Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўта сахий зот бўлсалар-да, Рамазон кириши билан саховатлари, яхшиликлари янада ортиб кетар эди. Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо) айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларнинг энг саховатлиси эдилар. У зотнинг саховатлари Рамазон ойида – ҳар кеча Жаброил (алайҳиссалом) Қуръонни таълим бериш учун ҳузурларига тушадиган пайтларда – айниқса, зиёда бўларди. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларга мурувват кўрсатишда шиддат билан эсаётган шамолдан-да тез эдилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Афсуски, ҳаётимиздаги барча майда ишларни ҳам эътибордан четда қолдирмай ҳисоб-қитоб қиламиз-у, бироқ рамазон ойи режасини тузишни унутамиз. Оқибатда дунё ва охират учун фойдали бўлган яхшиликдан бепарволик сабабли маҳрум бўламиз. Зеро, охиратнинг ободлиги бу дунёни обод қилиш билан бошланади. Абадий саодатга эришиш учун ибодатларни гўзал тарзда адо этишга одатланиш лозим. Шу сабабли, мўмин-мусулмонларнинг Рамазон ойининг ҳар бир кундузию кечасини ўтказиш тартибини режалаштириб олишлари мақсадга мувофиқ.
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Мен фитр рўзамни ҳайит намозидан олдин бера олмаган эдим. Уни шу кунларда берсам ҳам бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Рамазон ҳайити куни ҳайит намозини ўқишдан олдин фитр садақасини адо этиб қўйиш мустаҳаб амал саналади. Ундан аввал бериб қўйиш ҳам мумкин. Лекин кимдир ҳайит намозигача ҳам адо эта олмаган бўлса, намоздан кейин ёки бошқа кунларда бериб қўяди. Чунки у адо этилмагунча зиммадан соқит бўлмай тураверади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.