“Суннат” ва “Ҳадис” атамаси бир хил маънони билдиради. Аммо уларни диққат билан ўрганадиган бўлсак, ҳадиснинг хос, суннат умумий эканини биламиз. Ҳадис деганда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган гап-сўзлари кўзда тутилади.
Суннат сўзи эса, араб тилида “сийрат, тариқат – маънавий йўл”. маъносини англатади. Тариқат ёмонлик ниятида хам, яхшилик ниятида хам бўлиши мумкин.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Исломда гўзал суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўшанга амал қилганлар ажрига ўхшаш ажр, уларнинг ажридан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда ёзилиб туради. Ким Исломда бир ёмон суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўша амал қилганлар ажрига ўхшаш гуноҳ, уларнинг гуноҳларидан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда ёзилиб туради”, дедилар (Муслим ривояти).
Пайғамбарнинг суннати деб айтилганда, у зотнинг ҳаётий йўли тушунилади. Муҳаддислар истилоҳида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари, иш, тақрир, халқий (тана тузилиши), ахлоқий сифатлар ва таржимаи ҳолга тегишли маълумотлар “Суннат” дейилади.
Суннат икки илоҳий ваҳийнинг бири бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган. Ваҳийнинг бошқаси Аллоҳнинг каломи бўлмиш Қуръони каримдир. Бунга Қуръон, суннат ва уламоларнинг ижмоларида аниқ баён этилган:
Қуръони каримда:
“У ҳаводан нутқ қилмас. У (Қуръон) ваҳийдан ўзга нарса эмас” (Нажм сураси, 3-4-оятлар мазмуни).
“Очиқ-ойдин баёнотлар ва китоблар ила (юбордик). Ва сенга одамларга нозил қилинган нарсани ўзларига баён қилиб беришинг учун зикрни нозил қилдик. Шоядки, тафаккур қилсалар” (Наҳл сураси, 44-оят мазмуни). Бу оятда зикрдан мақсад Қуръони Каримдир. Яъни, Пайғамбарларни ўз қавмларига турли очиқ-ойдин баёнотлар ва китоблар билан юбордик. Сизни эса, эй Муҳаммад, одамларга нозил қилинган нарсани ўзларига баён қилиб беришинг учун зикр – Қуръон билан юбордик.
“Пайғамбар сизга нимани берса, ўшани олинглар ва нимадан қайтарса, ўшандан қайтинглар. Аллоҳдан қўрқинглар. Албатта, Аллоҳ азоби шиддатли зотдир” (Ҳашр сураси, 7-оят мазмуни).
“Сиз: “Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг. Аллоҳ сизга муҳаббат қилади ва сизларни гуноҳларингизни мағфират қилади”, деб айтинг” (Оли Имрон сураси, 31-оят мазмуни).
“Йўқ, Роббингга қасамки, сени ўз ораларида чиққан келишмовчиликларга ҳакам қилмагунларича, кейин, чиқарган ҳукмингга дилларида танглик топмасдан, бутунлай таслим бўлмагунларича, зинҳор мўмин бўла олмаслар!” (Нисо сураси, 65-оят мазмуни).
“Унинг ишига хилоф қиладиганлар ўзларига фитна етиши ёки аламли азоб етишидан ҳазир бўлсинлар” (Нур сураси, 63-оят мазмуни).
Суннатга эргашишга қизиқтирадиган, уни лозим тутиш вожиб экани ва унга хилоф иш тутиш ҳаром экани ҳақидаги оятлар Қуръонда кўп келади.
Суннатда:
Ҳадисларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларини маҳкам ушлаш ўта зарур масала экани очиқ-ойдин айтилган.
Убайдуллоҳ ибн Абу Рофиъ отасидан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен бирортангизнинг супасида ёнбошлаб ётганида унга мен амр қилган ёки қайтарган нарсалардан бирор иш етса, зинҳор “Буни билмаймиз, бизга Аллоҳнинг Китобида нима келса, шунга эргашамиз”, деганингизга дуч келмайин”, дедилар” (Имом Термизий, Имом Абу Довуд ривоятлари).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Қуръонга амал қилсак бўлди, Суннатнинг кераги йўқ”, дейдиганлар чиқмаслиги зарурлигини баён қилмоқдалар. Бу ҳам келажакда бўладиган нарсалардан ўзига хос огоҳлантиришдир. Шунингдек, Қуръони карим билан бирга суннати набавияга катта эътибор қаратиш кераклигини таъкидладилар, чунки у зотнинг суннатлари Қуръон аҳкомларини баён қиладиган ва изоҳлаб берадиган манбадир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларга Аллоҳга тақво қилишни, агар ҳабаш қулга бўлса ҳам, қулоқ осиб, итоат қилишингизни васият қиламан. Сизлардан ким мендан кейин яшаса, кўплаб ихтилофларни кўради. Шунда менинг Суннатимни ва рошид – ҳидоятли халифаларнинг суннатини маҳкам ушлашни лозим тутинг. Уни озиқ тишлар билан маҳкам тишлаб олинг. Ўзингизни янги пайдо қиладиган ишлардан эҳтиёт қилинг, чунки ҳар бир янги пайдо қилинган иш бидъатдир, ҳар бир бидъат эса залолатдир”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Шунга ўхшаш суннатни лозим тутиш ва уни мукаммал қилишга тарғиб қилувчи ҳадиси шарифдан иборат далиллар кўп.
Буюк алломаларнинг гапларида:
Ҳасан Басрий: “Имрон ибн Ҳусайн биродарлари билан ўтирган эди. Шунда улардан бири: “Бизга фақат Қуръон билан гапиринглар” деди. Унга: “Яқин кел” деди. У яқин келди. Имрон ибн Ҳусайн: “Сен ва дўстларинг Қуръонга мурожаат қилиб Пешин намозини тўрт ракат эканини, Асрнинг тўрт ракат эканини ва Шомнинг уч ракатлигини топа оласизларми?
Сен ва дўстларинг Қуръонга мурожаат қилиб Тавоф етти марта эканини, Сафо ва Марва тавофи қанчалигини топа оласизми?”, деди (Хатиб Бағдодий. Ал-Кифоя фи илмир ривоя). Яъни Қуръон ҳукмларини суннат билан тўлиқ билиб олишга ишора қилган.
Ҳассон ибн Атийядан ривоят қилинади: “Жаброил алайҳиссалом суннатни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръонни нозил қилгани каби нозил қилар эди” (Имом Доримий ривояти).
Айюб Сахтиёнийдан ривоят қилинади: “Бир киши Мутарриф ибн Абдуллоҳ ибн Шиххирга: “Бизга Қуръондаги нарсасиз бирор сўз гапирма”, деди. Унга Мутарриф: “Аллоҳга қасам, Биз Қуръонга ўзгартиришни хоҳламаймиз. Лекин бизнинг ичимизда ким Қуръонни билувчироқ эканини билишни истаймиз”, деди” (Қуртубий. Жомиъ баёнил илм ва фазлиҳ).
Авзоъийдан ривоят қилинади: “Айюб Сахтиёний: “Бир кишига суннатни гапирадиган бўлсангиз, у одам: “Буни қўйинглар, бизга фақат Қуръондан гапиринглар”, дейди. Билингки, у адаштирувчи адашган одамдир”, деди” (Ҳоким Найсабурий. Маърифату улумил ҳадис).
Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи: “Суннат Қуръоннинг тафсири, таърифи ва баёнидир”, деган (Хатиб Бағдодий. Ал-Кифоя фи илмир ривоя).
Бу ҳақда алломалар жуда кўлаб фикрларини билдиришган.
Қуръон ва суннатда ҳеч қандай бир-бирига хилофлик йўқ. Бугунги кунда суннатни инкор қилувчилар жамоаси суннатни тарк этиб фақат Қуръондан ҳукм олиш керак деган фитналари билан мусулмонлар орасини бузишга ҳаракат қилмоқда. Юқоридаги далиллар уларнинг тутаётган йўллари нотўғри эканига далолат қилади. Диннинг мукаммаллиги Қуръон ва Суннат билан намоён бўлишини унутмайлик.
Қодирхон МАҲМУДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Инсоният тарихида айрим маконлар борки, улар фақат географик нуқта эмас, балки руҳий тарбия ва маънавий уйғониш маркази ҳисобланади. Ана шундай муқаддас масканларнинг энг улуғи – Масжидул ҳаром ва увинг қалби бўлган Каъбаи муаззамадир. Миллионлаб мусулмонлар ҳар йили турли миллат, тил ва маданиятдан қатъи назар, бир мақсад – Аллоҳ таолонинг розилигига эришиш учун ушбу муборак жойга йўл оладилар. Ҳаж – Исломнинг бешинчи рукни бўлиб, у оддий саёҳат ёки расмий маросим эмас. Ҳаж инсоннинг қалбини поклайдиган, нафсини тарбиялайдиган, уни янада масъулиятли ва тақводор шахсга айлантирадиган буюк ибодатдир. Аслида, ҳақиқий ҳаж – инсоннинг ички дунёсини ўзгартирувчи ҳаждир.
Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Албатта, одамлар (ибодати) учун қурилган биринчи уй Баккада (Маккада) муборак ва оламлар учун ҳидоят (манбаи) бўлган (Каъба)дир» (Оли Имрон сураси, 96-оят). Ушбу муборак оят Каъбатуллоҳнинг инсоният тарихидаги юксак ўрнини кўрсатади. У нафақат мусулмонларнинг қибласи, балки тавҳид рамзи ҳамдир. Ер юзида турли цивилизациялар пайдо бўлиб, йўқолиб кетган бўлса-да, Каъба асрлар давомида инсониятни ягона Роббга ибодат қилишга чақириб келмоқда.
Тарихий манбаларда Каъбанинг бир неча бор қайта таъмирлангани зикр қилинади. Одам алайҳиссаломдан тортиб, Иброҳим ва Исмоил алайҳиссаломларгача, ҳатто Қурайш қабиласи ва Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳулар давригача унинг қайта қурилгани ҳақида ривоятлар келтирилган. Бу ҳолат Каъбанинг инсоният онгида нечоғли муқаддас ўрин тутишини англатади.
Кўпчилик ҳажни фақатгина фарз амалини адо қилиб қўйиш деб тушунади. Аслида эса ҳаж – инсоннинг ахлоқий ва маънавий камолотини синовдан ўтказадиган улкан мактабдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар: «Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннатдир» (Муттафақун алайҳ). Лекин ҳар қандай ҳаж ҳам «мабрур» (қабул бўлган) бўлавермайди. Уламолар мабрур ҳажни — холис ният билан, ҳалол молдан, гуноҳ, риё ва хўжакўрсинликдан узоқ ҳолда адо этилган ибодат деб таърифлайдилар. Демак, ҳаждан мақсад фақат Каъбани кўриш ёки эл қатори «ҳожи» деган ном олиш эмас. Балки инсоннинг ички дунёси ўзгариши, гуноҳлардан чин дилдан тавба қилиши ва ҳаётини янги, пок босқичдан бошлаши муҳимдир.
Билишимиз керак бўлган энг муҳим масалалардан бири — ҳажга кетишдан аввал чин дунёдан тавба қилиш ва одамлар ҳақини адо этишдир. Зеро, зиммасида қарзи ёки ўзганинг ҳақи бўлган инсон ҳаж қилишдан аввал уларни эгаларига қайтариши лозим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада шундай деганлар: «Бой (қодир) кишининг қарзини бермай пайсалга солиши зулмдир» (Имом Бухорий ривояти). Афсуски, бугунги кунда айримлар ҳажни обрў, тижорат ёки ижтимоий мақом воситасига айлантириб юбормоқда. Ислом шариатида пора, таниш-билишчилик ёки ноҳақ йўллар билан ҳажга бориш қаттиқ қораланади. Бундай йўллар ибодатнинг руҳий моҳиятини бутунлай йўққа чиқаради. Исломда ибодатнинг қабул бўлиши учун унинг ташқи дабдабаси эмас, балки ихлос, тақво ва ҳалоллик асос қилиб олинади.
Ҳақиқий ҳожи ҳаждан қайтгач, унинг хулқида, оилавий ва ижтимоий ҳаётида ижобий ўзгаришлар сезилиши керак. Улуғ тобеин Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Мабрур ҳаж — инсоннинг ҳаждан дунёга бефарқ (зоҳид), охиратга эса рағбатли ҳолда қайтишидир». Агар инсон табаррук сафардан қайтганидан кейин ҳам ғийбат, такаббурлик, манманлик, тарозидан уриш ва ноҳақликни тарк этмаса, у ҳажнинг ҳақиқий мазмун-моҳиятини англаб етмаган бўлади. Ҳаж мусулмон кишига сабрни, тартиб-интизомни, камтарлик ва биродарликни ўргатади. Эҳромга кирган пайтда бой билан камбағал, раҳбар билан оддий ишчи бир хил кийимда, ёнма-ён туради. Бу эса инсонлар ўртасидаги барча сунъий фарқларни йўқотиб, Аллоҳ ҳузуридаги ҳақиқий тенглик ғоясини намоён этади.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Ҳажарул асвадни ўпаётиб, тарихга муҳрланган ушбу сўзларни айтган эдилар: «Сен фақат бир тошсан, на фойда ва на зарар етказа оласан. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сени ўпганларини кўрмаганимда, сени асло ўпмас эдим». Бу теран фикр Исломда ибодатлар фақатгина соф ақида ва суннатга асосланишини кўрсатади. Мусулмон киши Ҳажарул асвадни қандайдир сеҳрли куч деб эмас, балки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига бўлган чексиз муҳаббат ва эҳтиром рамзи сифатида зиёрат қилади.
Ҳаж — мусулмон умматининг энг буюк маънавий қурултойидир. У инсонни ташқи жиҳатдан эмас, балки ички оламини тубдан ўзгартириш учун фарз қилинган. Ҳақиқий ҳаж инсонни камтар, ҳалол, масъулиятли ва тақводор қилади. Бугун мусулмон жамиятимизда ҳажнинг фақат ташқи расмиятчилигига эмас, балки унинг маънавий-руҳий моҳиятига кўпроқ эътибор беришимиз зарур. Чунки Каъбани шунчаки кўз билан кўришдан ҳам муҳимроғи — қалб кўзини очиш ва уни поклашдир. Ҳақиқий мабрур ҳаж эса инсонни гуноҳлардан узоқлаштириб, Яратувчисига яқинлаштиради.
Жамол Мавлонов,
Бухоро шаҳридаги «Масжиди Калон» жоме масжиди имом-хатиби