Ўзбекистон янгиликлари

Миссионерлик - муртадликка чорлов

“Миссионерлик - бирор динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилишдир. Бундай ҳаракат давлатларнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётини издан чиқаради. Яхлит бир халқ ва миллатни парокандаликка олиб келиб, уларни гуруҳ ва табақаларга бўлиб юборади. Оқибатда аҳолининг асрлар оша шаклланиб келган миллий ва диний қадриятлари оёқости бўлишига ва ниҳоят, йўқолиб кетишига олиб келади.

Динидан воз кечган киши исломда муртад ҳисобланиб, унинг барча қилган савоб ишлари йўқ бўлиб кетади, агар, тавба қилиб, йўлидан қайтмаса, жаҳаннам эгаларидан бўлади”, дейди Самарқанд шаҳар “Мурод Авлиё” масжиди имом-хатиби Фаҳриддин Ҳусанов 33-мактаб ўқувчилари билан “Миссионерлик жамият барқарорлигига таҳдид” мавзусида ўтказилган суҳбатда.

Имом-хатиб миссионерлик ҳаракати бугунда янгича йўналиш ва янги технологиялар воситаларида фаолият юритаётганлиги билан хавфли эканлигини айтиб, қуйидагиларни маълум қилди:

“Уйма-уй юриб, «Хушҳабар» етказиш, яъни одамлар билан куннинг долзарб муаммолари ҳақида суҳбатлашиш, уларнинг дардларига қизиқиш билдириш ва ушбу муаммолардан чиқиш йўлларини кўрсатиб беришни таклиф қилиб, ўз ташкилотларига жалб қилиш миссионерликдаги яхши самара берадиган усуллардан бири ҳисобланади.

Миссионерлик келтириб чиқараётган салбий оқибатларни айрим ҳаётий мисолларда ҳам кўриш мумкин.

Хусусан, бизга қўшни бўлган баъзи давлатларда христиан динини қабул қилган кишилар вафот этганда жасадни қабристонга қўйиш билан боғлиқ муаммолар келиб чиқмоқда. Майитнинг мусулмон ота-оналари ўз фарзандларини христиан мозорига дафн этишни хоҳламаганлари, мусулмонлар эса христиан дини вакили жасадини ўз мусулмон биродарлари ётган жойга қўйишни истамаганликлари натижасида келишмовчиликлар юзага келмоқда”, дейди имом-хатиб.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

2031 марта ўқилди

Янгиликлар

Top