
Ҳадис илми мактаби коронавирус пандемияси шароитида диний-маърифий таълим муассасаси талабаларининг таътил кунлари давомида онлайн масофавий дарслардан бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ҳамда фанлар бўйича мавжуд билимларини синовдан ўтказиш мақсадида Араб тили фани бўйича танлов эълон қилади.
Танлов диний-маърифий таълим муассасаси талабалари ўртасида жорий йилнинг 13-29 апрел кунлари 3 босқичда ўтказилади.
1 босқич. Мақолалар танлови.
Муддати: 13-18 апрел кунлари.
Мақолалар танловининг мавзуси:
- Араб тили грамматикаси ривожига муносиб ҳисса қўшган алломалар ва уларнинг асарларининг ўзига хос хусусиятлари (бир аллома мисолида).
2 босич. Видео ва аудиороликлар танлови.
Муддати: 20-25 апрел кунлари.
Видео ва аудиороликлар танлови мавзулари:
- Ушбу синовли кунлар давомида инсонларни ҳаёт тарзи бўйича ислом дини тавсиялари.
- Рамазон ойи фазилатлари, рўзанинг инсон жисми ва руҳий тарбиясидаги фойдалари, ҳаётий ҳикматлари.
3 босқич. Онлайн тест синови
Муддати: 27-29 апрел кунлари
Араб тили фани бўйича телеграм ижтимоий тармоғи орқали 3 кун давомида соат 14:00 дан 15:00 га қадар онлайн тест синов шаклида ўтказилади
Танлов шартлари тўғрисида тўлиқ маълумотни телеграмдаги HIM_tanlov каналдан ёки @HIM_tanlovbot бот тармоғи орқали олишингиз мумкин.
# Уйда қолинг, китоб ўқинг, билимингизни синовдан ўтказинг!
Шу йилнинг 6 апрель куни Гулистон шаҳридаги “Гулистон” жоме масжидида Сирдарё вилояти бош имом-хатиби Ҳабибуллоҳ домла Зокиров раҳбарлигида вилоятдаги имом-хатибларнинг навбатдаги йиғилиши ўтказилди. Тадбирда Сирдарё вилояти ҳокимлиги котибият мудири Абдураҳмон Назирқулов ҳам иштирок этди.
Йиғилиш кун тартибидан диний-маърифий фаолиятни жадаллаштириш, ижтимоий муҳит барқарорлигини таъминлаш ва юрт ободлигига ҳисса қўшиш каби муҳим масалалар ўрин олди.
Вилоят бош имом-хатиби Ҳабибуллоҳ домла Зокиров ўз нутқида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг аҳамиятига тўхталиб ўтди. Масжидлар атрофини кўкаламзорлаштириш, мевали ва манзарали дарахтлар экиш ҳамда ҳудудларда озодаликни сақлаш имом-хатибларнинг диққат марказида бўлиши лозимлиги таъкидланди.
Мулоқот давомида маҳалла “еттилиги” билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, фуқаролар йиғинларида фаол иштирок этиш ва аҳоли билан бевосита мулоқотни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди. Айниқса, хориждаги ватандошларимиз ва меҳнат мигрантлари билан доимий алоқада бўлиш, уларнинг оила аъзоларидан хабар олиш устувор вазифа сифатида белгиланди.
Вилоят ҳокимлиги масъули Абдураҳмон Назирқулов сўзга чиқиб, масжидларда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя этиш бўйича кўрсатмалар берди. Шунингдек, ижтимоий кўмакка муҳтож қатламни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли орасида соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлашда диний соҳа ходимларининг ўрни беқиёс эканини қайд этди.
Йиғилиш якунида имом-хатибларга берилган топшириқларни ўз вақтида ва сифатли бажариш, касбий масъулиятни ошириш ҳамда жамоатчилик билан ишлашда ташаббускор бўлиш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.
Сирдарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати