Савол: Мен бир ҳадис ўқиб қолдим. Унда отага имомлик қилиб бўлмайди, дейилган. Отага имомлик қилиб бўлмайдими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган ҳадис эмас, балки тобеинларнинг улуғ олимларидан бўлган Ато ибн Абу Рабоҳ раҳимаҳуллоҳга мансуб гапдир. У зот ўз сўзларини отага эҳтиром кўрсатиш, унинг олдида одоб билан туришга тарғиб маъносида айтганлар. Фиқҳий қоидаларга кўра ҳар бир масжидда унга тайинланган доимий имоми энг ҳақли бўлади. Ҳатто отаси ёки ундан кўра фақиҳ ёки тақводорроқ одам турганда ҳам у имомликка ўтишга ҳақли бўлаверади.
Шунингдек, намоз қоидалари ва қироатни намозни адо этадиган даражада биладиган инсон ўз уйида имомликка ўтишда бошқалардан кўра ҳақли ҳисобланади. Бу ҳолатда ота ва бошқалар тенг бўлади. Фақатгина султон ёки унинг ноиби уй эгаси ва масжид имомидан кўра ҳақли саналади. Инсон ёки доимий имом ўзи ҳақли бўлса-да, ўша ерда ундан афзалроқ одам бўлса, унга имомликка ўтишни таклиф қилиши мустаҳаб саналади.
Демак, фарзанд ўз уйида ёки ўзи имом бўлган масжидда имомликка ўтиши отадан кўра ҳақли бўлса-да, унга таклиф қилиш ёки унинг рухсати билан ўзи ўтиши афзал ва одоб ҳисобланади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги “Жиззахлик”, “Яккатут” ва “Ардахшон” жоме масжидларининг янги бинолари фойдаланишга топширилди.
Тантанали очилиш маросимида соҳа мутасаддилари, Жиззах вилояти бош имом-хатиби Меҳмонхон домла Жабборов, маҳаллий ҳокимлик вакиллари ҳамда намозхонлар иштирок этди.
Тадбирда сўз олганлар Аллоҳнинг уйларини обод этишнинг улуғ фазилати, масжид қурилишига ҳисса қўшган инсонларнинг ажру мукофотлари ҳақида тўхталиб ўтдилар. Шунингдек, масжидларни нафақат моддий, балки жамоат билан ибодатларни адо этиб, маънавий жиҳатдан обод қилиш ҳар бир мўмин учун муҳим экани таъкидланди.
Юртимизда истиқлол айёми муносабати билан эшикларини очган ушбу янги масжидлар намозхонлар учун замонавий ва қулай шароитларда ибодатларини адо этишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Жиззах вилояти
Матбуот хизмати