Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
06 Май, 2025   |   8 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:43
Қуёш
05:14
Пешин
12:25
Аср
17:19
Шом
19:29
Хуфтон
20:54
Bismillah
06 Май, 2025, 8 Зулқаъда, 1446

Рўзанинг даражалари

03.05.2020   2873   4 min.
Рўзанинг даражалари

Имом Ғаззолий дейдилар: “Билгилки, рўза уч даражададир: омманинг рўзаси, хоснинг рўзаси ва хоснинг хоси рўзаси.

Омманинг рўзаси – емаслик, ичмаслик ва нафсоний-жисмоний эҳтиёжлардан тийилиб туриш.

Хоснинг рўзаси – қулоқ, кўз, тил, қўл, оёқ ва бошқа аъзоларни гуноҳлардан тийишдир. Булар солиҳ бандалардир.

Хоснинг хоси рўзаси эса ўзни оғир ташвишлар ва дунёвий фикрлардан рўза туттириш,  Аллоҳ таоло зикридан бошқа нарсани батамом тўсишдир. Бу рўзада оғиз очилиши Аллоҳ таоло ва охират кунидан бошқани фикрлаш, яъни дунёни ўйлаш билан ҳосил бўлади. Бу пайғамбарлар, сиддиқлар ва муқарраб зотлар даражасидир.

Имом Бухорий, Термизий, Замаҳшарий, Марғилоний, Баҳоуддин Нақшбанд каби қанча-қанча машҳур олимлар, қорилар улуғ пири комилларнинг қонлари бизнинг томирларимизда оқмоқда. Демак, бизлар омманинг рўзасидан бўлак, хос кишиларнинг рўзасига ҳам диққат қилмоғимиз лозим.

Хўш, биз нима қилишимиз керак? Биз нималарга эътибор беришимиз зарур? Биз нима амал қилсак рўзамиз Парвардигор хоҳлаганидек бўлади? Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганларидек:

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- :« مَنْ لَمْ يَدَعْ قَوْلَ الزُّورِ وَالْعَمَلَ بِهِ وَالْجَهْلَ فَلَيْسَ لِلَّهِ حَاجَةٌ أَنْ يَدَعَ طَعَامَهُ وَشَرَابَهُ 

Ким ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни ҳамда жоҳилликни тарк қилмаса, унинг оч-наҳор юрганига Аллоҳ таолонинг эҳтиёжи йўқ”.

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ أَنَّ النَّبِىَّ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ « الصِّيَامُ جُنَّةٌ إِذَا كَانَ أَحَدُكُمْ صَائِمًا فَلاَ يَرْفُثْ وَلاَ يَجْهَلْ فَإِنِ امْرُؤٌ قَاتَلَهُ أَوْ شَاتَمَهُ فَلْيَقُلْ إِنِّى صَائِمٌ إِنِّى صَائِمٌ 

Рўза тўсиқдир. Қачонки сизлардан бирортангиз рўзадор бўлса, ёлғон сўз гапирмасин, ҳақорат сўзларни айтмасин. Агар бирор киши у билан уришса ёки сўкишса, мен рўзадорман, мен рўзадорман, десин”.

Яъни, “мен рўзадорман” дейишлиги билан киши “Мен тилимни сақлашга Аллоҳга ваъда берганман, қандай қилиб сенга жавоб қайтараман”, деганидир.

Бир ой давомида ушбу иссиқ кунларда қилган шунча ибодатимизни бир оғиз ёлғон ёки жоҳилий сўзларни айтишлик ила беҳуда қилиб қўймайлик.

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- « كُلُّ عَمَلِ ابْنِ آدَمَ يُضَاعَفُ الْحَسَنَةُ بِعَشْرِ أَمْثَالِهَا إِلَى سَبْعِمِائَةِ ضِعْفٍ إِلَى مَا شَاءَ اللَّهُ يَقُولُ اللَّهُ إِلاَّ الصَّوْمَ فَإِنَّهُ لِى وَأَنَا أَجْزِى بِهِ يَدَعُ شَهْوَتَهُ وَطَعَامَهُ مِنْ أَجْلِى 

Одам боласининг ҳамма амали савоби кўпайтириб берилади. Бир яхшиликка унинг 10 мислидан то 700 баробаригача. Аллоҳ азза ва жалла: “Бандамнинг ҳамма амали ўзи учун, фақатгина рўзаси Мен учундир. Унинг мукофотини Мен ўзим бераман. Одам боласи шаҳватини ва таомини Мен учун тарк қилади”, дейди.

    قال رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم " إن الصوم أمانة فليحفظ أحدكم أمانته 

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Албатта, рўза омонатдир. Сизлардан ҳар бирингиз ўз омонатини сақласин”.

Аллоҳ таоло Нисо сураси 58-оятда марҳамат қилиб айтади:

إِنَّ اللّهَ يَأْمُرُكُمْ أَن تُؤدُّواْ الأَمَانَاتِ إِلَى أَهْلِهَا

Албатта, Аллоҳ сизларни омонатларни ўз эгаларига топширишга буюради”.

Ҳар бир ибодатнинг зоҳири ва ботини, пўсти ва мағзи борлиги ҳаммамизга маълум. Рўзанинг зоҳири бу – емаслик, ичмаслик ва нафсоний-жинсий эҳтиёжлардан тийилиб туриш. Мағзи эса бу юқорида айтиб ўтилган ҳадисларга амал қилишликдир, яъни  қулоқ, кўз, тил, қўл, оёқ ва бошқа аъзоларни гуноҳлардан тийишдир.

 

Ҳошимжон НИЗОМИДДИНОВ,

 

Рамазон-2020
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Бўш қутининг ҳикмати

06.05.2025   283   1 min.
Бўш қутининг ҳикмати

Уч яшар қизи уйни бетартиб қилиб ташлагани учун отаси унга қаттиқроқ танбеҳ берди. Эртасига қизи отасига бир қути ҳадя қилди. Отаси бўш қутини кўриб, қизининг бу ишини тушунолмади ва: “Бу нимаси, қизим, мени масхара қиляпсанми?” деди. Қизи эса: “Кеча мени уришган пайтингиз сизга айтишдан қўрқиб шу қутини очдим ва ичига сизни яхши кўришимни айтиб, оғзини беркитиб қўйдим. Бугун жаҳлингиз чиқмай тургани учун олиб келиб бердим”, деди. Шунда ота хато йўл тутаётганини англаб етди. Қизини опичлади. Унинг бундан нақадар хурсанд бўлгани кўз олдида қолди. 
 

Орадан йиллар ўтса-да, иши юришмаса ё кайфияти бўлмаса ўша кунни эслаб, бўш қутини очиб қараркан, ташвишларини унутди.


Дарҳақиқат, қиз фарзанд отасига ўғил фарзанддан ҳам кўпроқ меҳрли бўлишар экан. Ҳадисларда бир қиз фарзандни бўлса-да, тарбиялаб ўстирган отага жаннат башорати берилгани бежизмас экан.


Аллоҳ берган бу неъматларнинг қадрига етайлик. Зеро, қанча одамлар, ўғил бўлсин, қиз бўлсин – кўп йиллар давомида фарзанд неъматига зор. 

Акбаршоҳ РАСУЛОВ

Ўзбекистон янгиликлари