Дунё янгиликлари

Истанбулнинг Таксим майдонида улкан масжид қурилиши якунланмоқда

Истанбулнинг машҳур Таксим майдонида катта масжид қурилиши якунланмоқда. Islam.plus сайти хабарига кўра, бу ерда масжид қуриш ғояси ўтган асрнинг 50-йилларидан бери пайдо бўлиб келган бўлса-да, ушбу ғояни 2014 йилдан бери мамлакатни бошқариб келаётган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғангина уни амалга оширишга муваффақ бўлди. Масжид қурилиши 2017 йилнинг қишида бошланиб, сиёсий можаролардан ҳоли бўлмаган.
Шаҳарсозлик палатаси ушбу улкан бино ҳудуднинг тарихий тузилишига зарар етказишини таъкидлаб, лойиҳани тўхтатиб қўйиш борасида судга мурожаат қилди. Аммо демографик ўзгаришлар туфайли илтимоснома судда рад этилган: ҳозирда бу ерда асосан мусулмонлар истиқомат қилади ва ўтган аср мобайнида бу ерда улар учун бирорта ҳам масжид қурилмади (ҳудудда ягона кичик масжид жойлашган).
Қурилиш майдони сифатида Франция элчихонаси яқинидаги катта автотураргоҳ танлаб олинган. Маданият ва санъат жамғармаси томонидан буюртма қилинган ушбу лойиҳа Халқаро меъморлар иттифоқининг мукофотига сазовор бўлди. Унинг муаллифи фахрий профессор Аҳмет Вефик Алп эди.
Мажмуа масжиддан ташқари музей ва маданият марказини ҳам ўз ичига олади. Шунингдек, майдонда XIX асрда ушбу жойда жойлашган Усмонли даври артиллерия казармасини қайта реконструкция қилиш режалаштирилган.
Таксим майдонининг номи "бўлиниш" деб таржима қилинади, чунки 19 асрнинг охирига қадар ўрмон манбаларидан келадиган сув бу ердан тарқалган. Шунингдек бу ерда шаҳарнинг янги ва эски мавзелари ўртасидаги чегара ўтади. Ҳозирги кунда шаҳар атрофидаги туристик йўналишларнинг аксарияти шу ердан бошланади. Унда барча турдаги байрам тадбирлари, оммавий тантаналар ҳам бўлиб ўтади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1295 марта ўқилди

Янгиликлар

Top