Ҳар бир инсоннинг ўз шаъни, обрў-эътибори бор. Ҳар бир ўзини ҳурмат қилган киши бошқа бировнинг ҳам ҳурматини билиши лозим. Афзал киши шундайки, унинг тили ва қўлидан бошқа мўмин-мусулмонлар озор кўрмайди. Бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Мусулмон – қўли ва тили билан бошқа мусулмонларга озор бермаган одамдир, муҳожир – Аллоҳ таоло тақиқлаган нарсалардан ўзини тия билган одамдир!” дедилар.
Баъзан эса бўлар-бўлмасга сўкадиган одамларга дуч келамиз. Сўкиниш инсоннинг тарбиясизлигидан, бадхулқ инсон эканлигидан дарак беради. Ислом динида бировни сўкиш қораланади. Ислом шариатида сўкиниш ҳаром бўлган амалдир. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон кишини сўкиш фосиқликдир, у билан урушиш эса куфрдир”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Насаий ривояти).
Ислом динида гуноҳ ишларни қиладиган киши фосиқ дейилади. Фосиқ киши гуноҳ ишларига пушаймон бўлиб, тавба қилиши лозимдир.
Айрим кишилар бировнинг ота-онасини сўкиш билан ўзларининг ота-оналарини лаънатлайдилар. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Катта гуноҳларнинг каттаси инсоннинг ўз ота-онасини лаънатламоғидир”, дедилар. Шунда: “Ё Аллоҳнинг Расули! Қандай қилиб одам ўз ота-онасини лаънатлайди”, деб сўралди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир одам бировнинг отасини сўкса, у ҳам бунинг отасини сўкади, онасини сўкса, онасини сўкади”, дедилар (Имоми Бухорий ривояти).
Хулоса қилиб айтамизки, сўкинишлик бадхулқлик белгиси ва гуноҳ амалдир. Аллоҳ таоло барчамизни гуноҳ ишдан қайтиб, яхши хулқ эгаси бўлишлик бахтига муяссар айласин!
Р. Акбаров,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Қашқадарё вилоятидаги вакиллик ходими.
Дўстона ва самимий руҳда ўтган учрашувда Марказ раҳбари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан юртимизда бунёд этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳақида жумладан, Марказ доирасида амалга оширилаётган тадбирлар, барча илмий ва ташкилий ишлар ҳақида маълумот берди.
– Ўзбекистон Ислом илми, фиқҳ ва ҳадис соҳасида юксак меросга эга. Бу заминда машҳур уламолар, буюк фақиҳлар, муҳаддислар, мутафаккирлар ва санъатшунослар етишиб чиққан, – деди Ислом уюшмаси бош котиби. – Ушбу мероснинг Ислом оламидаги аҳамияти ва долзарблигини кўрсатишда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази муҳим ўрин тутади. Бу юртнинг таниқли ва машҳур алломалари туфайли Ислом цивилизациясининг асл моҳияти хусусан, инсонпарварлик ва бағрикенглик қадриятлари бугунги кунга қадар сақланиб қолган. Мазкур мегалойиҳа бу бой меросни жаҳон ҳамжамиятига танитишда асосий аҳамиятга эга. Биз Бутунжаҳон Ислом уюшмаси номидан ушбу саъй-ҳаракатларни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Ўзбекистон Президентининг маданият ва маърифатга қаратган эътибори барча мусулмон мамлакатлар учун намуна бўлади. Марказ билан ҳамкорлик қилишдан бениҳоят мамнунмиз! – дея таъкидлади Шайх Муҳаммад Абдулкарим Ал-Исса.
Учрашув давомида Шайх Муҳаммад Абдулкарим Ал-Исса Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар хусусан, Ислом цивилизацияси марказининг барча тадбирлари, режалаштирилган турли анжуманларга қизиқиш билдириб, бу борада олиб борилаётган ишларни юксак баҳолади ва мамнуният билан эътироф этди. Ислом цивилизацияси марказининг очилиш маросими қанчалик аҳамиятли эканлигига эса алоҳида тўхталди. Шу ўринда Шайх Муҳаммад Абдулкарим Ал-Исса Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқидан қуйидаги иқтибосларни келтирди: “Биз бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз. Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади. Ислом цивилизацияси марказининг фаолияти ҳам шу мақсадга хизмат қилади”. Шайх Муҳаммад Абдулкарим Ал-Исса Ўзбекистон Президенти томонидан БМТ минбаридан туриб илгари сурилган мазкур улкан ташаббус Бутунжаҳон Ислом уюшмаси номидан қўллаб-қувватлашини таъкидлаб ўтди.
Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Марказ таркибида Араб-ислом хаттотлик мактабини очиш йўлга қўйилганини маълум қилди. Шайх Муҳаммад Абдулкарим Ал-Исса ушбу лойиҳани тўла-тўкис қўллаб-қувватлади:
– Янги Ўзбекистон лойиҳаси бўлмиш бу хаттотлик мактаби орқали Қуръони каримнинг ҳар бир сурасини махсус араб хатида, безаклар билан бойитилган тарзда қўлда кўчириш мақсадга мувофиқ, – дея таклиф қилди Бош котиб, – Ўзбекистондаги бўлажак Араб-ислом хаттотлик мактаби фаолиятини йўлга қўйишда, шунингдек, жаҳон миқёсида машҳур бўлган катта тажрибага эга хаттотларни ушбу марказга жалб этиш, хаттотларнинг иш фаолияти самарали бўлиши учун уларни рағбатлантириш ва умуман мактаб фаолиятини ривожлантиришда астойдил ҳамкорлик қилишга тайёрмиз.
Делегация аъзолари Макка шаҳрида жойлашган Ҳиро маданият даҳаси, Ваҳий музейи, “Бурж ас-саъа” минорасида жойлашган шу номдаги музей, Каъба кисваси учун қирол Абдулазиз мажмуаси ва Мадина шаҳридаги “Бўстон” музейи, Пайғамбаримиз (с.а.в) сийратлари ва Ислом цивилизацияси музейи, Жидда шаҳридаги Ислом санъати музейи ва кутубхонасига ташриф буюрди ва ҳамкорлик бўйича музокаралар олиб борди.
Бундан ташқари, Ислом цивилизацияси маркази делегацияси аъзолари музей ва кутубхоналарга қилган ташрифлари жараёнида Пайғамбаримизнинг фаолият ва турмуш тарзларини ифодаловчи видеолавҳалар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига тақдим этилиши масаласини ҳам кўриб чиқишди.
Шунингдек, учрашувда Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Самарқандда янгидан бунёд этилаётган Имом Бухорий мажмуаси зиёратчилари учун қулай шарт-шароитлар яратиш масаласида ҳам фикр алмашилди. Бу борада Саудия Арабистони тажрибасидан фойдаланиш мақсадида Бутунжаҳон Ислом уюшмаси Тадбирлар ва конференциялар бўлими бошлиғи Шокир Салоҳ ал-Адваний билан мулоқот ўтказилди. Мулоқот давомида Ислом уюшмаси вакили бу масалада Саудия Арабистонининг етакчи ташкилотларидан бири “Илм” компанияси кўмак беришини билдирди. Кейинги муҳокамалар видеоконференция шаклида давом эттирилишига келишиб олинди.