Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Апрел, 2026   |    ,

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:39
Қуёш
06:00
Пешин
12:31
Аср
16:59
Шом
18:56
Хуфтон
20:11
Bismillah
05 Апрел, 2026, ,

Мавлид ойи – Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳақларида янада кўпроқ билишга қулай фурсат

11.10.2021   1929   3 min.
Мавлид ойи – Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳақларида янада кўпроқ билишга қулай фурсат

Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ ўз “Сунан”ларида Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят келтирадилар: Пайғамбар алайҳиссаломни (саҳобалар душманлардан) қўриқлашар эди, Аллоҳ таоло: “Эй, Расул! Раббингиздан Сизга нозил қилинган нарса (оятлар)ни (одамларга) етказинг! Агар (буни) қилмасангиз, Унинг рисоласи (топшириғи)ни етказмаган бўлурсиз. Аллоҳ Сизни одамлар (зарари)дан сақлагай. Албатта, Аллоҳ кофирлар қавмини ҳидоят сари йўлламагай” (Моида сураси, 67-оят)ни нозил қилганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошларини чодирдан чиқариб: “Сизлар кетаверинглар, Аллоҳ таолонинг Ўзи мени ҳимоялайдиган бўлди”, дедилар.

Имом Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ ушбу оятнинг тафсирида айтадилар: "Бу оятнинг мазмуни қуйидагича: "Эй, Муҳаммад! Сиз менинг рисолатимни одамларга етказинг, Мен сизни ҳимоя қилиб тураман, душманларингиз устидан ғолиб келишингиз учун сизни қўллаб-қувватлаб тураман, ҳеч қўрқманг ва ташвиш чекманг, сизга улардан бирортасининг қўли ҳам етмайди, озор ҳам етказа олмайди"".

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Абу Жаҳл: "Муҳаммад сизларни олдингизда юзини ерга ишқалайдими?" деб сўради. Унга: "Ҳа", деб жавоб беришди. Шунда у: "Лот ва Уззо бутлари ҳаққи ҳурмати қасам ичиб айтаман, агар уни ўша ҳолатда турганини кўрсам, бўйнини оёғим билан босаман, юзини тупроққа белайман", деди. Абу Жаҳл келганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиётган эдилар. Муборак бўйинларини оёғи билан босмоқчи бўлганида бирдан орқасига тисарилиб кетди ва икки қўли билан ўзини нимадандир қўрий бошлади. Бу ҳолатни кўрганлар ундан: "Сенга нима бўлди?" деб сўрашди. Шунда у: "Мен билан унинг орамизда оловли бир ўра пайдо бўлиб, ундан қўрқинчли қанот чиқди", деб жавоб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: "Агар у менга яқинлашганида, фаришталар уни бурда-бурда қилиб ташлар эдилар" (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг ҳимояси остида ҳамроҳлари Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билан Маккадан яширинча чиқдилар ва Савр ғорига етиб келиб, мушрикларнинг айғоқчилари кўзидан ўша ерга яшириндилар. Мушриклар ҳам жон-жаҳдлари билан икковлонни ахтариб Савр ғорига келдилар. Ғорнинг оғзига яқин келган чоғларида Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳалок бўлдик, деб ўйладилар ва Расулуллоҳга: "Агар бирортаси оёғининг остига қараса бизни кўриб қолади", дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг ваъдасига қаттиқ ишонган ҳолда: “Эй, Абу Бакр, учинчилари Аллоҳ бўлган икки кишининг ҳолати қандай бўлади, деб ўйлайсиз?!" дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Уҳуд жанги кунида фаришталар Расулуллоҳнинг ҳимоялари учун осмондан тушдилар. Мушриклар у зотнинг устларига ёпирилиб келган ва саҳобалар мағлуб бўлиб қочаётган вақтлари эди. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу айтадилар: "Уҳуд куни Расулуллоҳнинг ўнг ва чап томонларида оппоқ кийиниб олган икки кишини кўрдим. Мен уларни илгари кўрмаган эдим, кейин ҳам кўрмадим. Яъни, улар Жаброил ва Микоил фаришталар алайҳумассалом эдилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Ҳомиджон домла Ишматбеков,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раисининг биринчи ўринбосари.

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Мусибат ва касалликларни кетказувчи зикр

11.10.2024   14028   4 min.
Мусибат ва касалликларни кетказувчи зикр

1. Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ – жаннат эшикларидан бири.

ألا أدلك على باب من أبواب الجنة قال: وما هو؟ قال: لا حول ولا قوة إلا بالله

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу айтадилар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сени жаннат эшикларидан бир эшикка далолат қилайинми?” дедилар. Мен: “У нима?” деб сўрадим. Набий алайҳиссалом: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”, дедилар" (Имом Табароний ривояти).

 

2. Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ – жаннат хазиналаридан бири.

قل: لا حول ولا قوة إلا بالله فإنها كنز من كنوز الجنة

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”ни айтгин. Албатта, у жаннат хазиналаридан биридир", дедилар" (Имом Термизий ривояти).

 

3. Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ – жаннат кўчати.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннат кўчатларини кўпайтиринглар”, дедилар. “Ё Аллоҳнинг расули, унинг кўчатлари нима?” дейишди. У зот алайҳиссалом: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”, дедилар (Имом Табароний ривояти).

 

4. Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ – 99 дардга шифо бўлади.

مَنْ قَالَ لا حَوْلَ وَلا قُوَّةَ إِلاَّ بِاللهِ كَانَتْ دَوَاءٌ مِنْ تِسْعَةٍ وَتِسْعِينَ دَاءٍأَيْسَرُهَا الْهَمُّ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”ни айтса, тўқсон тўққиз дардга даво бўлади. Энг енгили ғамдир", дедилар (Имом Табароний, Имом Ҳоким ривояти).

 

5. Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ –  фақирликни даф қилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким ҳар куни юз марта “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”ни айтса, унга фақирлик етмас", дедилар (Ибн Абу Дунё ривояти).

 

6. Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ –  неъматларнинг бардавом бўлишига сабаб бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Кимга Аллоҳ неъмат берса-ю, у бу неъматнинг ўзида давомийлигини истаса, “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”ни кўп айтсин", деганлар (Имом Табароний ривояти).

 

7. Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ –  бало-мусибатлардан халос этади.

Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу айтадилар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: "Эй Али, сенга қийин аҳволга тушиб қолганда айтиладиган калималарни ўргатайми?" дедилар. "Аллоҳ мени сизга фидо қилсин, ўргатинг, ё Расулуллоҳ", дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қийин аҳволга тушиб қолсанг, “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Ва лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳил ъалиййил ъазийм”, деб айт. Чунки мана шу дуо билан Аллоҳ хоҳлаганича ҳар турли балолардан халос қилади», дедилар.

Молик Ашжаъийнинг ўғли асирга тушиб қолганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга одам юбориб “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илаа биллаҳ”ни кўп айтишни буюрганлар. Натижада ўғли асирликдан халос бўлган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ўз тажрибаларида “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илаа биллаҳ”ни айтиш билан мушкуллари осон, бало-офатлари даф бўлишини кўп синаб кўрганлар.

Олимлардан бири айтадилар: “Кимнинг ғам-ташвиш ва мусибатлари кўпайиб кетса: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ” калимасини кўп айтсин”.

Даврон НУРМУҲАММАД