Маълумки, экстремизм, терроризм, қуроллар ва наркотик моддаларнинг ноқонуний савдоси бутун дунёда тинчлик, хавфсизликка ва барқарорликка хавф солувчи глобал муаммолар ҳисобланади. Терроризм қандай ниқобда бўлмасин, унинг замирида бегуноҳ одамларнинг қонини тўкиш, халқнинг меҳнати билан яратилган маданий бойликларни йўқ қилиш туради. Қандай давлат ёки жамият бўлмасин, терроризм унга хавф солиб келади.
Террорчилик ташкилотлари етакчилари томонидан динга эътиқод қилиш даражаси юқори бўлган мамлакатларда фуқароларни диний ғоясига ўз таъсирини ўтказиб, экстремистик фаолиятларга жалб қилиш ва жамоат аъзоларини сафини кенгайтиришга харакат қилиш ҳолатлари кучайиб бормоқда.
Дунёда содир бўлаётган мудҳиш воқеалар, хусусан, Яқин Шарқ минтақасида рўй берган ҳолатлар юзасидан маълумотлар барчамизга маълум.
Дунё бўйича содир этилаётган террорчилик ҳаракатлари юртимиздаги тинчлик ва осойишталик, ижтимоий-сиёсий вазиятга ўз салбий таъсирини кўрсатиб, мамлакатимиздаги барқарор тинч ҳаётни кўра олмайдиган ташқаридаги ёвуз кучлар томонидан Ўзбекистонда ҳам шу каби холатларни келтириб чиқаришга уринишлар кузатилган.
Республикамиз аҳолисининг асосий қисми асрлар оша муқаддас Ислом динига эътиқод қилиб келган халқ эканлигини эътиборга олиб, турли хил ёвуз кучлар халқ манфаатлари ҳамда диний урф-одатларнинг мустақил ҳимоячилари ниқоби остида аҳоли ўртасида, асосан ёшлар орасида, биз учун бегона бўлган экстремистик ғояларни тарғиб этишга уриниб келмоқдалар. Ислом дини азалдан кишиларни ўзаро муҳаббат ва меҳр-оқибатга, хайр-саховат ва яхшиликка даъват этган, тинч ва осойишта ҳаёт, дўстлик ва ҳамжиҳатликни улуғлаган. Бундай ғоялар инсон баркамоллиги ва жамиятнинг барқарор тараққиётига замин яратган.
Шу ўринда таъкидлаш зарурки, бугун фуқароларимиз орасида интернетдан фойдаланувчиларнинг сони ортиб бораётганлиги, интернетда исломий сайтларнинг кўпайиб бораётганлиги, интернет сайтлардан фойдаланиб, жангарилар томонидан ёллаш ишлари тўғридан тўғри олиб борилаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Қолаверса, Республикамиз фуқаролари ишлаш мақсадида юртимиздан ташқарига чиқиб, уларнинг орасидан айримлари МДҲ давлатларида турли экстремистик оқим ва террорчилик ташкилотларнинг ғоявий таъсирига тушиб, аксарият қисми жангариларнинг лагерларига чиқиб кетаётганлиги, баъзилари эса яшаш манзилларига қайтиб, оила аъзоларини ва яқин қариндошларини ўзларининг мутаассибона қарашларига мажбурлаш ҳолатлари учраб турибди.
Ижтимоий тармоқларга асосан дилдан яқин ҳеч кими йўқ, бекорчи одамлар муккасидан кетгани маълум. Айниқса, ўзидан ҳамиша камчилик қидирадиган аёл, тенгқурлари билан тил топиша олмаган ўсмир, ўта киришимли одам ушбу тармоқларнинг доимий меҳмонларидир. Улар реал ҳаётда ҳам ён-атрофдагилар билан суҳбатлашиш мумкинлигини ҳаёлларига ҳам келтиришмайди. Шу тариқа яқинлари –қариндошлари, ҳатто ўғил-қизи ёки ота-онасидан узоқлаша боради…
Ижтимоий тармоққа уланган эркак ва аёл кўпроқ вақтини компьютер олдида ўтказади. Демак оила даврасидаги ўзаро суҳбатлар, умр йўлдоши ёки фарзандларига бўлган эътибори камаяди.
Ижтимоий тармоқлардан буткул воз кечиш осон эмас. Чунки улар ўргимчак тўри каби ўраб олганки, чиқиб олиш мураккаб масалага айланади.
Ижтимоий тармоқларга қарамлик ҳануз рухий касалликларни ўрганувчи барча олимлар томонидан тан олинмаган бўлса ҳам, тармоқдан фойдаланувчилар орасида яқин ва мураккаб муносабатлар шаклланаётгани ҳаммамизга аён.
Энди ушбу айтилган сўзларни мулоҳаза қиладиган бўлсак, хаммамиз доимо интернет, facebook умуман олганда оммавий ахборот воситаларидан тўғри фойдаланишимиз лозимлигини таъкидламоқчимиз. Хозирги тахликали замонда барчамиз бу борада огох ва хушёр бўлмоғимиз керак. Чунки алданиб қолиб, интернет орқали баъзи бир ёшларимизнинг адашиб ёт оқимларга кириб қолаётганлари хам сир эмас. Ушбу ўринда бир нарсани айтиб ўтмоқчимиз. Оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишнинг хам ўз одоблари мавжуд. Биз ушбу одоб ва қоидаларга тўғри амал қилсак биз экстремизм ва терроризмга қарши курашда ОАВнинг ўрни беқиёс эканлигини англамоғимиз лозим. Биз айтганимиздек тўғри мақсадда фойдаланадиган бўлсак бизга жудая кўп манфаатлари бор. Огох ва хушёр бўлишимизда ҳам барча маълумотларни биз ОАв орқали биламиз ва бир бирларимизга етказишга харакат қиламиз.
Ижтимоий тармоқларга қарамлик шаклланишига феъл-атвордаги хусусиятлар (ўта ташвишланиш, безовталик, кўп хафа бўлиш, ўзига паст баҳо бериш, ўз кучига ишонмаслик, стрессга берилувчанлик, муаммоларни ҳал қила олмаслик, ғам-қайғулардан қочиш сингарилар) асос бўлади.
Айниқса табиатан журъатсиз, шубҳага берилувчилар, шунингдек истериод феъл-атвор соҳиблари (яъни ўзларига катта эътибор қаратилишини истайдиган) шахслар ижтимоий тармоқларга боғланиб қолиш эҳтимоли кўп учрайди.
Демоқчимизки, зинҳор қимматли вақтимизни беҳуда сайтлар ва тармоқларга сарфламайлик! ОАВлардан тўғри фойдаланайлик! Ҳар бир лаҳзанинг қадрига етайлик! Шундагина тўғри яшаш шартларига амал қилган бўлиб, соғлом турмуш тарзи ҳаётимизга мазмун бағишлайди.
С.Рахматуллаев
Шовот тумани “Юсуф Ҳамадоний” масжиди имом-хаитби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдим. У зот алайҳиссалом менга: “Эй, Абу Мусо, Сени жаннат хазинасидан бўлган калимага далолат қилайми?!” дедилар”.
Мен: “Ҳа, ё Аллоҳнинг Расули”, дедим. Шунда Набий алайҳиссалом: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”ни айт, чунки у жаннат хазиналаридан”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”нинг маъноси ҳақида бундай деганлар: “Гуноҳдан фақатгина Аллоҳнинг ёрдами ила тийилиш мумкин. Аллоҳга итоат этиш ҳам ёлғиз Аллоҳнинг ёрдами билан бўлади”.
Банда Аллоҳнинг ёрдамисиз ўзини ўзгартира олмайди, гуноҳдан қутила олмайди, тўғри йўлни тополмайди, бирор савобли ишга қўл уролмайди. Чунки куч-қувват фақат Аллоҳдандир.
Ким мусибатга йўлиқиб, қийин аҳволга тушиб қолса, қарздор бўлса, моддий ҳолати оғирлашса, “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”ни кўп такрорласин. Шунда Аллоҳ унга нажот беради ҳамда уни турли қийинчилик ва ташвишлардан халос этади.
Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Эй Али, сенга қийин аҳволга тушиб қолганда айтиладиган калималарни ўргатайми?” дедилар.
Мен: “Аллоҳ мени сизга фидо қилсин, ўргатинг, ё Расулуллоҳ”, дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қийин аҳволга тушиб қолсанг, “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Ва лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳил ъалиййил ъазийм”, деб айт. Чунки мана шу дуо билан Аллоҳ хоҳлаганича ҳар турли балолардан халос қилади”, дедилар”.
Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ким Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”ни айтса, тўқсон тўққиз дардга даво бўлади. Энг енгили ғамдир”, (Имом Табароний, Имом Ҳоким ривояти).
Шунинг учун уламолар: “Кимнинг ғам-ташвиш ва мусибатлари кўпайиб кетса: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”ни кўп айтсин”, деганлар.
Ким “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ” зикрини айтишга одатланса ғам-ташвишлардан халос бўлиш билан бирга, камбағаллик ҳам кўрмайди. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ҳар куни юз марта “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”ни айтса, унга фақирлик етмас”, деганлар (Ибн Абу Дунё ривояти).
Пайғамбаримиз алайҳиссалом қачон муаззин “Ҳайя ъалас-сола” ва “Ҳайя ъалал-фалаҳ”ни айтганида “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ” дейишни ўргатганлар.
Муаззиннинг намозга, нажотга шошилинг деган чақириқига “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ” яъни Аллоҳнинг хоҳишисиз бизда ҳаракат ҳам, қувват ҳам йўқ, деб жавоб қайтарилади. Чунки агар Роббимиз ибодат қилишимизга куч-қувват бермаса, биз ўзимиз адо этишга қодир эмасмиз.
Сафвон ибн Сулайм розияллоҳу анҳу: “Қайси бир фаришта осмонга чиқмоқчи бўлса, албатта “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”ни айтиб, ердан кўтарилади. Чунки фаришта бу зикрни айтмаса осмонга чиқа олмайди”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйдан чиқаётиб: “Бисмиллаҳи, таваккалту ъалаллоҳ. Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳ”, дер эдилар.
Ким ушбу зикрларни айтиб уйидан чиқса у Аллоҳнинг ҳимоясида бўлади, шайтон унга яқинлаша олмайди.
“Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ” зикри сабабли қанча қийинчиликлар енгил бўлди, ғам-ғуссалар ариди, дангасаликлар кетди, ибодатга завқ ортди, қайғулар ҳурсандчиликка айланди, ҳаётда эзгу мақсадлар сари илдам қадам босишга илҳом, ишонч пайдо бўлди.
Шундай экан, “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ” деб айтишни ўзингизга кунлик вазифа қилиб олинг. Ҳар куни имкон қадар кўп айтишга одатланинг.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннат кўчатларини кўпайтиринглар”, дедилар. “Ё Аллоҳнинг расули, унинг кўчатлари нима?” дейишди. У зот алайҳиссалом: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”, дедилар (Имом Табароний ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД