Фикрни бузадиган нарсаларнинг иккинчиси “жамолдир”. Инсоннинг кўзи чиройли нарсаларни кўришга ўч бўлади. Масалан, уй, либос, улов, аёллар ва ҳоказо.
Ҳозирги замонда инсон нигоҳини назорат қилиши қийин. Агар инсон нигоҳини номаҳрамга қарашдан тийса, бу ишидан унинг қалбида нур пайдо бўлади. Бу борада Расуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳадис бор. Агар қайси банда ўз нигоҳини номаҳрамдан олиб қочса, Аллоҳ таоло унинг ибодатига лаззат киритиб қўяди. Ибодатнинг лаззатини туймоқ эса комил имондан дарак. Аксарият инсонлар кўп нарсаларда парҳезкорлик қиладилар. Лекин номаҳрамдан кўзларини тўсмаганлари учун Аллоҳ таолодан узоқдадирлар. Бу гуноҳдан сақланиш лозим. Чунки Аллоҳ таоло баъзи нарсаларни кўришга буюриб, бошқаларига назар солишдан қайтаради.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
«Ўзингни эртаю кеч Раббиларига дуо қилиб, Унинг юзини ирода қилувчилар ила сабр этиб тут. Ҳаёти дунё зийнатини хоҳлаб, улардан икки кўзингни бурма» (Каҳф сураси, 28-оят).
Баъзи нарсаларга нигоҳ қаратишдан қайтаради. Улардан бири номаҳрамга қарашдир.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Сен мўминларга айт кўзларини тийсинлар» (Нур сураси, 30-оят). Раббимиз шу каби фитналаридан сақланишга буюради.
"Шарм ва ҳаё” китобидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
حدثنا عبد الله بن محمد بن شاكر نا يحيى بن أبي بكير نا زائدة عن منصور عن شقيق عن عبد الله قال: ذكر رجل عند رسول الله صلى الله عليه وسلم فقيل: يا رسول الله إن فلانا نام الليلة حتى أصبح ما صلى فقال النبي صلى الله عليه وسلم: ذاك رجل بال الشيطان في أذنيه أو أذنه.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва ъалаа олиҳи васалламнинг ҳузурларида бир киши зикр қилиниб: “Ё Аллоҳнинг Расули, фалончи кечаси билан тонг отгунча ухлайверди, намоз ўқимади”, дейилди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва ъалаа олиҳи васаллам: “Бу одамнинг икки қулоғига [ёки қулоғига] шайтон бавл қилибди”, дедилар”.
Абу Саид Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг
“Муснади Шоший” асаридан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси