Ўзбекистон янгиликлари

РАСМИЙ БАЁНОТ: вирус бир одамдан иккинчи одамга юқиши давом этаркан унинг касаллик чақириши ортиб бораверади
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков:
 
– Ўзбекистон Республикасида коронавирус билан касалланганлар сони 2020 йил 25 март эрталаб соат 9:00 ҳолатида 55 нафарни ташкил этди. Ушбу беморларнинг барчаси Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида даволаш муолажаларини олмоқда. Мазкур институт раҳбарияти маълумотига кўра, ҳозирги дақиқаларда 13 нафар беморда ўпка яллиғланиши – пневмония аломатлари кузатиляпти. Беморлардан 4 нафарининг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда. Улар интенсив-терапия муолажалари олмоқда.
 
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар даволаш профилактика муассасаларида, профилакторияларида, санаторияларида ташкил этилган махсус изоляторларда ҳаммаси бўлиб 20 мингдан кўпроқ фуқаро карантин тадбирларини ўтаяпти. Улар тиббий кузатувга олинган.
 
Ҳурматли фуқаролар!
 
Дока ниқоблардан фойдаланиш, одамлар билан мулоқотда бўлганда масофани ушлаш кераклигини қайта-қайта эслатяпмиз. Шунга қарамай, дока ниқобларни тақишга юзаки қараш, бу ниқобларни тақиш қоидаларига риоя қилмаслик, шунчаки бўйнига, оғзига ёки иягига илиб қўйиш ҳолатлари учраяпти. Касалланиш сони ортиб бораётганини кўриб турибсиз. Қачонки вирус бир одамдан иккинчи одамга юқиши давом этаркан унинг касаллик чақириш қобилияти ортиб боради. Касалликни кейин юқтириб олган беморда оғир кечиши, оғир асоратларга олиб келиши мумкинлигини зинҳор ёддан чиқарманг.
 
Бугундан бошлаб, дока ниқобларни, ҳимоя воситаларини тақмаганганларга нисбатан жазо қўлланилиши белгилаб қўйилган. Ҳар бирингиз ўз саломатлигингиз, оилангиз, яқинларингиз саломатлиги учун масъул эканингизни, қолаверса республикада эпидемик вазиятни барқарор ушлаш бўйича ҳам ҳар бирингиз масъул эканингизни яна бир бор эслатиб ўтамиз. Шуни унутмангки, бу касалликдан ҳеч ким кафолатланган эмас. Ҳар биримиз касалликка чалиниш эҳтимоли борлигини ёдда тутинг ва эҳтиётингизни қилинг.
 
Манба: http://uza.uz
1922 марта ўқилди

Янгиликлар

Top