«Ҳеч шубҳа йўқки, Аллоҳ таоло Тоҳа ва Ясийнни осмонлару ерни халқ қилишидан минг йил аввал қироат қилган. Фаришталар Қуръонни эшитганларида, ушбу нарса нозил бўладиган умматга Тубо бўлсин! Ушбуни кўтариб юрадиган қалбларга Тубо бўлсин! Ушбу ила гапирадиган тилларга Тубо бўлсин!» деган».
Бағовий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ривоятда ҳам Қуръони Каримнинг фазли қанчалар улуғлигини кўрсатувчи маънолар келмоқда. Албатта, бунда ҳам Қуръони Каримни ўрганишга, қироат қилишга ва амал қилишга тарғиб бор.
Ушбу ҳадиси шарифда Қуръони Карим нозил бўладиган умматга, Қуръони Каримни кўтариб юрадиган қалбларга ва Қуръони Карим ила гапирадиган тилларга «Тубо» бўлиши хабар қилинмоқда.
«Тубо» жаннатнинг номларидан бири ёки жаннатдаги дарахтнинг исми ёхуд саодат ва яхшилик маъноларини англатади. Буларнинг ҳаммаси аҳли Қуръонга ваъда қилинмоқда.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Қуръони Каримнинг фазилати улуғ экани.
2. Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Тоҳа ва Йасийн сураларини осмонлару ерни халқ қилишидан минг йил аввал қироат қилгани.
3. Фаришталар Қуръонни эшитганларида у нозил бўладиган умматга ҳавас қилганлари.
4. Қуръони Карим нозил бўлган уммат – Муҳаммад умматига «Тубо» жаннати ҳамда саодат ва яхшилик бўлиши.
5. Қуръони Каримни кўтариб юрадиган қалбларга «Тубо» жаннати ҳамда саодат ва яхшилик бўлиши.
6. Қуръони Карим ила гапирадиган тилларга «Тубо» жаннати ҳамда саодат ва яхшилик бўлиши.
Ҳадис ва ҳаёт,
“Қуръон фазилатлари” китобидан.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Исломда янги кун қайси соатдан бошлаб киради? Масалан, шартли қабул қилинган тартиб бўйича соат 00:00 янги куннинг бошланиши саналади? Исломда янги куннинг бошланиши ва тугаши қайси вақтдан эътиборга олинади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Динимизга кўра, кун шом вақтидан бошланади ва кейинги шомгача давом этади. Бошқача қилиб айтганда, исломда кун кеча билан бошланади ва унинг эртасида кун ботиб, кундуз тугаганида, ўша кун ҳам якунланади. Бунга оят ва ҳадислардан кўплаб далиллар бор.
Фақат айрим аҳкомларда куннинг бошланиши бомдод намозининг вақти кириши (субҳи содиқ)дан бошланади ва кун кейинги бомдод вақтигача давом этади. Масалан, Ҳажда Арафот водийсида туришда ҳукм шундай.
Шунингдек, айрим ҳолларда “кун” тушунчаси юқоридагидек, 24 соатдан иборат (сутка) маъносида эмас, балки тунга муқобил – қарама-қарши маънода қўлланилиши ҳам мумкин. Бу ҳолда кун бошланиши бомдод вақтидан то қуёш ботгунигача бўлган муддат, яъни кундуздан иборат бўлади. Бунга мисол учун “бир кун рўза тутиш” деганда айнан шу муддат назарда тутилади.
Хулоса қилиб айтганда, динимиздаги умумий қоидага кўра, куннинг бошланиши кун ботганидан бошланиб, кейинги кун ботишигача давом этади. Айрим истисно қилинган ҳолатларда куннинг қачон бошланиб, қачон тугаши диндаги ҳукмларга қараб фарқ қилади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.