Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
06 Апрел, 2026   |   17 Шаввол, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:37
Қуёш
05:58
Пешин
12:31
Аср
17:00
Шом
18:57
Хуфтон
20:12
Bismillah
06 Апрел, 2026, 17 Шаввол, 1447
Мақолалар

Мотуридийлик ақидаси сохта даъватчиларга нима дейди?

24.11.2025   4476   12 min.
Мотуридийлик ақидаси сохта даъватчиларга нима дейди?

Ислом динида ақида энг муҳим соҳалардан саналади. У ҳамма нарсанинг асоси бўлиб, банданинг ибодати ҳам, дунёқараши ҳам, турмуш тарзи ҳам, шахсий ва ижтимоий муносабатлари ҳам шунга қараб шакл олади.

Мўмин-мусулмон инсон ўз ақидаси, имон-эътиқоди қанчалар мустаҳкам эканини ҳеч ҳам назардан қочирмаслиги керак. Айниқса, фитналар авж олган ҳозирги даврда ҳар бир мусулмон киши ўз ақидасининг тўғри ё нотўғри эканини аниқ билиши, керак бўлганда, уни ҳимоялай олиши зарур. Билимсизлиги ё эътиборсизлиги оқибатида адашганларнинг даъволарига эргашадиган бўлса (Аллоҳ сақласин!), фақат охиратда эмас, бу дунёда ҳам надомат чекувчилардан бўлиб қолади.

Ҳамма замонларда бўлганидек, бугун ҳам айрим бузғунчи даъватчилар муташобиҳ (маъноси яширин, изоҳталаб) оят ва ҳадислардан мисоллар келтириб, уларга нотўғри ёндашган, ўзининг ҳақни айтувчи эканини даъво қилган ҳолда кўпчиликнинг адашишига сабаб бўлмоқда. Афсуски, билиб-билмай уларга эргашаётганлар талайгина. Бунга кўп сабабларни келтириш мумкин. Лекин асосийси илм-маърифатнинг пастлиги, савиясизлик, далилларни чуқур англамасликдир. Сохта даъватчилар кўпинча шундан фойдаланади. Содда одамлар “оят ва ҳадисда келган экан” деб, уларга ишониб кетаверади.

Ваҳоланки, Аллоҳ таоло: “Эй имон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб (текшириб) кўринг!”[1] деб марҳамат қилган. Мусулмон киши ўз ақидасида адашиб қолмаслиги учун эътиборли бўлиши, энг ишончли далилларга уларни теран англаган ҳолда эргашиши лозим. Таъна қилинган, “сохта даъватчи” ё “сохта шайх” деган номларга лойиқ кўрилган кишининг гапига ишонмаслиги, бошқаларга ҳам кўр-кўрона эргашмай, аввал текшириб кўриши ва айтганларининг моҳиятига етиб бориши керак. Шундагина асл ҳақиқат нима эканини билиш мумкин.

Ҳозир айрим даъватчилар мусулмонлар бирлигига раҳна солиш мақсадида ислом уммати минг йиллар давомида эътиқод қилиб келган мотуридийлик ва ашъарийлик таълимотлари нотўғри эканини даъво қилиб чиқмоқда. Гўё ўзларини Қуръон ва суннатга эргашган-у, бу икки мактаб ундан йироқдек. Бетамизлик шу қадар ошяптики, баъзан улардан “Мотуридийларнинг китобларида бирорта оят ва ҳадис йўқ” деган даъволарни эшитиш мумкин. Бу – ўта оғир гап. Аслида ақидавий китобларнинг ҳар бир мавзусида, ҳар бир варағида айтилган фикрларни далилловчи оят ва ҳадислар бор. Бунга иқрор бўлиш учун ўша манбаларни очиб, ўқиб кўриш керак, холос. Имом Мотуридийнинг “Китобут тавҳид”, Абу Муин Насафийнинг “Табсиратул адилла”, Иброҳим Саффор Бухорийнинг “Талхисул адилла”, Абу Баракот Насафийнинг “Эътимод фил эътиқод” – мотуридийлик таълимотига оид ҳар қандай асарга қаралса, ичидаги ҳар бир ақидавий мавзуда кўплаб оят ва ҳадислардан далиллар келгани осонгина аён бўлади.

Келинг, аввал мотуридийлик ҳақида қисқача маълумот келтирайлик. Ушбу таълимот аҳли сунна вал жамоанинг икки йирик устунларидан бири ҳисобланади. Унга “Имомул ҳуда” – “Ҳидоят имоми” деган юксак номга сазовор бўлган Абу Мансур Мотуридий асос солган.

Имом Мотуридий яшаган давр ислом оламида турли ўзгаришлар авж олган, айниқса, турли фирқалар томонидан ақидавий бузилишлар кучайган пайтга тўғри келади. Шундай шароитда у аҳли сунна вал жамоа эътиқодини ҳимоя қилиб, бу йўлда хавориж, рофиза, карромийя, жаҳмийя, мушаббиҳа ва бошқа ботил фирқаларнинг даъволарига раддиялар берган. Кейинги даврларда эса, ушбу таълимотни батафсил ўрганган ва унинг моҳиятини чуқур билган Абул Юср Паздавий, Абу Муин Насафий, Саффор Бухорий, Абу Ҳафс Насафий, Али ибн Усмон Ўший, Нуриддин Собуний ва Абу Баракот Насафий каби олимлар унинг йўлини давом эттириб, мотуридийлик таълимотини ривожлантирган.

Мотуридийлик таълимотида нақл (оят ва ҳадис) асосий манба ҳисобланади. Ҳар бир масаланинг негизидаги далилда оят ва ҳадислар ётади. Ақл эса ёрдамчи восита ҳисобланади. Маърифат ҳосил қилишда нақл, ақл ва соғлом сезгилар асосий восита экани таъкидланган. Манбаларга қарайдиган бўлсак, адашган тоифаларга раддия беришда ҳам нақлдан, ҳам ақлдан самарали фойдаланилгани кўзга ташланади. Чунки нотўғри даъволар ноқис ақл билан ана ўша асосий нақлни тўғри тушунмасликдан келиб чиқади. Шу сабабли мотуридий олимлар соғлом ақл билан, манбага теран назар солган ҳолда, энг нозик нуқталарни эътибордан четда қолдирмай, холис ёндашиб, масалаларга нақлий далиллар асосида ақлий далилларни ҳам келтирган. Мақсад – исломнинг ҳақиқий моҳиятини очиб бериш, софлигини сақлаб қолиш ва одамларнинг соғлом ақидага эргашишини таъминлаш бўлган. Шу туфайли ҳам ушбу таълимот асрлар давомида барҳаёт турипти. Аҳли сунна вал жамоа мусулмонлари ҳозирга қадар ушбу таълимотга эргашиб, соф ақидасини сақлаб келмоқда.

Бугун баъзи тоифалар мотуридийлик ақидасини нотўғри деб даъво қилмоқда. Лекин гап-сўзларига назар солсангиз, уларнинг нақадар пуч ва асоссиз эканини кўрасиз. Қуйида шундай даъволардан айримларини келтириб, уларга мотуридийлик таълимотида қандай жавоб берилганини қисқача баён этамиз.

Эътибор қилиш керак бўлган жиҳат шуки, адашган тоифалар иддао қилаётган даъволар бугун чиқиб қолган эмас. Улар айтаётган ҳар қайси ақидавий масаланинг тарихий илдизлари бор. Бу тоифалар мўътазила, мушаббиҳа, мужассима, карромийя ва бошқаларни қаттиқ танқид қилса-да, ўзлари даъво қилаётган нарсаларининг илдизлари билан айнан ўшаларга бориб тақалади. Масалан, ҳозир сохта даъватчилар мушаббиҳа, мужассима ва карромийя тоифалари каби “Аллоҳ таоло – Аршнинг устида” деб даъво қилади. Бунга

 ﴿الرَّحْمَنُ عَلَى الْعَرْشِ اسْتَوَى

“Раҳмон Аршга истиво қилди”[2] оятини далил қилиб келтиради. Яъни, оятдаги “истиво” сўзига “жойлашиш”, “ўрнашиш” маъноларини бериб, “Аллоҳ Аршга ўрнашди” деб таъвил қилади ва Аллоҳга бирор маконда эканини гўё исбот қилади.

Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, Аллоҳ таоло макондан беҳожат Зот. Мотуридийликка оид манбаларда бу масалага қуйидагича ёндашилади: “Оятдаги “истиво” сўзи муҳтамал яъни, ҳар хил эҳтимол ва маъноларга эга. Биринчидан, мукаммаллик маъносида ишлатилади. Бунга Аллоҳ таолонинг Мусо алайҳиссалом ҳақида

 ﴿وَلَمَّا بَلَغَ أَشُدَّهُ وَاسْتَوَى

“Қачонки у вояга етиб, мукаммал бўлганда”[3] дегани мисол бўлади. Яъни бу ўринда “истиво” “камолга етиш” маъносида келган.

Иккинчидан, “истиво” сўзи “қарор топиш”, “жойлашиш” маъноларида келади. Бунга Аллоҳ таолонинг Нуҳ алайҳиссаломнинг кемаси ҳақида:

 ﴿وَاسْتَوَتْ عَلَى الْجُودِيِّ﴾

“У (кема) Жудий (тоғи)га жойлашди”[4]деган сўзлари далил бўлади.

Учинчидан, “истиво” сўзи “эга бўлиш” маъносида қўлланади.

Биринчи ва иккинчи маънони Аллоҳ таолога нисбатан қўллаш Унинг Зотига лойиқ эмас. Чунки, Аллоҳ таоло бизнинг тушунчамиздаги жисм эмаски, Уни бирор маконда десак. Иккинчидан, Ўзи мукаммал бўлган Зотга “камолга етиш”ни нисбат бериш ҳам мутлақо ноўриндир.

Демак, “эга бўлиш” маъносини қўллаш тўғри бўлади. Аллоҳ таоло оятда Ўзини мадҳ этганига кўра, “Раҳмон Аршга истиво қилди” жумласини “Раҳмон Аршнинг эгаси бўлди” деб тафсир қилиш лозим. Оятда Арш хослаб келтирилганининг сабаби – у махлуқотларнинг (яратилган нарсаларнинг) энг каттаси бўлгани учундир. Бундан Аллоҳ таоло барча махлуқотларнинг Эгаси экани маълум бўлади. Чунки махлуқотлардан энг каттасининг эгаси бўлиш бутун оламнинг эгаси бўлишни тақозо этади”.

Кўриниб турибдики, мотуридийликда Аллоҳ таолони поклашга ниҳоят даражада дақиқлик билан ёндашилган. У Зотни махлуқот сифатларига ўхшаш сифатлардан поклашга қаттиқ эътибор берилган. “Истиво”нинг Аллоҳ таолога энг лойиқ бўлган маъноси танланган. Сохта даъватчилар даъво қилгандек “истиво”га “жойлашиш”, “қарор топиш” маънолари берилганда эди, Аллоҳ таолога макон нисбат берилиб, У Зотни жисмга ўхшатиш ҳолати юзага келиб қолган бўларди. Бу эса оламларнинг Рабби бўлган Зотга нолойиқдир.

Сохта даъватчиларнинг даъволаридан яна бири “Аллоҳ таоло – осмонда” деб эътиқод қилишдир. Бунга “асос” сифатида Аллоҳ таолонинг

 ﴿مَنْ فِي السَّمَاءِ

“Осмондаги Зот”[5] деган сўзлари ва яна бир қанча муташобиҳ оятлар далил қилиб келтирилади. Қўшимча тариқасида инсон дуо пайти қўлларини осмонга кўтариши айтилади.

Мотуридийлик манбаларида уларга қуйидагича жавоб берилади: “Аллоҳ таолонинг “Осмондаги Зот” деган сўзидан мурод “Илоҳлиги осмонда бўлган Зот” деган маънодадир. Унинг

 ﴿وَهُوَ الَّذِي فِي السَّمَاءِ إِلَهٌ وَفِي الْأَرْضِ إِلَهٌ﴾

“У Зот осмонда ҳам илоҳдир, ерда ҳам илоҳдир”[6] деган сўзларидан мурод эса осмонда ҳам, ерда ҳам илоҳлигининг собитлигидир. Бу Аллоҳ таолонинг Зоти осмонда собит эканини англатмайди. Бу худди “Фалончи Бухоро ва Самарқандда амирдир. Яъни, унинг зоти эмас, амирлиги (ўша) иккаласигадир” дегандек гап. Чунки Унинг Зоти осмонда ҳам, ерда ҳам бўлиши мумкинмас. Аммо иккаласида ҳам Рабблиги ва Илоҳлиги бўлиши мумкин.

Аллоҳ таоло Ўзи яратган махлуқотлардан беҳожатдир, шу жумладан, макондан ҳам. У Зот Қуръони каримда:

 ﴿إِنَّ اللَّهَ لَغَنِيٌّ عَنِ الْعَالَمِينَ

“Албатта, Аллоҳ барча оламлардан беҳожатдир”[7], деган. Арш, ер ва осмонлар – барчаси Аллоҳ яратган махлуқотлар бўлиб, олам жумласига киради. Аллоҳ таоло эса оламлардан беҳожат, яъни уларга ҳожати тушмайдиган Зотдир.

Дуо пайтида қўллар ва юзларни осмонга кўтариш соф ибодат бўлади. Бу намозда Каъбага юзланишга ўхшайди. Байтуллоҳ намознинг қибласи бўлгани каби осмон дуонинг қибласидир”.

Демак, Аллоҳ таолодан бошқа ҳамма нарса ҳодис (пайдо бўлган, яратилган) ҳисобланади. Замонлар, маконлар, яратилган нимаики нарса бўлса, Аллоҳ таоло улардан беҳожатдир. Аллоҳ таоло азалий бўлиб, У билан бирга бирор нарса азалда мавжуд бўлган эмас. Жумладан, еру осмонлар ҳам, Арш ва Курсий ҳам.

Юқоридаги мисоллардан кўриниб турибдики, мотуридийлик ақидасида ҳар бир масалага чуқур, асосли, илмий нуқтаи назардан ёндашилади, масаланинг туб моҳиятини очиш учун жидду жаҳд қилинади, асл ҳақиқат нимада эканига қаттиқ эътибор берилади, оят ва ҳадисларнинг маънолари ҳар томонлама ўрганилиб, тўғри таъвил қилинади. Адашган бузғунчи тоифалар эса оят ва ҳадисларнинг зоҳирий маъносига қараб ҳукм қилиб кетаверади. Улар матннинг асл мазмун-моҳияти нима эканини тушунмагани, чуқур таҳлилга илмий салоҳияти етмагани туфайли ўзининг ноқис ақли тўғри деб билган ва нафсига маъқул келган нарсага маҳкам ёпишиб олади. Шуниси маълумки, асрлар давомида ислом ақидасининг софлигини сақлаш учун беқиёс хизмат қилган забардаст мужтаҳид олимларнинг этагини тутиш оят ва ҳадисларнинг асл моҳиятини, шариат мақсадларини англаб етмаган, илмсиз, сохта даъватчиларга эргашишдан ҳар томонлама афзалдир. Шунинг учун мўмин-мусулмон инсон ўз динини яхшилаб ўрганиши ва бунда кимдан нималарни қай тарзда ўрганаётганига эътиборли бўлиши лозим.

[1] Ҳужурот сураси, 6-оят.

[2] Шўро сураси, 11-оят.

[3] Қасос сураси, 14-оят.

[4] Ҳуд сураси, 44-оят.

[5] Мулк сураси, 16-оят.

[6] Зухруф сураси, 84-оят.

[7] Анкабут сураси, 6-оят.

Равшан Элмуродов,

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Мен вафот этсам, ортимдан нима қолади?

06.04.2026   712   8 min.
Мен вафот этсам, ортимдан нима қолади?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бир ҳадис шарҳи

Инсон бу дунёда меҳмон, ҳар бир жон эгаси бир кун келиб бу дунёдан ўтади. Аммо, ислом таълимоти инсонни фақат дунё билан чеклаб қўймайди, балки унинг бу дунёда қилган айрим амаллари савоби вафотидан сўнг ҳам давом этиши ҳақида таълим беради.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам инсон вафотидан кейин ҳам айрим амалларнинг савоби тўхтамаслигини маълум қилиб, ушбу ҳадисни (юқоридаги ҳадисни) айтганлар:

عن أبي هريرة رضي الله عنه أن رسول اللهﷺقال: «إذا ماتَ الإنسانُ انقَطَعَ عنه عَمَلُه إلَّا مِن ثَلاثةٍ: مِن صَدَقةٍ جاريةٍ، أو عِلمٍ يُنتَفَعُ به، أو ولَدٍ صالِحٍ يَدعو له».

“Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсон вафот этганда, уч нарсадан бошқа барча амаллари савоби ундан узилади: жорий садақа, (одамларга) фойдаси тегадиган илм ёки унинг ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанд”, дедилар[1].

Ушбу ҳадис бизга жуда муҳим ҳақиқатни ўргатади: инсон учун бир кун келиб унинг ҳаёти тугайди, у хайрли ишлар қилишдан тўхтайди, аммо у вафот этиб кетган бўлса ҳам бу дунёда қилган айрим амаллари орқали ўзига етадиган савоблар тўхтамайди. Бу Аллоҳ таолонинг раҳмати ва фазлидандир. У Зот бандаларининг гуноҳларини мағфират қилиб, охиратда даражаларини кўтариш учун ва савобларини вафотидан кейин ҳам давом эттириш учун кўплаб сабабларни яратиб қўйган.

Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам баён қиладиларки, инсон вафот этгач, дунёдаги амаллари ундан узилади, яъни у энди у солиҳ амаллар қилишни қанчалар истаса ҳам буни амалга ошира олмайди. Савобларига савоб қўша олмайди. Агар у яхшилик қилган бўлса, шу яхшилиги ўзига, агар ёмонлик қилган бўлса, у ҳам ўзига. Энди амал қилиш ёки тавба қилиш имкони йўқ. Қилган яхши амалларига савоб ёзилиб бўлган, номаи аъмоли – амаллар дафтари ёпилган бўлади. Аммо, ўзидан сўнг бу дунёда уч нарсани қолдирган бўлса, у бундан мустаснодир. Бу амалларнинг савоби ва фойдаси инсон вафоти сабабли тўхтаб қолмайди, узилмайди:

Улардан биринчиси садақаи жория – савоби бардавом бўлган садақадир. Садақа моддий ва маънавий кўринишга эга бўлиб, яхши сўз ҳам садақадир. Садақа – Аллоҳ таолонинг розилигини топиш, қурбат ҳосил қилиш нияти билан бериладиган нарсадир. Бу маъно закот ва ихтиёрий садақани ўзи ичига олади, яъни ихтиёрий мол чиқариш садақа дейилади, фарз мол чиқариш эса закот дейилади. Гоҳида қилинган ҳар бир яхшилик иш ҳам садақа дейилади. Садақа икки турли бўлиб, улардан бири садақа қилиш билан кўзланган савоб ниятига яраша берилади ва шу садақа тўхташи билан унга бериладиган савоб ҳам ёпилади. Садақаи жория эса узоқ муддатли савоб манбаи бўлиб, жамиятга фойдаси қанча муддат тегиб турса, савоби ҳам шунча вақт давом этадиган хайрли ишлардир. Яъни, жамиятга фойдаси давомий бўлган ишлар садақаи жория саналади ва савоби ҳам доимий бўлади. Масалан:

  • масжид қуриш;
  • сув чиқариш, қудуқ ёки ариқ қазиш;
  • йўл, кўприк қуриш;
  • боғ барпо қилиш;
  • завод, фабрика қуриш;
  • мактаб ёки мадраса ташкил қилиш ёки бошқа бир илм даргоҳлари қуриш ва улар фаолиятига ёрдам бериш;
  • вақф қилиш, манфаат келтирадиган мулкини масжид ёки илм даргоҳларига доимий фойдаланишга бериш, карвонсаройлар қуриш;
  • одамларга узоқ йиллар давомида манфаати тегиб турадиган бунёдкорлик ишларни амалга ошириш.

Бундай нарсалар инсон вафот этганидан кейин ҳам одамларга хизмат қилаверади. Шу сабабли савоби ҳам доимий бўлади.

Иккинчиси жамиятга фойдаси тегадиган илмдир. Яъни инсон вафотидан кейин ҳам одамлар ундан фойдаланадиган илм. Илмнинг “фойда берадиган” дея таъкидланиши сабаби фойда бермайдиган илм ўз эгасига савоб келтирмайди.

Агар инсон бирор илм ўргатса, китоб ёзса, одамларни яхшиликка йўналтирса, унинг вафотидан кейин ҳам ўша илмдан фойдаланган ҳар бир инсон сабабли унга савоб ёзилиб туради.

Илм – инсон қолдириши мумкин бўлган энг қимматли мерослардан биридир.

Учинчиси солиҳ фарзанд қолдиришидир. Ҳадис матнида фарзанд “солиҳ” деб таъкидланди, чунки ота-онага ноқобил фарзанддан савоб етмайди.

Ота-она ҳаққига дуо қилувчи солиҳ фарзанд  ота-она учун энг катта бахт ва буюк неъматдир. Агар фарзанд яхши амаллар қилса, ибодатларида ота-она ҳаққига дуо қилса, бунинг савоби ота-онасига ҳам етиб туради. Ҳатто бошқа ҳадисларда ота-онанинг фарзандига берган энг катта ҳадяси яхши тарбия экани айтилган.

Ҳадисда фарзанднинг ота-онаси ҳаққига мағфират сўраб дуо қилиши зикр қилингани замирида фарзандни бу ишга рағбатлантириш маъноси ҳам бор. Аслида эса, солиҳ фарзанднинг амалларидан – у дуо қилса ҳам, қилмаса ҳам – ота-онага савоб етиб тураверади. Бу худди бир киши дарахт экиб қўйса, унинг мевасидан еган инсонлар сабабли улар дуо қилса ҳам, қилмаса ҳам унга савоб ёзилишига ўхшайди.

Ибн Можа ривоятида келган: “Албатта, инсоннинг жаннатдаги даражаси кўтарилади ва у: «“Бу қаердан келди?” деб сўрайди. Унга: “Фарзандинг сен учун истиғфор айтгани сабабли”, деб жавоб берилади».

Яна Ибн Можа ривоятида: “Мўминга унинг вафотидан кейин ҳам амаллари ва яхшиликларидан етиб турадиган нарсалардан бири – у ўргатган ва тарқатган илм, қолдирган солиҳ фарзанд, мерос қилиб қолдирган мусҳаф, қурган масжид, йўловчилар учун қурган уй (работ, карвонсарой), оқизган ариқ ёки ҳаётлигида молидан чиқарган садақадир. Бу ишлар унга вафотидан кейин ҳам етиб туради”.

Савоби янгиланиб турадиган бу каби амалларнинг савоби инсонга вафотидан кейин ҳам етиб боради. Шунингдек, инсон йўлга қўйган ҳар қандай яхшилик ва унинг асари қолса ҳам, у шу ҳадис замиридаги ҳукм остига киради. Чунки Имом Муслим ривоятида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким Исломда яхши бир суннат (йўл)ни жорий қилса, ўша амалнинг савоби ва ундан кейин амал қилганларнинг савоби – уларнинг савобидан ҳеч нарса камайтирилмаган ҳолда – ёзилади”.

Бунга жамиятда жорий қилинган яхши урф-одатлар, тартиб-интизом ва йўл қоидаларини мисол қилиб келтириш мумкин.

Демак, ушбу ҳадисга кўра инсон фақат бугун учун эмас, вафотидан кейин учун ҳам яшаши керак, мол-дунё – абадий савоб қолдириш учун берилган имкониятдир. Садақаи жория, фойдали илмни тарқатиш ва фарзандга берилган гўзал тарбия  инсоннинг ҳаётидан кейинги ҳаётига сармоясидир.

Ушбу ҳадисда:

  • ота-онани вафотидан кейин ҳам эҳтиром қилишга тарғиб;
  • фойдали илмни ўрганиш ва уни тарқатишга рағбат;
  • жорий садақалар қилишга чақириқ;
  • фарзандни солиҳ қилиб тарбиялашга тарғиб мавжуд.

Фикримиз хулосасида айтар сўзимиз шуки, ҳар биримиз ўзимизга “Мен вафот этсам, ортимдан нима қолади? Қандай эзгу ишлар қолади?” деб савол берайлик! Агар ортимизда бир инсонга бўлса ҳам фойдамиз тегадиган нарса қолдирган бўлсак, жамиятга фойдаси тегадиган бирор илм ўргатган бўлсак, бир яхши фарзанд тарбиялаган бўлсак, демак, умримизни беҳуда ўтказмаган, бу ҳаётда яшашдан ҳақиқий манфаатга эришган бўламиз.

1] Ровий: Абу Ҳурайра. Муҳаддис: Имом Муслим. Манба: Саҳиҳу Муслим. Ҳадис рақами: 1631. Ҳукми: саҳиҳ. Тахриж: Имом Муслим ривоят қилган, “Саҳиҳул Бухорий”да ривоят қилинмаган ҳадислардандир.

Нодир ҚОБИЛОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Мақолалар