Янгиликлар

Уламолар Кенгаши йиғилиши

Шу йилнинг 4 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов очиб бериб, мажлис иштирокчиларини юртимиз мустақиллигининг 25 йиллиги билан самимий муборакбод этдилар ва ушбу қутлуғ айёмга тайёргарлик ишлари ҳақида сўзлаб, имом-хатибларга бу борада бажариш лозим бўлган вазифалар юзасидан топшириқлар бердилар.

Муфтий ҳазратлари, шунингдек, истиқлол йилларида диний соҳада эришилган улкан ютуқлар ҳақида батафсил тўхталиб, бу ютуқларга, энг аввало Аллоҳ таборака ва таолонинг берган улуғ инъоми – мустақиллик ва тинчлик-омонлик неъмати туфайли эришаётганимизни алоҳида таъкидладилар.

Бугун дунёнинг кўплаб минтақаларида давом этаётган нотинчликлар, худкушлик ва биродаркушлик урушлари юз минглаб бегуноҳ инсонларнинг умрига зомин бўлаётгани, миллионлаб оилаларнинг бегона юртларда саргардонликка маҳкум этилаётгани афсус билан эслаб ўтилди. Бу хунрезликлар ортида турган манфур кучларнинг фитнасидан ҳамюртларимизни огоҳ этиш, уларнинг бузуқ ғоя ва ақидаларига ота-боболаримиздан мерос – мотуридийлик ақидаси ва ҳанафийлик мазҳаби асосида раддиялар бериш, ёшларнинг бундай тузоқларга тушиб қолишдан ҳимоя қилиш имом-хатибларнинг бирламчи вазифаси, муқаддас бурчи экани алоҳида қайд этилди. Муфтий ҳазратлари бу соҳада Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан амалга оширилган ишлар ҳақида тўхталар экан, “ИШИД фитнаси”, “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” ва “Дунё уламолари мурожаати” китоблари юртимизда ва хорижий мамлакатларда кенг жамоатчилик томонидан яхши кутиб олингани, юксак баҳоланганини айтиб ўтдилар.

Шунингдек, мажлисда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов, Ўзбекистон мусулмонлари раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари ўз маърузалари билан иштирок этиб, аждодларимизнинг асрий орзуси бўлган мустақиллик йилларида амалга оширилган ишларни ифтихор билан тилга олишди. Диний соҳа ходимлари фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш юзасидан фикр-мулоҳазаларини баён этишди, баъзи камчиликлар юзасидан тегишли ходимларга зарурий тавсиялар беришди.

Шунингдек, Уламолар Кенгаши ваколатига кирувчи турли масалалар муҳокама қилинди. Мажлисда бир қатор ташкилий масалалар ҳам кўрилди.

Шу билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган мажлиси ўз ишини якунлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ахборот хизмати

5369 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Обидалардаги битиклар 3-ўрин натижалари »

Янгиликлар

Top