Дунё янгиликлари

Нима учун қарз-ҳавола қилиб ҳаж амалини бажариб бўлмайди?

Нурсултон шаҳридаги “Ҳазрат Султон” масжиди имоми Мақсатбек Қаирғалиев навбатдаги ҳаж мавсумига бағишланган матбуот анжуманида нима учун қарз-ҳавола қилиб ҳаж амалини бажариб бўлмаслигини изоҳлаб берди.

“Ислом динининг шартларидан бири бўлмиш ҳаж амалини бажариш учун бировдан қарз ёки кредит олиб бўлмайди. Негаки, ҳаж сафари харажатларига ва сафарга бориб келгунича фарзандларини харажатларига етадиган маблағга эга бўлган кишигагина ҳаж фарз бўлади. Яъни, шу харажатларни қоплашга имконияти бор кишигина ҳаж амалини бажариши мумкин”, - деди имом.

Унинг фикрига кўра, бунга у ҳам моддий, ҳам руҳий, ҳам соғлиқ жиҳатдан тайёр бўлиши керак.

“Ҳозир шундай имкониятга эга эмас экан, у кейинги йилгача пул тўплаши ва ҳаж амалини бажарса бўлади. Ташқаридан маблағ жалб қилиш, кимдандир қарз олишга эҳтиёж йўқ”, деди Мақсатбек Қаирғалиев.
Айтилишича, шу йилнинг 31 июлидан 20 августга қадар Қозоғистондан ажратилган квота бўйича 3200 нафар инсон ҳаж амалини бажаради. Бўлажак ҳожиларга қозоғистонлик «Scat» ва саудиялик «FlyNas» авиакомпаниялари хизмат кўрсатишади. Биринчи рейс Оқтов ва Чимкент шаҳарларидан бўлиши режалаштирилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2572 марта ўқилди

Янгиликлар

Top