Ўзбекистон янгиликлари

Шукр қилувчи қалб дунё ва охират яхшилигидандир

Бугун, 14 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков Зомин туманидаги "Маърифатли" масжидига пешин намозига ташриф буюриб, қўйидаги мавзусида маруза қилдилар.

Ҳаёт кечиришимиз учун Аллоҳ таоло ато этган неъматлар шундай беҳисобки, уларни санаб адоғига етиб бўлмайди. Буларнинг шукрини адо этиш эса хар бир кишини бандалик бурчи ҳисобланади. Шукроналик, аввало, Аллоҳ азза ва жаллага тақво қилиш, унга тоат ва илтижода бўлишдадир.

Теран фикр юритиб кўрсак, бизга ато этилган неъматларининг завол топишига исрофгарчилик, ёлғон сўзлаш, ғийбат туҳмат каби амалларимиз сабаб бўлади.

Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукур қисангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукурчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир” (Иброҳим, 7).

Неъматлар шукри, уни қай тарзда адо этиш борасида Пайғамбаримиз cаллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида бундай деганлар: “Тўрт нарса кимга берилган бўлса, дунё ва охират яхшилиги берилибди: зикр қилувчи тил, шукр қилувчи қалб, сабрли бадан ва солиҳа хотин”.

Ҳукамолар шукрни икки турга бўладилар: умумий ва хусусий. Умумий шукр тил билан ҳамд, Аллоҳнинг неъматларини эътироф этишдир. Хос шукр эса тил билан ҳамд айтиш, қалб билан таниш ва солиҳ амалларни қилиш ҳамда нопок нарсалардан сақланишдир.

Мўмин киши хос шукрни ўзига касб этмоғи лозим. Шунда Аллоҳ таолонинг раҳматига эришиб, бу дунёда комил ризқ, солиҳ фарзанд, осуда ҳаёт каби неъматларга ноил бўлса, охиратда жаннати маъводан макон топиш ила сарафроз бўлади.

Маъруза савол-жавобларга бой бўлди. Якунда хайрли дуолар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1122 марта ўқилди

Янгиликлар

Top