Ўзбекистон янгиликлари

«Кувайт исломий билимлар хайрия ташкилоти» раиси юртимиз меҳмони

 

Бугун, 2023 йил 5 сентябрь куни «Қувайт исломий билимлар хайрия ташкилоти» раиси шайх Абдуроҳман ал-Маътуқ, Али ал-Кандарий, Муҳаммад ал-Фаҳд ва Саудия Арабистонидан шайх Умар Абдуроҳман юртимизга ташриф буюрдилар. Меҳмонларни «Hilol-nashr» матбаа-нашриёти раҳбари, устоз  Исмоилжон Муҳаммад Содиқ мамнуният ила кутиб олдилар.  
Даставвал азиз меҳмонлар «Hilol-nashr» матбаа-нашриётининг бош дўконига ташриф буюриб, у ердаги диний-маърифий, адабий бадиий асарлар билан яқиндан танишдилар. Сўнгра Islom.uz порталининг иш фаолияти ва Hilol Media маркази, хусусан, тасвирга олиш майдончаси, овоз ёзиш студияси ҳамда бошқа жараёнларни кўздан кечирдилар. Ташриф асносида Исмоилжон домла меҳмонларга фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг ибратли ҳаёт йўлларидан ҳикоя қилувчи «Исломга бағишланган умр» ҳужжатли фильми ҳақида қисқача маълумотлар бериб ўтдилар. 
Шундай сўнг муҳтарам меҳмонлар фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф томонидан асос солинган «Hilol-nashr» матбаа-нашриётининг босмахонасига қадам ранжида айлаб, бу ердаги китобларнинг чоп этилишига бевосита гувоҳ бўлиб, қалбларидаги илиқ таассуротларини изҳор этдилар. 
Юртимизга ташриф буюрган азиз меҳмонлар портал, нашриёт, китоб дўкони, босмахона ходимларининг самимий ва илиқ муносабатидан миннатдор бўлиб, бундай эътибор учун барчага ташаккур билдирдилар. 

Read 465 times

Янгиликлар

Top