Ўзбекистон янгиликлари

Тожикистон муфтийсидан миннатдорлик мактуби

2023 йил 25-26 ноябрь кунлари Тошкент ва Бухоро шаҳарларида бўлиб ўтган нуфузли тадбирлар ҳамда халқаро конференцияларда иштирок этган муфтийлар ва уламолар номидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларига миннатдорлик мактублари келмоқда.

Ана шундай мактублардан бири Тожикистон Ислом маркази раиси, Тожикистон муфтийси Саидмукаррам Абдуқодирзода жанобларидан келган. Жумладан:
– Машҳур Мир Араб мадрасасининг 500 йиллигига бағишланган халқаро конференцияни аъло даражада ўтказилгани, Ўзбекистон Республикасида самимий қабул ва меҳмондўстлик кўрсатилгани учун чуқур эҳтиромимиз ва чин дилдан миннатдорлигимизни қабул қилгайсиз. Шунингдек, ушбу сафарда муносиб хизмат кўрсатган ва доимий ҳамроҳлиқ қилган Тошкент шаҳридаги “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудири Абдуҳаким қори Матқуловни бириктирилгани учун алоҳида ташаккур изҳор этамиз.

Умид қиламизки, бундай муҳим ва долзарб тадбирлар диний идоралар раҳбарларининг ўзаро тушуниши ва ҳамкорлигига катта ҳисса қўшади, глобал тинчлик ва икки томонлама мулоқотни ривожлантиришга муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Келажакда алоқаларимиз ва дўстлигимиз янада мустаҳкамланади, дейилади миннатдорлик мактубида.

Мана шундай миннатдорлик мактубларида юксак эътибор ва юқори даражадаги ташкилотчилик учун ташаккур билдириш баробарида Ислом дини ривожи йўлидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва мусулмон уммати учун долзарб масалаларга ечим топиш борасидаги учрашувлар юқори баҳоланган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 560 times

Янгиликлар

Top