Ватанимиз мустақилликка эришгач она тилимиз ўзининг хақиқий ўрни ва мавқеига эга бўлди.Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми хуқуқий жихатдан мустахкамлаб қўйилди.Ўзбекистон Республикасининг "Давлат тили тўғрисида"ги қонунининг қабул қилиниши она тилимизнинг тараққиёти, ривожланиши ҳамда ўзига хос ва бой бисотини намойиш этишга кенг имконият яратди.Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг Байроғи,Герби,Мадҳияси,Конституцияси қаторида турадиган, қонун йўли билан химоя қилинадиган муқаддас тимсолларидан бирига айланди. Истиқлол шарофати билан тилимизга, унинг сайқал топишига эътибор янада ортди. Тил - инсон қиёфаси ва ички гўзаллигини намоён этадиган энг гўзал туйғудир. Ўз тилига меҳр-муҳуббатли инсон халқини, Ватанини, миллий қадриятларини, маданий меросини ҳам эъзозлайди. Бежизга бундан беш аср илгари Алишер Навоий бобомиз "Тилга эътиборсиз - элга эътиборсиз" дея ёзмаган.
Ўзбек тили дунёдаги қадимий, гўзал ва бой тиллардан бири ҳисобланади. Тилнинг беқиёс имкониятлари қадимги тошбитикларда, халқимизнинг замонлар синовидан ўтиб келаётган мақол ва ҳикматли сўзлари, бетакрор иборалари, достонларида, шоир ва ёзувчиларимиз асарларида яққол кўриш мумкин. Маҳмуд Қошғарийнинг "Девони луғатит турк" китоби, Аҳмад Яссавийнинг ҳикматлари, Алишер Навоийнинг "Хамса"си, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг "Бобурнома"си, Абдулла Қодирийнинг бетакрор романлари, Чўлпон, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуфларнинг ўтли шеърияти она тилимизда ёзилган бебаҳо дурдоналардир.Тилимиздаги ҳаё, ибо, андиша, орият, меҳр-оқибат сўзларини бошқа тилга айнан таржима қилиб бўлмайди. Уларни фақат ўзбек тилида ифодалаш мумкин. Чунки бу тушунчалар халқимизга хос ва уларни айтишга фақат шу тил қодирдир.Бизнинг она тилимиз дунёдаги уч мингга яқин тил орасида туркий тиллар оиласига мансуб бўлиб, жонли тил сифатида қипчоқ, қарлуқ, ўғиз лаҳжаларида намоён бўлади. Ўзбек адабий тили эса ана шу лаҳжалардаги сўзларнинг маълум бир меъёрига келтирилган шаклидир. У муттасил ўсиб, ривожланиб бормоқда. Унинг ривожида сўз мулкининг султони Алишер Навоийнинг хизматлари беқиёсдир. Ҳазрат Навоий тил хақида шундай ёзадилар: "Кўнгил хазинасининг қулфи тилдир. Ул хазинанинг калитидин сўз бил".
Ўз она тилимизга бўлган муҳаббатни халқимизнинг, одамларнинг самимий суҳбатларида, юксак ахлоқий фазилатларида кўриб, беихтиёр шундай эл фарзанди эканлигимиздан фахрланамиз.
Тил маданият кўзгуси ва руҳимизнинг қаноти. Биз она тилимиз орқали халқлар, миллат ва элатлар орасида ҳамиша азиз-у мукаррам эканлигимизниаслоунутмаслигимизкерак. Ўзбеконалутф, муомала, миллийқадриятлар, одоб-ахлоқэса она тилимизмаданиятинингкалитидир.
Тонгдек оромбахш, қуёшдек нурли, она оғушидек иссиқ, баҳордек тароватли, ёздек ҳароратли, куздек саховатли, қиш қорларидек беғубор туйғуларимизнинг таржимони бўлган, миллатимиз руҳини ифода этувчи она тилимиз, бизни юксак маънавиятга, маърифатга, маданиятга, истиқлолу истиқболга етакловчи бебаҳо неъматдир. Шу боис ҳам ҳар биримиз она тилимизни асрабавайлашимиз, эъзозлашимиз лозим. Зотан, тилимизга эътиборли бўлсак, миллатимиз қалби она тилимиз ҳеч қачон завол топмайди.
Донишманд ота-боболаримиз азалдан нутқ маданиятига катта эътибор беришган. Улар қолдирган асарларни ўқир эканмиз, ҳар бир сўз ўз ўрнида қўлланганига гувоҳ бўламиз. Сўз ҳиссини доимо билиб яшашимиз, она тилимизни асраб-авайлаб, уни эъзозлашимиз ҳар биримизнинг зиммамизга катта масъулият юклайди.Миллатнинг ва миллий адабиётнинг мавжудлик шарти бўлган она тилимиз тақдири учун куйиниш, унинг равнақи учун барча имкониятларни сафарбар этиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Одилжон Нарзуллаев
Янгийул тумани "ИМОМ СУЛТОН’’ жоме масжиди
имом-хатиби
"16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни" муносабати билан жорий йилнинг 14 ноябрь куни бир гуруҳ диний соҳа ходимлари "Диний бағрикенглик" кўкрак нишони билан тақдирландилар.
Тадбирда турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари ва диний конфессия вакиллари, миллий маданий марказлар фаоллари, юртимизда миллатлараро дўстлик ва диний бағрикенглик ришталарини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётган ҳамюртларимиз ҳамда ОАВ вакиллари қатнашди.
Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев юксак мукофотга сазовор бўлганларни самимий муборакбод этиб, бугун юртимиз равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилаётган ҳамюртларимизга катта муваффақиятлар тилади ва юксак мукофотларни ўз эгаларига топширди.
Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва тизимда самарали фаолият юритаётган ходимлардан Исломиддин Зуҳриддинов, Салоҳиддин Шерхонов, Музаффар Камолов, Иброҳимжон Иномов, Дилфуза Эгамова, Эргашали Рустамов, Жаҳонгир Неъматов, Эргашвой Ҳамидов, Санобар Муҳаммадходжаева, Шоира Умарова, меҳнат фахрийлари Жалолиддин Нуриддинов, Маҳмуджон Ибодуллаев, хаттот Ҳабибуллоҳ Солиҳ ана шундай эътибор ва эҳтиромга сазовор бўлишди.
Тантанали тадбирда сўзга чиққанлар томонидан юртимизда давлатимиз раҳбари томонидан диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ишлар натижасида фуқароларнинг виждон эркинлиги, дин ва миллатлараро тотувлик таъминланаётгани, мазкур кўкрак нишонининг таъсис этилгани диний соҳага бўлган юксак эътиборнинг яққол намунаси экани таъкидланди.
Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 25-сентабрдаги "Диний бағрикенглик" кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида"ги қарорига кўра, ушбу кўкрак-нишони билан диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни тарғиб этиш, фуқаролар эътиқод эркинлигини таъминлаш, динлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва маънавий муҳит барқарорлигини сақлашдаги ибратли ишлари учун етук уламолар, атоқли арбоблар, диний соҳа раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда хорижий олимлар тақдирланиши белгиланган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати