Ўзбекистон янгиликлари

15 уламо 15 масжидда!

Минглаб одамлар уларни тинглашди

Бугун хуфтон намозида Тошкент вилоятининг Янгийўл, Тошкент ва Қибрай туманларидаги  масжидларга уламолар ташриф буюришиб, намоздан сўнг мўмин-мусулмонларни иршод қилдилар. Динимизнинг соф таълимотини одамларга етказиб, кўнгилларга зиё улашдилар.

Зеро, Аллоҳ таоло амру маъруф ва наҳйи мункар қилувчи, ваъз-насиҳат этувчи бандаларини энг яхши уммат дея мадҳ этган: «Сиз одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. Амри маъруф қиласиз, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга имон келтирасиз» (Оли Имрон сураси, 110-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан одамларнинг энг яхшиси кимлиги сўралганда, у зот алайҳиссалом: «Одамларнинг яхшиси – қорироғи, тақводорроғи, амри маъруф қилувчироғи, наҳйи мункар қилувчироғи ва силаи раҳм қилувчироғи», деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Шунга мувофиқ, бугун Тошкент туманидаги “Айриота” масжиди қавми Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим домла Иномовнинг маърузасидан баҳраманд бўлишди. Аброр Мухтор Али домла “Раҳим ота”га, шунингдек, бошқа имом домлалар “Ҳожиота”, “Эшонбува”, “Эшонхўжа ота”, “Ҳамд” масжидларига ташриф буюришди.

Янгийўл туманидаги “Гулбаҳор” жомеси намозхонлари Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домланинг гўзал мавъизисидан мутаассир бўлишган эса, “Олтинобод”ликлар Яҳё домла Абдураҳмоновнинг, “Гулбоғ”, “Имоми Аъзам”, “Кескан”, “Саид ибн Зайд” ва “Саид ота” масжидлари жамоаси ҳам олимларимизнинг маърифатидан баҳра олишди.

Қибрай тумани “Саъдулла ота” масжиди намозхонлари Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Абдуқаҳҳор домла билан суҳбатлашдилар.

Хуллас, 15 уламо 15 масжидга ташриф буюриб, турли мавзуларда маърузалар қилиб, халқимиз маърифатини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Толиб Низом

1459 марта ўқилди

Янгиликлар

Top