Абдулқодир Гилоний ҳазратлари ҳадисларга таянган ҳолда китобида бундай ёзади: «Охиратда банданинг амаллари ҳисоб-китоб қилинган вақтда уюм-уюм савоблар ёзилганини кўриб ҳайрон қолади ва Аллоҳга: «Ё Роббим, бу савоблар қаердан келди ва нима учун берилди, билмайман?», дер эмиш... Аллоҳ таоло: «Эй бандам, сен дунёда дуо қилиб, сўраган нарсанг мен ёзган тақдиримга тўғри келмаганлиги учун ҳам сенга берилмади. Бугун ўша сўраганинг ҳақига савоблар берилаяпти», дер экан... Банда: «Кошки, дуоларимнинг ҳаммаси шундай бўлиб, улуғ савоблар топсайдим», – деб айтармиш...
Аллоҳнинг ҳузурида турганлигингизни ҳис этиб, қўлингизга тасбеҳ олиб, ҳадиси шарифларда қайд этилган қуйидаги 5 та зикрни айтинг:
Бу зикрларни шу тартибда бажарганингиздан кейин, дунё ва охиратингиз учун дуо қиласизлар.
Дуоларда ота-онангизни унутманг, чунки унутган бандаларни Аллоҳ севмайди. Ундан кейин мусулмонлар ҳаққига, қўни-қўшни, севганларингиз ҳақига ҳам дуо қиласизлар. Аллоҳ шу дуоларингиз сабабидан ҳам мукофотлантиради.
Албатта, зикрнинг бошқа турлари ҳам бор. Юқоридаги зикрларни хоҳлаган пайтда ҳам айтишингиз мумкин. «Аллоҳ» зикрини қалб билан айтасиз, яъни «Зикрул қалбия» қиласиз.
Оғзингизни ёпиб, иложи бўлса кўзингизни ҳам ёпиб, ичдан сассиз-овозсиз «Аллоҳ» дейишни давом эттиринг... Мана шундай, овозсиз, тил, лабларни қимирлатмасдан, бировга билдирмасдан қилинган зикрни – зикри қалбий дейдилар. Бунинг савоби жуда баланд. Биров сезмагани учун, унда риё таҳликаси бўлмайди, бошқаларнинг ҳам диққати қаратилмайди. Аллоҳ биладиган бундай зикрни фаришталар ҳам эшитмас эмиш...
Бир инсон Аллоҳ йўлига пул сарфласа, Аллоҳ унга 700 баробар савоб ёзади. («Рамузул Аҳодис», 691-б.) 700 баробар, ҳадисда айтилаяпти. Масалан сиз масжид, хайрли жойларга, муҳтож кишиларга эҳсон қилсангиз 700 баробар савоб топасиз. Минг сўм берсангиз, 700000 сўм бергандек бўласизлар. 10000 сўм берсангиз, 7000000 сўм бергандек бўласизлар. Жуда савобли иш бу. Лекин яна бир ҳадис бор:
«Аллоҳни зикр қилиш, яъни, «Аллоҳ, Аллоҳ» дейиш, «Лаа илаҳа иллаллоҳ» дейиш – Аллоҳ йўлида пул сарфлашдан 100 баробар зиёдадир.
Агар савоб 700 баробар бўлса, бошқа савобли иш эса ундан 100 баробар зиёд бўлса, 70000 савоб бўлади. Яъни, киши бир марта Аллоҳ деса, унга 70000 савоб ёзилади. Ақлли одам шунча савобдан қочадими? Охиратни, савобни ўйлаган одам зикр айтишдан қочмайди, парвосизлик қилмайди, имконни қўлдан бой бермайди...
Яна бир ҳадисда: «Овоз чиқармасдан риёсиз, шуҳратсиз, ичдан қилинган зикр, жаҳрия қилинган зикрдан 70 марта савоби ортиқроқ» эканлиги айтилади.
Демак, ҳадисларга биноан (70000 х 70 = 4900000) 4900000та савоб бўлади муҳтарам биродарлар. Инсон қалбдан бир марта Аллоҳ деса, шунча миқдор савоб топади. Яна бир марта айтса, яна шунча савоб... Оз эмас бу!!!
Биз бу фоний дунёда нима учун яшаяпмиз. Аллоҳнинг ризосини топиш учун. Нега ваъз ўқияпмиз? Аллоҳнинг ризосига эришиш учун. Нега ваъз эшитаяпмиз? Аллоҳнинг ризосига эришиш учун.
Шунинг учун бу зикрларни доим айтинглар. Йўлда, транспортда, ўтирганда, юрганда, ҳатто ёзганда қалбингиз «Аллоҳ» деб зикр қилсин. Устозимиз Муҳаммад Зоҳид Қўтқу розияллоҳу анҳу билан баъзан бир хонада ётишга тўғри келарди. Бир кун саёҳат муносабати билан Анқарада бир кишиникига меҳмон бўлиб ётиб қолдик. Устозимиз кекса, чарчаган эди. Меҳмонхонанинг бир томонида «хур-хур» қилиб ухлаб қолдилар. Лекин у кишидан мунтазам «Аллоҳ, Аллоҳ, Аллоҳ» деган овоз эшитилиб турди, ҳайрон қолдим. Сирли ва қизиқ нарса...
"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди
Савол: Мен туш кўрдим ва уйғониб Ибни Сириннинг "Тушлар таъбири" китобини кўрсам ёмонроқ чиқди ва сиқилиб қолдим. Туш таъбири масалаларига мусулмон инсон қандай қараши керак?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аввало шуни айтишимиз керакки, Ибн Сирийн раҳимаҳуллоҳга нисбат берилган “Тушлар таъбири” китоби у зотга тегишли эмас. Шунинг учун бу китобни у зотга нисбат бериб бўлмайди. Динимизга кўра тушлар уч хил бўлади:
– Аллоҳ таоло томонидан бўлган, таҳорат билан ётилганда, тонгга яқин кўриладиган, солиҳ тушлар.
– Шайтондан бўлган, аниқ эсда қолмайдиган, кайфиятни туширадиган, алаҳсирашга ўхшаш ёмон тушлар.
– Касбига ёки қизиққан нарсасига тааллуқли тушлар.
Динимизда туш кўрганда нима қилиш кераклиги борасида аниқ тавсиялар келган. Агар рост тушлар шариатга мос келса, амал қилиш мумкин, агар зид келса, қатъий амал қилинмайди. Ёмон туш кўрган киши тушини бировга айтмаслиги ва тушнинг ёмонлигидан Аллоҳ таолодан паноҳ сўраши керак. Бу ҳақида Абдуллоҳ ибн Қатода розияллоҳу анҳу отасидан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рост туш Аллоҳдан, ёмон туш шайтондан. Бирортангиз қўрқинчли туш кўрса, чап томонига туфлаб қўйсин ва тушнинг ёмонлигидан (Аллоҳдан) паноҳ сўрасин. Шунда ёмон туш зарар қилмайди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Яъни ёмон туш кўрган киши чап томонга енгилгина туфлаб: “Роббим! Кўрган тушимни ёмонлигидан паноҳ сўрайман”, деб қўяди.
Баъзи уламолар имкон бўлса ўрнидан туриб, таҳорат олиб, икки ракат нафл намоз ўқигани ҳамда бироз садақа қилиб қўйгани яна ҳам яхши, дейишган.
Шунингдек, туш инсон тақдирини белгиламайди. Тушга ортиқча баҳо бериб, уни ҳаёт мезонига айлантириш тўғри эмас. Биз динимиз кўрсатмаларига оғишмай амал қилсак, ҳам моддий, ҳам руҳий тарафдан соғлом, иродамиз мустаҳкам бўлади. Валлоҳу аълам!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.