Ўзбекистон янгиликлари

Она-Вaтaн мaдҳи юрaклaрдa жўш уради!

Давлат мадҳияси қабул қилинганлигининг 24 йиллиги диёримизда кенг нишонланди. Хусусан, ўқув юртлари, таълим муассасаларида ҳам “Ватаним мадҳияси – фахрим, ғурурим” шиори остида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди. Уларда олиму уламолар, зиёлилар, шоиру ёзувчилар, устоз ва мураббийлар ҳамда ўқувчи ёшлар иштирок этди.
Мана шундай маърифий тадбирлардан бири Тошкент шаҳри Олмазор туманида жойлашган 261-сонли умумтаълим мактабида Ўзбекистон Республикаси Давлат Мадҳияси қабул қилинган кун муносабати билан бўлиб ўтди.
Ушбу тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси, Тошкент шаҳридаги “Хожа Аҳрор Валий” жоме масжиди имом-хатиби Исомиддин Aҳроров иштирок этиб, устоз-мураббийлар ва ўқувчилар билан ватанпарварлик, ота-онага ҳурмат ва устоз-мураббийларга эҳтиром, илм-маърифат эгаллашга бўлган иштиёқни янада ошириш каби мавзуларда суҳбат қилиб берди.


Дарҳақиқат, ватанпарварлик туйғусини мужассам этган мадҳиямиз бугун таълим масканларида ёш авлоднинг Ватанга муҳаббат руҳида камол топишига хизмат қилмоқда. Мадҳия – қалбида ўз Ватанига муҳаббат ва садоқат туйғуси бор ҳар қандай кишида миллий ғурур, ўзига хос фахр, энг муҳими юртга меҳр уйғотади. Бу миллий тимсолда халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажаги, шунингдек, зийнати, орзу-ўйи, маслак-мақсади мужассам. Сўзга чиққан нотиқлар томонидан ана шундай мазмундаги гапларга алоҳида эътибор қаратилди.
Манбаларда қайд этилишича, Имом Муҳаммад Ғаззолий алайҳирроҳма шундай деган эканлар: «Ватаннинг ҳам ҳақлари бўлади. Уларнинг биринчиси шу Ватанда яшаганда тинч-хотиржам, шукрона қилиб яшаш ҳаққидир. Шунингдек, Ватандан кетганда уни соғиниш, Ватан камситилганда ғазабланиш, Ватанга ҳужум қилинганда уни ҳимоя қилиш ҳам Ватаннинг шу юртда туғилиб-ўсганлар зиммасидаги ҳаққидир. Шу жаннатмакон Ватанда яшаяпмизми, унда тинч-тотувлик билан яшайлик, бунга шукрона қилайлик, узоқда бўлганда уни соғинайлик.
Бугунги кунда халқимизнинг маънавиятини юксалтириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси мадҳияси ёшларда Ватанга муҳаббат, бой тарихимизга, миллий ўзлигимизга чуқур ҳурматни шакллантиришда, фарзандларимизнинг ҳар томонлама баркамол ва етук инсонлар бўлиб вояга етишида муҳим тарбиявий восита бўлиб хизмат қилмоқда.
Мана шундай фикр-мулоҳазалар Тошкент шаҳри Олмазор туманида жойлашган 261-сонли умумтаълим мактабида ўтказилган маърифий тадбирнинг бош мавзуси бўлди.
Аллоҳ таоло чинакам ватанпарвар, ҳақиқий мард, жасур ўғлонларни тарбиялашимизда Ўзи мададкор бўлсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1390 марта ўқилди

Янгиликлар

Top