Ўзбекистон янгиликлари

“Исломобод” масжиди мўмин-мусулмонлар севимли маскани ва шаҳримиз кўркига айланади

Аввал хабар берганимиздек, бугун Тошкент шаҳри Олмазор туманида жойлашган “Исломобод” жоме масжидининг янги биносига илк ғишт қўйиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари иштирок этиб, бир гуруҳ уламолар, ёши улуғ отахонлар билан биргаликда масжид пойдеворига тамал тошини қўйиб бердилар.

Тадбир давомида муфтий ҳазратлари оммавий ахборот воситалари, маросим иштирокчиларига юртимизда бўлаётган хайрли ўзгаришлар, динимизда ободлик ва покизаликка бўлган эътибор ҳақида сўзлаб, жумладан бундай дедилар: “Аллоҳ таоло юртимизга берган тинчлик-ҳотиржамлик неъмати туфайли барча соҳаларда бўлгани сингари диний соҳада ҳам катта ўзгаришлар бўлмоқда. Алҳамдулиллаҳ, юртимиздаги қайси жойга бормайлик, масжидларимиз мўмин-мусулмонларимиз билан обод. Мамлакатимизга келган хорижлик меҳмонлар масжид ва зиёратгоҳлар ободлиги, уларда яратилган шароитларни кўриб қойил қолишмоқда. Бундай имкониятлар, албатта, кўп жойларда йўқ. Яқинда юртимизда бўлиб қайтган Миср Бош имоми, Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари шайх Аҳмад Муҳаммад Тоййиб ҳазратлари юртимизда бўлаётган ислоҳотларга таҳсин айтиб, Аллоҳ таоло ато этган бу неъматларга кўп шукр қилиш кераклигини айтдилар.

Мўмин-мусулмонлар динимизнинг ҳар бир кўрсатмаларига амал қилиши лозим. Шунда икки дунё яхшилигига эга бўладилар. Динимиз назокат, тозалик, поклик устига қўрилган. Пайгамбар соллаллоху алайхи васаллам: «Поклик иймоннинг ярмидир...», – деганлар (Имом Муслим, Имом Насаий, Имом Термизийлар ривояти).
Демак, мўмин-мусулмонлар кундалик турмуш тарзида озодаликка катта эътибор бериши, жумладан, масжидларни обод ва пок ҳолатда сақлаши лозим экан. Шунингдек, уйимиз, маҳалламизни озода тутсак, динимизга мувофиқ иш тутган бўламиз”.
Тадбир давомида масжид қурилишига ҳомийлик қилаётган, ўз ҳиссасини қўшаётганларга миннатдорчилик билдирдилар, йиғилганлар билан юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлигини, эл-юртимизни турли офат ва касалликлардан асрашини сўраб хайрли дуолар қилдилар.

Масжид лойиҳаси миллий обидаларимиздан андоза олган ҳолда тўғри тўртбурчак шаклида қурилмоқда, – дейди “Mamur Project” корхонаси раҳбари Исҳоқжон Аҳмедов. – Масжид икки қават ва ертўладан иборат бўлиб, бир вақтнинг ўзида кўп одамни сиғдиради. Бошқа масжидлардан фарқли равишда баландлиги 54 метрли тўрт минорали ва 4 гумбазли бўлади. Унинг ёнида катта автотураргоҳ қад ростлайди. Қурилиш учун кетадиган барча маҳсулотлар ўзимида ишлаб чиқарилган, четдан олиб келишга хожат йўқ.

Ушбу масжидни мўмин-мусулмонларга ҳар томонлама қулай қилиб қуриш мақсадида Юртимиздаги кўплаб масжидлар ҳолатини ўргандик, – дейди “Исломобод” масжиди қуриши бошлиғи Муҳаммаджон Умаров. – Жумладан, масжидга намозхонлар сиғимини кўпайтириш, кириш эшикларида тирбандликнинг олдини олиш, таҳоратхоналарда навбат кутиш муаммоларни бартараф этиш учун масжидни кенг, эшиклари кўп, хонақоҳ ва ертўлаларни баландроқ қилиб қурмоқдамиз. Шунингдек, хавфсизлик жиҳатларига алоҳида эътибор бердик.

Бу йилги масжид томини ёпиб олишни режалаштирганмиз. Масжид 8 минг нафар намозхонга мўлжалланмоқда. Намозхонлар хонақоҳ, ертўла ва балконда ибодатларини адо этишлари мумкин. Аёллар учун алоҳида намозхона ва таҳоратхона бўлади. Қурилишни 2021 йил охирига қадар битиришни режалаштирганмиз, дейди “Эҳсон” фирмаси вакили Абдусалом Абдиқодиров.
Аллоҳ таоло ушбу масжид қурилишини хайрли ва баракали қилсин, унга ҳисса қўшаётганларга ажру савобини кўпайтириб берсин, юртимиз яна кўплаб масжидлар қурилишини насиб айласин.


Баҳриддин ХУШБОҚОВ,
ЎМИ Матбуот хизмати 

2018 марта ўқилди

Янгиликлар

Top