Одам анатомиясига оид энг қадимий қўлёзмалардан бири Саудия Арабистони пойтахти Риёздаги Подшоҳ Абдул Азиз халқ кутубхонасига олиб келинди, дея хабар бермоқда Islam.ru.
XIV асрда ёзилган ушбу қўлёзма “Одам танасининг анатомияси” деб аталади, унда одамнинг ички аъзолари ҳақида сўз юритилади ва ушбу аъзоларнинг расмлари ҳам келтирилган. Асар муаллифи – Мансур ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Илёс ал-Кашмирий.
Ушбу китоб мусулмонлар илм-фани тарихидаги энг муҳим асарлардан бири ҳисобланади. У мусулмонларнинг одам анатомияси ҳақида бельгиялик шифокор Андреас Везалий ва италиялик Леонардо да Винчидан олдинроқ маълумотларга эга бўлганини кўрсатади.
Муаллиф китобда суяклар, нервлар, веналар, артериялар, юз, бугун, жигар ва одам танасининг бошқа аъзолари ҳақида сўз юритган, томирларнинг фаолиятини батафсил тасвирлаган.
azon.uz
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги вакилликлар, масжидлар ва уларга яқин ҳудудларда мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди.
Иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларига бефарқ бўлмаслик, табиатни асраб-авайлаш мақсадида кузги дарахт экиш ишлари жадаллик билан амалга оширилди. Мазкур хайрли ишлар соҳа ходимлари ўртасида "Табиат – Аллоҳ таолонинг омонатидир" шиори остида ўтказилди. Зотан, халқимизда минг йиллардан бери давом этиб келаётган гўзал анъаналар, урф-одатларимиз борки, улар динимиз бизга таълим берган гўзал ахлоқ, одамийлик, ўзаро муҳаббат, ҳамжиҳатлик, ободонлаштириш каби олийжаноб ишларни ўз ичига олади.
Динимиз Исломда ҳам дарахт экиш жуда катта савобли, баракали ва пайғамбарлар суннатларига мувофиқ амаллиги кўп бора айтилган. Қуръон ва ҳадисларда бу амалнинг фазилатлари баён қилинган. Жумладан: “Бирор мусулмон дарахт экса ёки экин экса, ундан одам, ҳайвон ёки қуш еса, бу унинг учун садақа бўлади” дейилади (Имом Бухорий ривояти).
Мазкур савобли амалнинг ижроси учун бел боғлаган Қорақалпоғистон Республикаси қозиёти, Тошкент шаҳри ва вилоятлар вакилликлари ўз ҳудудлари ҳамда Республикамиздаги 2147 та масжид ҳудудида бош имом-хатиблар бошчилигида жойлардаги маҳалла фаоллари томонидан жами 32 минг 670 туп дарахт кўчатлари экилди. Шундан 22 минг 775 таси манзарали, 9 минг 632 таси мевали кўчат ҳисобланади.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш мумкинки, кўчат экиш муддати навдан, иқлимдан ва кўчатнинг туридан келиб чиқиб фарқланади. Бироқ, одатда кўчат экиш учун энг яхши вақт куздан баҳоргача бўлган оралиқ ҳисобланади. Чунки бу даврда кўчатлар яхши томирлаган ҳолда тупроққа обдон ўрнашиб, ёзги иссиқларга чидамли бўлиб етишади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати