Бугунги кунда Дамашқ шаҳрининг тарихий марказларида ўзбек этноси билан боғлиқ бўлган кичик маҳаллалар, кўчалар, тарихий масжидлар ва мадрасалар сақланиб қолган. Маълумотларга кўра, 2010 йилларда Суриянинг Дамашқ ва Ҳалаб (Алеппо) шаҳарларида тахминан бир неча минг ўзбеклар (бухорийлар) яшаган. Тарихий манбаларда ўрта осиёликлар, жумладан ўзбеклар Дамашқ шаҳрига туркий мамлуклар билан бирга кириб келгани ҳақида маълумотлар бор. Миср тарихида бўлгани сингари Сурия тарихида ҳам Тулуния ва Ишхидий амирликлари катта сиёсий ва ҳарбий таъсирга эга бўлишган. Мамлуклар даврида ўрта осиёлик йирик мулкдорлар, қўшин қўмондонлари ва сиёсий арбоблар Дамашқда масжидлар, мадраса ва хонақоҳлар қурган.
Юқоридаги суратда: Дамашқдаги ўзбек маҳалласи, ХХ асрнинг 20-йиллари.
XVIII-XIX асрларда ўрта осиёликлар ҳаж зиёрати учун Сурия ҳудудларига Эрон орқали ўтувчи карвон йўллари билан кириб келган. Маълумотларга кўра, бу даврда Дамашқ Ўрта Осиёдан Эрон орқали ўтувчи ҳаж йўлининг сўнгги бекати бўлган. Кўплаб зиёратчилар, ҳаж сафаридан қайтишда шу ерда яшаб қолиб кетишган. Уларнинг махсус хонақоҳлари (такялари) бўлган. Жумладан, Усмоний пошшолар даври ҳали тугамаган бир даврда, Муродия такяси ташкил қилинган бўлиб, бу такяни асли ўрта осиёлик нақшбандия тариқатининг ёрқин вакилларидан бири бўлган Мурод Муҳаммад ал Бухорий номи билан боғлашади, бу ерда нақшбандий тариқатининг суфийлари йиғилишган, ҳожилар учун вақтинчалик бошпана вазифасини бажарган. Бу такя Дамашқнинг ал-Вард маҳалласида жойлашган. Мазкур такя таркибида Муродия жомеъси ҳам бўлиб, у Дамашқдаги катта жомеълардан бири ҳисобланади. Шунингдек, Дамашқда ҳозирга қадар сақланиб қолган Ал-Афрам жомеъсини ҳам ўрта осиёликлар билан боғлашади, у эски Дамашқнинг Ал-Муҳажирин маҳалласида жойлашган. Ўрта осиёликлар Дамашқнинг турли маҳаллаларида яшаганлиги маълум, жумладан, ал-Азбакия, ал-Мухажирин, Аннабаа Ассалихия, Суксаружа, ал-Майдан ва ал-Қадам ва бошқалар.

Суратда: Муродия такяси, ХХ аср.

Суратда: Дамашқдаги Нақшбандия (Муродия) жомеъси.
ХХ асрда Ўрта Осиёда бошланган колхозлаштириш ва ундан сўнг бўлиб ўтган Сталин қатағонлари даврида ўрта осиёликлар аввал Афғонистонга, сўнгра Яқин Шарқдаги катта шаҳарларга кўчиб кетган. Улар Яқин Шарқдаги катта шаҳарларга жумладан, Дамашқ шаҳрига ҳам бориб жойлашган. Дамашққа келган ўрта осиёликлар орасида Бухоро амирлари, Қўқон хонлари оиласига мансуб хон авлодлари, хонликда юқори лавозимларда ишлаган амалдорлар, ҳарбийлар, шайхул исломлар бўлган, шунинг учун ҳам улар бу ерларда катта қийинчиликларга учрамасдан тез орада давлат ва жамиятда ўз ўринларини топишган. Улар умумий ном билан бухорийлар деб номланган. Ўрта осиёликлар орасидан ҳарбий амалдорлар, сиёсатчилар, йирик тадбиркорлар, кўплаб олимлар ва муфтийлар етишиб чиққан. Хусусан, ўз даврида Насохи Ал-Бухорий Сурияда юқори ҳарбий лавозимларда ва бош вазир вазифаларида фаолият юритган. Тилшунос олим, профессор Бурҳон Бухорий нафақат Сурия илмий жамоатчилигида балки ўзбек олимлари орасида таниқли олимлардан биридир.
Бир сўз билан айтганда худди, Саудия Арабистони, Иордания, Қуддус ва Қоҳирада бўлгани сингари Дамашқдаги миллатдошларимиз бунёдкорлиги билан, ватан, ислом дини ва ўзлари яшаб турган жамият тараққиёти йўлида садоқат билан хизмат қилганлар, натижада яхши ном ва ҳурматга сазовор бўлганлар.
Шавкат Икромов,
Яқин Шарқ давлатлари бўйича тадқиқотчи, Тошкент давлат шарқшунослик университетининг ўқитувчиси, Ўзбекистон Фанлар академияси ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи-методик марказ докторанти.
azon.uz
"Ҳамишалиғ таъкид этур эдим: хон бўлсанг-да боғ ярат, гадой бўлсанг-да боғ ярат — бир кунмас бир кун мевасини татирсан..."
Амир Темур.
Тарих саҳнасида ўзининг ўрнига эга , бутун дунёни ўз адолати билан ларзага келтирган , Александр Македонийский, Юлий Сезар, Меҳмет ИИИ каби дунё забардаст подшоҳлари қаторида тилга олинувчи , ХИлл аср боши ХлВ асрда бошланган низолар шу асрнинг 60- йилларига келиб бутун мамлакатни саросимага солиб турган парокандалик вақтида саркардалик ва қийин вазиятларда тўғри йўлни топа билиш қобилияти билан Эрон, Ироқ , Олтин Ўрда , Туркия , Озарбайжон, Ҳиндистон , ҳаттоки айрим Европа давлавлатлари билан амалда тенг келадиган улкан давлат барпо этган шахснинг ҳаётига яна бир бор назар ташласак...
Кеш (ҳозирги Шаҳрисабз) шаҳри яқинидаги Хўжа Илғор қишлоғида яшовчи (ҳозир Яккабоғ тумани ҳудудида) муштипар она- бухоролик Такина хотун, баҳодир ота эса барлос уруғининг ва Чағатой улусининг эътиборли бекларидан бири бўлган Амир Тарағай хонадонининг дунёни хабт этувчи ёш гўдаги бўлмиш Амир Темурнинг ёшлиги ҳақида маълумотлар кам учраса-да, айрим манбаларга қараганда, у ёшлигида хат-савод чиқариб, ўз даврининг тиббиёт, риёзиёт, фалакиёт, меъморчилик ва тарих илмларини ўрганган. Бундан ташқари 12 ёшида Қуръони Каримни йод билганлиги , шатранж ўйинининг устаси бўлганлиги ҳақида маълумотлар ҳам йўқ эмас .
Амир Темур билан суҳбатлашиш шарафига муяссар бўлган буюк араб файласуфи Ибн Халдун жаҳонгир турк, араб, форс халқлари тарихини, диний, дунёвий ва фалсафий билимларнинг мураккаб жиҳатларигача яхши ўзлаштирганини таъкидлайди.
Ўзининг саркардалик маҳорати билан кўплаб ҳарбий юришларни олиб борган. Тарихда эса фақат жанг-у жадаллар билан банд бўлган ҳукмдор эмас , балки юртнинг ободончилиги, равнақи илм-маърифатини кенг ёйилишида ўз ҳиссасини қўшган ҳукмдордир . Хусусан , Яқин ва Ўрта Шарқ бўйлаб Мовароуннаҳр савдо-сотиқ, иқтисод ва маданият марказига айланишида, Самарқанд, Тошкент, Термиз, Марв, Дамашқ каби қадимий шаҳарларни ижтимоий-иқтисодий ривожланишида, шаҳарларни ободонлаштиришда ҳиссаси ниҳоятда беқиёсдир.
Амир Темур саройида кўплаб илм-маърифат алломалари Мавлоно Абдужаббор Хоразмий, Мавлоно Шамсуддин Мунши, Мавлоно Абдулло Лисон, Мавлоно Бадриддин Аҳмад, Мавлоно Нуъмониддин Хоразмий, Хожа Афзал, Мавлоно Алоуддин Коший, Жалол Хокийлар Соҳибқироннинг марҳаматидан баҳраманд бўлиб, унинг хизматида бўлдилар. Амир Темур илм-фаннинг риёзиёт, ҳандаса, меъморчилик, фалакиёт, адабиёт, тарих, мусиқа каби соҳалари равнақига катта эътибор бериб, соҳиби ҳунарлар билан қилган суҳбатлари ҳақида француз олими Лянгле шундай ёзади: “Темур олимларга серилтифот эди. Билимдонлиги билан бир қаторда софдиллигини кўрган кишиларга ишонч биддирарди. У тарихчилар, файласуфлар, шунингдек, илм-фан, идора ва бошқа ишларда истеъдодли бўлган барча кишилар билан суҳбатлашиш учун кўпинча тахтдан тушиб, уларнинг ёнига келарди. Чунки Темур бу соҳаларга ғамхўрлик қилишга асосий эътиборини берарди”.
Агар банда Аллоҳ розилиги учун дунёда ўз амалларини бажарар экан , албатта Аллоҳ таоло у амалларининг савобини қиёматга қадар боқий қилиб қўяр экан. Бу сўзларимизга Амир Темур қилган барча ишларни мисол келтирсак бўлади.
Ҳар қанча фахр этсанг арзийди, ўзбек,
Балқибсан бир зотнинг юксак шонида.
Темурбек юлдузи Олтин қозиқдек
Чарақлар буюклар каҳкашонида.
Тўрақулова Оиша
"Жўйбори Калон" таълим муассасаси 1-курс талабаси