юриш бошлайди. Афғонлар ва инглизларнинг  1838-1842 йиллар орасида бўлиб ўтган урушида инглизларнинг 16000 қўшини батамом қириб ташланади.

Орадан деярли 40 йил ўтиб, 1880 йилда Мейванд деган жойда бўлиб ўтган маҳорабада инглизлар иккинчи марта яксон қилинади.

Осиёга жуда катта даъволар билан келиб Ҳиндистон тахтини бобурийлардан тортиб олган инглизлар учун бундан ортиқ шармандалик бўлиши мумкин эмас эди. Енгилган курашга тўймас деганларидек, орадан яна 40 йилга яқин вақт ўтиб, 1919 йилда Англия учинчи марта Афғонистонга юриш қилади. Афғонларнинг деярли кўнгиллилардан иборат 60 минг аскардан иборат армияси инглизларнинг 340 минг кишидан иборат мунтазам қўшини билан юзма-юз жанг қилиб уларнинг жанговарлик руҳини синдиради. Натижада ўша йилнинг ўзидаёқ Англия Афғонистон мустақиллигини тан олишга мажбур бўлади.

Ҳазрати Ойиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ҳузурига бир аёл келди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрини зиёрат эттиришини илтимос қилди. Ойиша онамиз қабр турган муборак ҳужрани очди ва аёл зиёрат этди ва йиғламоқни бошлади, йиғлаб-йиғлаб жон таслим қилди. 

Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳудан: “Сиз Расулуллоҳни қанчалик севасиз?” деб сўрашди. Ҳазрати Али: “Қасам ичиб айтаманки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг молимиздан, фарзандимиздан, ота-онамиздан ва жазирама иссиқда қўлимизга етган совуқ сувдан-да севимлидир”, деди.

Мен ҳам Сизни  севаман, ё Расулуллоҳ. Ишқини айта олмаган Увайс каби, ул Ҳабаши Билол каби, ошиқман Сизга, ошиқман, девонаи Мажнун каби мен ҳам Сизни севаман ё Расулуллоҳ, Мен Сизни севаман ё Ҳабибуллоҳ.

 

Сиз жонимсиз, сиз гулимсиз, томиримдаги қонимсиз,

Ота-онам фидо бўлсин, севаман, ё Расулуллоҳ.

Шул яманлик Увайс каби, ул ҳабашлик Билол каби,

Ошиқдурман Мажнун каби севаман, ё Расулуллоҳ.

****
Раббим Ҳабибимсан демиш, тоғу тошлар тилга кирмиш,

Умматингиз кўнгил бермиш, севаман ё Расулуллоҳ.

Шул яманлик Увайс каби, ул ҳабашлик Билол каби,
Ошиқдурман Мажнун каби севаман, ё Расулуллоҳ.

****
Ким жонини бермас сизга, оқар кўнглим сизга яна,

Речели қурбон  бўлсин изингизга, ё Расулуллоҳ.

Шул яманлик Увайс каби, ул ҳабашлик Билол каби
Ошиқдурман Мажнун каби севаман, ё Расулуллоҳ.

Исмоил Байхон Абдураҳмон ва Речели Булбул дуэти

                                               Таржимон: Робия ЖЎРАҚУЛОВА

Миллат тарихида ўчмас из қолдирган саналар бўлади. Эртага мамлакатимизда ана шундай кунлардан бири – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллиги тантана қилинади.

Конституциямизнинг 31-моддасида фуқароларнинг асосий ҳуқуқларидан бири виждон эркинлиги ҳуқуқи ҳисобланиши кўрсатилган.

Виждон эркинлиги инсоннинг ажралмас ҳуқуқларидан бири ҳисобланади. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 18, 19-моддаларида виждон эркинлиги масаласи ўз ифодасини топган.

Виждон эркинлиги масаласи таъкидланган юқоридаги декларация ва Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги  халқаро пактда қуйидаги ҳолатларда акс этган:

- ўз хоҳишига кўра динга эга бўлиш;

- ўз динини ўзгартириш;

- диний расм-русум ва ибодат маросимларини ўтказиш.

 Конституциямизда виждон эркинлиги масаласига бағишланган модданинг ўрин эгаллаши муҳим ижодий аҳамиятга эга. Мамлакатимизда виждон эркинлиги ва диний эътиқод эркинлиги масалалари Конституциямиз, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун (янги таҳрири) ва бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади. Тилга олинган қонуннинг 3-моддасида белгиланишича, виждон эркинлиги – фуқароларнинг ҳар қандай динга эътиқод қилиши ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмасликдан иборат кафолатланган конституциявий ҳуқуқидир.

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг равишда виждон эркинлиги ва диний эътиқод эркинлиги ҳуқуқидан фойдаланади ҳамда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун ҳужжатларини бузганлик учун қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Демак, табиий ва демократик ҳуқуқлардан ҳисобланган виждон эркинлиги масаласи Конституция ва қонунларимизда ўз аксини топган ва мустаҳкамланган.

Жаҳонгир ҲОТАМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ходимлар бўлими мутахассиси

Четвер, 07 декабрь 2017 00:00

Ашраф Ғанини лол қолдирган масжид

6 декабрь куни Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Бухоронинг қадимий меъморий обидалари билан танишгани ҳақида маълум қилинди.

Хабарга кўра, Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани бошчилигидаги делегация аъзолари куннинг иккинчи ярмида Бухоро шаҳрининг тарихий марказига ташриф буюрган.

Меҳмонлар кўҳна Арк қалъаси, Пойи Калон мажмуаси таркибига кирувчи Минораи Калон, Масжиди Калон ва Мир Араб мадрасаси ҳамда шаҳарнинг бошқа диққатга сазовор жойлари билан танишди.

Мажмуадаги 10 минг кишига мўлжалланган Масжиди Калон тарихий обидаси, унинг тарихи, бинонинг меъморий улуғворлиги, ибодат қилувчилар учун яратилган қулайликлар Афғонистон Президентини лол қолдириб, делегация аъзоларида катта таассурот уйғотган.

Афғонистон делегацияси аъзолари Когон тумани ҳудудида жойлашган буюк аждодимиз Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуасида бўлиб, Нақшбандия тариқатининг йирик намояндаси қабрини зиёрат қилди. Қуръон тиловат қилинди.

Шунинг билан Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғанининг мамлакатимизга ташрифи ниҳоясига етгани айтиб ўтилган.

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top