Ўзбекистон янгиликлари

Шу йил 22 январь куни илк зиёратчилар Саудия Арабистонига учган бўлса, ҳозирда ҳар куни Жидда ва Мадина шаҳарларига икки марта авиапарвоз мунтазам амалга оширилмоқда. Бу эса муборак зиёратчиларимиз сони тобора кўпайиб бораётганидан далолат беради.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Нукус шаҳридаги “Имом Эшон Муҳаммад” жоме масжидига ташрифлари чоғида бу ҳақда тўхталиб, шундай дедилар:

“Ҳозирги кунда дунё бўйича Умра зиёратига борувчиларнинг энг кўпини ўзбекистонлик зиёратчилар ташкил этмоқда. Ҳатто Малайзиядан келганлардан ҳам кўп экан. Шу кеча кундузда умрачиларнинг сони 10 мингга етди. Бундан кейин ҳам зиёратчилар сони ортиб бораверади, яна қанча борадиганлар бўлса, шунча ўрин берилади. Юртбошимиз инсон қадрини улуғлаш ҳақида кўп бор таъкидлаб, “қаерда бўлса, инсон қадрлансин” деяптилар. Биз ҳам шунга амал қилган ҳолда, муборак зиёратга отланган юртдошларимиз учун Макка ва Мадина шаҳарларида барча шарт-шароитлар яратишга ҳаракат қилдик. Биринчи навбатда, зиёратчиларимиз учун энг юқорида даражадаги Масжидул Ҳарамга яқин бўлган меҳмонхоналар танланди. Бундай қулайлик уларга эмин-эркин ибодату зиёрат қилиш имконини бермоқда. Бунинг учун Яратганга шукроналар айтмоғимиз, шароитларни қилиб бераётган ҳукуматимиздан миннатдор бўлмоғимиз лозим”.

Ҳақиқатан, ҳозирга қадар 10 мингдан ортиқ юртдошларимиз муборак зиёратни адо этдилар. Умра тадбирларини 10 нафар ишчи гуруҳ бошқараётган бўлса, 200 нафар тажрибали элликбоши ва 45 нафар шифокор жалб этилган. Улар зиёратчиларининг саломатлиги, шарт-шароити ва кундалик эҳтиёжларидан доимий бохабардир.

Аллоҳ таоло умра зиёратини бошлаган ҳамюртларимизнинг сафарларини хайрли ва баракали қилсин, муборак зиёратни барча мўмин-мусулмонларга насиб этсин!


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1927 times

Янгиликлар

Top