Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан ҳомийлар жалб этилган ҳолда, Нурота туманидаги “Чуя” жоме масжидининг янги биноси қуриб фойдаланишга топширилди.
Бундан икки йил олдин “Чуя” масжидининг биноси эски ҳолатга келиб қолган, масжид жамоати уни обод қилиш истагида эди. Ўша йили Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари вилоятга ташрифлари давомида ушбу масжидда бўлиб вазиятни тезда англаб мутасаддиларга тегишли кўрсатма берган, унинг қурилишига хайрли дуолар қилган эдилар.
Муфтий ҳазратлари бошчилигидаги жамоат дуоси, диний идора кўмаги, саховатпеша инсонлар ҳиммати ва маҳалла аҳлининг ҳашари сабабли ушбу масжид қуриб битказилиб фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ўтказилган маросимда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими масъул ходими Искандар Халилов, вилоят ҳокими ўринбосари Ғофур Мусулмонов, вилоят бош имом-хатиби Тоҳир Рўзиев, Нурота тумани ҳокими Умарбек Ҳалиловлар иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан Искандар домла Ҳалилов иштирокчиларга муфтий ҳазратларининг салом ва табрикларини етказиб, йиғилганларни масжиднинг янги биноси билан мубарокбод этди. Шунингдек, маросимда сўз олган мутасаддилар намозхонларни янги масжид билан табриклаб, унинг қурилишига ҳисса қўшган инсонларга миннатдорлик билдирди.
Эсалатиб ўтамиз, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан юртимизнинг олис ҳудудларида масжидлар бунёд этилаётгани ҳақида хабар берган эдик.
Дарҳақиқат, Аллоҳнинг уйи бўлган масжид қуришнинг савоби улуғ экани мўътабар манбаларда баён этилган.
Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган, намозни тўкис адо этган, закотни (ҳақдорларга) ато қилган ва ёлғиз Аллоҳдангина қўрқадиган зотларгина обод қилурлар. Ана ўшалар ҳидоят топувчи зотлар бўлсалар ажабмас” (Тавба сураси, 18-оят).
Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам масжид қуриш ва уни обод қилиш борасида кўплаб тарғиблар келган. Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий алайҳиссалом шундай дедилар: “Ким Аллоҳ учун бир масжид қурса, Аллоҳ жаннатда шунинг мислича уй бунёд қилади” (Муттафақун алайҳ).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан бундай ривоят қилинган: “Ким масжидда битта чироқ ёқса, ўша чироқнинг нури ўчгунича фаришталар у кишининг ҳаққига истиғфор айтиб турадилар”.
Аллоҳ таоло масжид қуриш ва уни обод этиш мана шундай улуғ савобли амал эканини чин қалбидан ҳис этган мухлис халқимизга ажру мукофотини кўпайтириб берсин, бу каби хайрли ишлар бардавом қилиб, юртимиз ва бутун дунёдан бало ва офатларни аритсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Сеҳргар ўз сеҳри орқали турли гуноҳ ва зулмларни амалга оширади. Сеҳргар қанчадан-қанча одамларни Аллоҳдан ўзгага қурбонлик қилишга ёки тумор тақишга ё ғайбдан келган хабарларга ишонишга буюриб, адаштирди?!
Сеҳргар кўплаб бахтли уйларни вайрон қилди, қанчадан-қанча аҳил жуфтликларни бир-биридан айириб, бахтиёр оилалардаги ёш болаларни тирик етим қилди. Гўдаклар у туфайли ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотдилар?!
Сеҳргар одамларга яна қанча ташвишлар келтирди?!
Қанчадан-қанча соғлом одамларнинг касал бўлишига сабаб бўлди?!
Қанчадан-қанча бахтли оилаларни парчалаб ташлади?!
Қанчадан-қанча камбағалларни қарз олишга мажбур қилди?!
“Даволайман” ёки “ғайбни биламан” деган ёлғонлар билан одамларнинг пулларини ўзлаштириб олди?!
Сеҳргар тинч-осойишта жамиятни ёмон кўради ва уни бузмагунча тинчимайди. У ўзгаларнинг бахтли ҳаётидан хурсанд бўлмайди.
Сеҳргарда ҳеч қандай яхшилик йўқ. Ёки сеҳргарнинг камбағаллар, етимлар, бева, бечораларга ғамхўрлик, яхшилик ёки ҳомийлик қилганини кўрганмисиз?! Сеҳргарнинг амали жамиятни бузиш ва унинг аъзоларини ширкга ундаш, уларнинг бошига бало, ғам-ташвиш солишдир.
Даврон НУРМУҲАММАД