Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Июл, 2026   |   6 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:28
Қуёш
05:02
Пешин
12:34
Аср
17:38
Шом
19:56
Хуфтон
21:27
Bismillah
20 Июл, 2026, 6 Сафар, 1448

Бемазҳаблик сохта салафийликнинг асосидир

13.01.2021   2366   7 min.
Бемазҳаблик сохта салафийликнинг асосидир
Баъзи  ҳозирги ёшлар орасида шаръий билимларни мукаммал билмаслик оқибатида, бошқаларга тақлид қилиб ёки кимларнингдир гап сўзларига учиб ҳанафий мазҳабидан келган  далилларга гумон билан қараб, инкор қилишгача боришди.  Бу аслида тўғрими?
Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик даврларида саҳобалар ичида қандайдир бир шаръий тушунмаган масала чиқиб қолса, дархол у зотга мурожаат қилиб ечимини топишар эди. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан сўнг саҳобалар шаръий саволлар бўйича ўзларинниг ичида мужтаҳид бўлган саҳобалардан фатво сўрардилар. Ибн Халдун  айтганларидек: “Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг саҳобалари илмда бир-бирларидан фарқ қилар эдилар. Уларнинг барчалари ҳам аҳли фатво бўлмаганлар. Бу иш билан фақат Қуръоннинг носих ва мансухини, муташобиҳини, муҳкамини ва бошқа маъноларини билган ҳофизи Қуръонларгина шуғулланишган. Чунки улар бу илмни Набий солаллоҳу алайҳи васалламдан ёки у зотнинг сўзларини эшитган, пешқадам бўлган саҳобалардан олганлар. Шунинг учун улар “қорилар” деб аталган”. 
Зеро, саҳобалар Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламни кўриб, у зотга ваҳийлар нозил бўлишига гувоҳ бўлган бўлсалар-да, кейинчалик шариатда ўзларича амал қилишмаган, балки  ўзларидан олимроқ бўлган саҳобаларга эргашган. Чунки Аллоҳ таоло “Наҳл” сураси 43-оятида айтади:
 فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِنْ كُنْتُمْ لَا تَعْلَمُون
“Бас, агар билмасангиз, зикр аҳлидан сўранг”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи  васаллам фақиҳ саҳобаларини эндигина Ислом тарқала ётган маконларга юборар эдилар. Улар эса бу саҳобанинг уларга берган ҳар битта фатволарига, буюрган амаллари, ибодатлари, муомалотлари ва ҳалол-ҳаром ишларидан ҳаммасига унга эргашардилар. Баъзан Китоб ва Суннатда далили бўлмаган ишлар билан рўбарў келиб қолишса, унда фақиҳ саҳобанинг ўзи ижтиҳод қилар ва ижтиҳодидан келиб чиқиб одамларга фатво берар, улар эса ўша ишда унга тақлид қилар эдилар. Бунга Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга юборганликлари ҳақидаги ҳадис далил  бўла олади. Бундан ташқари, яна эътиборли ҳолат шуки, саҳобаларнинг муфтийлари ҳукмни зикр қилар экан, фатво сўровчига унинг далилини баён қилиб ўтиришмаган. Чунки шариат илмидан бехабар бўлган авом учун мужтаҳиднинг фатвоси худди мужтаҳид олим учун Китоб ва Суннатдаги далиллар сингаридир.
Тобеъинлар даврида эса ижтиҳод доираси кенгайди, бу даврга келиб мусулмонлар Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари тутган йўлни тутдилар. Яъни ўзларининг  ичидаги мужтаҳидларига эргашди. 
Ибн Қайюм ўзларининг “Аъломул муваққиъийн” китобларида шундай ёзадилар: “Дин, фиқҳ ва илм бу умматга Абдуллоҳ ибн Масъуд, Зайд ибн Собитнинг шогирдлари, Абдуллоҳ ибн  Умар ва Абдуллоҳ ибн Аббоснинг шогирдлари орқали тарқалди. Бас, одамларнинг ҳаммаси ана ўша тўрт саҳобалар орқали илмли бўлдилар. Мадина аҳлининг илми   Зайд ибн Собит ва  Абдуллоҳ ибн Умарнинг асҳобларидан, Маккаликларнинг илми Абдуллоҳ ибн Аббоснинг асҳобларидан, ироқликларнинг илми эса Абдуллоҳ ибн Масъуднинг асҳобларидандир”.
Ҳар бир замонда халифанинг ўзи кимга муфтийликни топширган бўлса ўша одамнинг исмини эълон қилдирар ва юртдаги ҳамма одамларнинг диққатини унга қаратар эди. Токи улар ўша муфтийларга ўз саволларини берсинлар ва диний масалаларда уларга эргашсинлар. Баъзида халифа ҳар-хил фатволарни эшитиб одамлар ҳайрат ва изтиробга тушиб қолмасликлари учун ўзи тайинлаган кишидан бошқаларни фатво бериш билан шуғулланишдан қайтарган. 
Ибнул Имоднинг “Шазарот уз заҳаб” китобида: “Макка бўйлаб фатво беришлик Ато ибн Абу Рабоҳ билан Мужоҳидларга белгилаб берилган эди. Халифанинг жарчиси одамлар ораси да юриб ана шу иккала имомлардан бошқа ҳеч ким фатво бериш билан шуғулланмасин, деб жар солиб чиқар эди.
Узоқ  замонлар Маккаликлар мана шу иккала имомнинг мазҳабига амал қилдилар. Ато ҳам, Мужоҳид ҳам ва улардан бошқа имомлар ҳам халифанинг бу ишига эътироз билдирмаган ва ҳеч бирлари одамларни айнан битта имомнинг мазҳабини ушлаб олишдан қайтармаганлар ҳам”.
Тобеъийнлар даврида ижтиҳодий омиллар сабабли икки асосий мазҳаб – райъ ва ҳадис  мазҳаби ўзини намоён қилди. Раъй мазҳабининг Ироқдаги қутбларидан Алқама ибн Қайс Нахаъий, Масруқ ибн Аждаъ Ҳамадоний, Иброҳим ибн Зайд Нахаъий ва Саъид ибн Жубайрлардир. Ироқ ва унинг ён-атрофидаги ҳамма кишилар ҳеч бир қаршиликсиз ана шу мазҳабга тақлид қилишар эди.
Ҳадис мазҳабининг Ҳижоздаги қутбларидан Саъид ибн Мусайяб Махзумий, Урва ибн Зубайр, Солим ибн Абдуллоҳ ибн Умар, Сулаймон ибн Ясор ва Абдуллоҳ ибн Умарнинг мавлоси Нофеълардир. Ҳижозликлар ва Ҳижоз атрофидаги ҳамма одам ҳеч бир қаршиликсиз мана шу мазҳабга тақлид қилган.
Ушбу иккала мактабдан бир нечта мазҳаблар пайдо бўлди. Барча мазҳаблар ушбу тўртта мазҳабда жамланди. Булар Ҳанафий, Моликий, Шофеъий ва Ҳанбалийдир.
Аллома Ибн Ражаб роҳимаҳуллоҳ ўзларининг «Тўрт мазҳабдан бошқага эргашганга раддия» деб номланган асарларида «Кўплаб мазҳаблар орасидан айнан шу тўрт мазҳабнинг сақланиб қолиши худди Қуръони Каримнинг етти қироатдан фақат бир қироати сақланиб қолишига   ўхшайди», -деганлар.
Мазҳаб дейилганда, асрлар оша мўмин-мусулмонлар Аллоҳ таолонинг ва Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари асосида ижтиҳод қилиб топилган, мусулмонлар оммаси иттифоқ қилган, оқибати  ёмон бўлишидан қўрқилмайдиган, У Зотнинг розилигига эриштирувчи йўлдир.
“Мазҳаб” сўзи арабча сўз бўлиб “йўл”, “йўналиш” деган маъноларни билдиради. Шаръий   истилоҳда эса “бирор диний масала, муаммо бўйича муайян мужтаҳид олимнинг фатво чиқариш йўлидир”. 
Мазҳаблар - гўёки бир дарёдан оқиб келаётган  тўрт анҳорга ўхшайди. Уларнинг ҳар бирлари, ўз ижтиҳодлари билан Жаноб Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган шариъатдан ҳукмлар олишган. Уларнинг бир масалада қарашларининг турличалиги, уларни келиша олмасликларидан эмас. Ваҳоланки, бу билан шариатнинг барча жабҳасини қамраб олган. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ Мадинада туриб ўз мазҳабларини шакллантиришда намозда қўлларини икки ёнга тушириб ўқишлик далилини қувватлаганлар. Бу Имом Моликнинг бундан бошқа далиллари бўлмаган, дегани эмас.
   Ҳанафий мазҳаби олимлари, намозда қўлни киндик остида бўлиши тўғрисида ўз асарларида, “Ал-ҳидоя”, “Канзу-дақоиқ”, “Табйинул-ҳақоиқ”, “Ал-баҳрур-роиқ”, “Фатҳул-қадир”, “Мабсут” китобларида ишончли далилларни келтирганлар. Ҳаттоки, кўзга кўринган тобеъинлардан Суфён Саврий, ибн Роҳавайҳ,  шофеъийлардан Абу Исҳоқ Марвазий каби олимлар, буни қувватлашган.  
Шунинг учун ким мазҳабга эргашса, хато қилмаган ҳолда Қуръон ва Суннатга эргашган бўлади. Аллоҳ таоло барчамизни Ўз йўлидан адаштирмасин!
 
Жобир Элов
ЎМИ Бухоро вилояти вакили,
вилоят бош имоми 
Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Индонезия матбуоти: I Халқаро ислом цивилизацияси форуми халқаро мулоқот учун муҳим майдон бўлди

20.07.2026   4158   1 min.
Индонезия матбуоти: I Халқаро ислом цивилизацияси форуми халқаро мулоқот учун муҳим майдон бўлди

Индонезия ОАВларида Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида бўлиб ўтган I Халқаро ислом цивилизацияси форуми, унинг якунлари ва халқаро аҳамияти кенг ёритилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Хусусан, “Garuda TV”, “Indonesiainside”, “Kabarsurya”, “Apaberita”, “Retizen (Republika)” “Kalimantan Post”да турли материаллар эълон қилинди.

Таъкидланишича, “Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли” шиори остида ташкил этилган форумда кўплаб мамлакатлардан олимлар, дин арбоблари, экспертлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари фаол иштирок этган.

Индонезия оммавий ахборот воситалари форумнинг энг муҳим натижалари сифатида Тошкент декларацияси қабул қилинганига алоҳида эътибор қаратди. Ислом цивилизацияси меросини рақамлаштириш, электрон кутубхона ва ягона реестр яратиш, музейлар ҳамда тадқиқот муассасалари ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш бўйича илгари сурилган таклифлар форумнинг муҳим амалий натижалари сифатида баҳоланди.

Мақолаларда Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилган. Самарқанд, Бухоро ва Термиз каби шаҳарларнинг жаҳон илм-фани ҳамда ислом маданияти ривожида тутган ўрни юксак баҳоланган.

Шунингдек, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий сингари буюк алломаларнинг илмий меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилган.

Индонезия оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган материаллар таҳлили шуни кўрсатадики, I Халқаро ислом цивилизацияси форуми нафақат Ўзбекистон, балки бутун ислом олами учун муҳим халқаро илмий-маърифий воқеа сифатида эътироф этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари