Cавол: Пайғамбаримиз алайҳиссалом Жаброил алайҳиссаломни асл суратида кўрганмилар?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ҳа кўрганлар. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломни асл суратларида икки марта кўрганлар. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилган узун ҳадисда бундай деганлар: “Лекин у зот Жаброил алайҳиссаломни икки марта ўз суратида кўрганлар”.
Кўплаб уламолар икки мартанинг бир мартаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ерда, Жаброил алайҳиссалом уфқда бўлган ҳолатда, иккинчиси Исро ва меърож кечаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам осмонга кўтарилганларида Сидратул мунтаҳо олдида Жаброил алайҳиссаломни кўрганлар, дейишган (“Умдатул қорий” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоят вакиллигида вилоят бош имом-хатиби Мусохон домла Аббосиддинов раҳбарликларида вилоят Адлия бошқармаси билан ҳамкорликда вилоятда фаолият кўрсатаётган масжидлар мутаваллилари учун йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда вилоят Адлия бошқармаси мутахассиси З.Ахмедходжаева, Янги Наманган тумани кадастр бўлими бошлиғи О.Усманов, нотариус А.Артиқовлар иштирок этдилар.
Унда нотиқлар томонидан мутавалли масжид имом-хатибининг хўжалик ишлари бўйича ёрдамчиси, масжидларнинг иқтисодий фаолиятини яхшилаш, ходимларнинг ойлик иш хақи билан таъминлаш, қурилиш-таъмирлаш ишларини белгиланган тартиб ва меъёрларга риоя қилган ҳолда амалга ошириш, масжид мулкини иқтисод қилиш мақсадида гелеоколлекторлар ўрнатиш, мавжуд қозонхоналарни хавфсиз ҳудудларга олиб чиқиш, иш юритиш номенклатурасига, ички меҳнат тартиб қоидаларига ва муомала маданиятига риоя қилиш, масжидларнинг тозалик ва ободонлаштириш ишларига масъул эканини айтиб ўтилди.
Масжидларнинг таъсис хужжатлари, иш ҳақларини меъёрлаштириш, янги ходим ишга қабул қилинганда Адлия бошқармасини онлайн хабардор қилиш, масжидлардаги мавжуд “текширишларни рўйхатга олиш китоби”ни юритиш тартиби юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди.
Йиғилиш давомида масжидларнинг қўшимча ер майдонларини қонунийлаштириш, кадастр ҳужжатини расмийлаштириш тартиб-қоидалари ва ҳуқуқий оқибатлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Йиғилиш давомида қатнашчилар ўзларининг қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан батафсил жавоблар олдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати