Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
16 Апрел, 2026   |   27 Шаввол, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:19
Қуёш
05:42
Пешин
12:28
Аср
17:06
Шом
19:08
Хуфтон
20:25
Bismillah
16 Апрел, 2026, 27 Шаввол, 1447

Шукроналик!

20.09.2019   20786   3 min.
Шукроналик!

Инсон қўлидаги неъматларга шукур қилар экан, неъматлар зиёда бўлишига гувоҳ бўлади. Нолиш, инкор қилиш ила қўлидаги неъмат ҳам йўқ бўлади. Аллоҳ таоло бандаларига мислсиз неъматларни ином этди. Фақатгина бир талаб, ана шу неъматларга шукр қилишни талаб этди.

Бугун кўп дўстларимизни ёру-биродарларимизни ношукрлик қилиб нолиётганликларига гувоҳ бўламиз. Етти мучали соғ одам бугун ҳамёнида маблағи йўқ бўлса, шунга нолиши керакми энди? Бориб, шифохоналарда қўл - оёғи йўқ, ёки хасталаниб, ажалини кутиб ётган беморларни кўрсинларда қандай буюк неъмат соҳиби эканликларини ҳис қилсинлар. 

Уй-жойлари эскириб қолганига нолиётганлар эса, уй-жойсиз, ижарами-ижара ёки олисда Ватангадо бўлиб юрганларни кўрсинлар.

“Маркабим эски” деётганлар маркаби йўқларга, “Мен маркабсиз юрибман” деганлар эса оёғи йўқларга назар солиб, қандай неъматлар ичра юрганларини ҳис қилсинлар. Шундай юртда тинч-омон тонг оттираётганликларига шукр қилсинлар, зеро, эътибор бериб қарасангиз, бугун ўзга юртлар бошида қора булутлар санғиб юрганига, улар тинчликни бутунлай йўқолганига гувоҳ бўласиз.

Неъматлар ниҳоятда кўп, энг буюк неъмат – иймон, илм неъматларидир.

Эй биродарлар! иймоннинг нури зиёда бўлиши, илм-маърифатнинг зиёда бўлиши учун яна бир неъмат бор. Биласизми бу нима? Ҳаловат неъмати...  

Банда ибодат қилаётганда ҳаловатни ҳис қилар экан иймонининг нури зиёда бўлиб бораверади. Илм ўқиётган ҳаловат, лаззат ва муҳаббат билан ўқир  экан, билингки, энди унинг ана шу илмга бўлган рағбати ошиб бораверади. 

Хўш, биз ҳаловатга нима билан етамиз? Тинчлик билан, офият билан. Шунинг учун бугун тинчликни қадрига етайлик! 

Тўғри, бугун бизда нимадир кам бўлаётгандир ёки Юртимиз янги ривожланиш йўлига ўтаётган бир пайтда нимадир етишмовчилик бўлаётгандир. Ана шу камчиликни бартараф этиш учун бир неча чора - тадбирлар олиб бориляпти. Изланиш давом этмоқда. Ҳукумат миқёсида битта мақсад – халқнинг турмушини яхшилаш, халқнинг талабини қондириш.

Демак натижага сабр билан, ҳаракат ҳамда бирдамлик билан эришилади. Инсон қачон бой бўлади биласизми?  Қаноатли,  шукрли банда ҳақиқий бой ҳисобланади. Қаноат ила бой бўлиш – бор-йўғига кўнмоқ билан бўлади. Шукрнинг қаноатдан ҳам афзаллик жиҳати бор. Шукр неъматнинг борига хурсанд бўлиш, қолаверса, неъматнинг зиёда бўлишига сабабчи омилдир. Ҳар қандай неъмат шукр билан зиёда, шикоят билан нуқсонли бўлади.

     Аллоҳ бизга берганига шукр қилсак, Аллоҳ янада зиёда қилади. Банда икки қоидани билиб олиши керак, яъни бир инсонга икки қанот керак, биласизми у нима? Бири шукр, иккинчиси сабрдир. Масалан: машаққат устида сабр қилиб, борига шукр қилсак, Аллоҳ таоло Ўзининг фазли ила енгилликни ато қилади. Енгилликда ҳам шукр қилсак, Аллоҳ янада зиёда қилади. Бизнинг ҳамёнимиз сабр ва шукр бўлсин. 

Қаранг, Юртимиз тинч. Ўқишга, ишга кетаётган одамнинг ота-онаси нима дейди? «Болам, яхши ўқиб келгин», «Ўғлим, ишинг бароридан келсин» ёки «Яхши бориб келгин» дейишади.

Бугун бошида уруш кечаётган диёрлардаги ота-оналар эса “Болам, дийдор қиёматга қолмаган бўлса, кўришамиз” деб фарзандларини кузатишади.

Аллоҳ таоло тинчлик неъматини берди дегани энди бу неъматга шукр қилиш керак дегани. Акс ҳолда Аллоҳ таоло бу неъматларни бизлардан олиб қўйиши мумкин. Тинчлик неъмати бўлса, ибодатимиз ҳаловатли, ҳаётимиз фаровон, келажагимиз порлоқ бўлади.

      

Муҳаммад Бобур  Юсуф Жалолий

Бошқа мақолалар

Мусулмон киши Роббига таваккул қилаверади

15.04.2026   5647   2 min.
Мусулмон киши Роббига таваккул қилаверади

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ризқ инсонлар дунё ишларидан излаган, қидирган ва сўраган нарсаларининг барчаси эмас, балки бир бўлагидир. Кимдир дунёда аёл излайди ва бу эса инсонни дунёдан излайдиган нарсаларининг энг муҳимидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дунё бир матоъ (ҳузурланиш)дир. Дунё матосининг энг яхшиси солиҳа аёлдир”[1], деганлар.

Шунингдек, дунёда кимдир кўзининг қорачиғи ва ундан кейин унинг меросхўри бўладиган зурриётни сўрайди. Зеро, бу пайғамбарлар ва солиҳ кишилар даъват қилган ишдир.

Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳ таолога: “Роббим, менга солиҳлардан ато эт"[2], дедилар.

Закариё алайҳиссалом Аллоҳ таолога: "Роббим, менга Ўз ҳузурингдан яхши зурриёт бергин. Албатта, сен дуони эшитувчисан"[3], дедилар.

Шунингдек, дунёда кимдир тинчликни сўрайди. Бу эса, инсонлар ўзлари учун сўрайдиган муҳим нарсаларнинг биридир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳдан кечиришини ва тинчликни сўранглар. Бас албатта бирор-бир кишига иймондан кейин тинчликданда яхшироқ нарса берилмади”[4], деганлар.

Қунут дуосида: “Офиятда қилган кишиларинг қаторида мени ҳам офиятда қил”, дейилган.[5]

Буларнинг барчаси дунёвий истаклар, сўровлар ҳамда Аллоҳ таолога таваккул қилишнинг боғловчиларидир.

Мўмин банда солиҳа аёл ва солиҳ фарзанд билан ризқлантиришига Роббига таваккул қилади. Аллоҳнинг солиҳ бандалари дуо қилганларидек: Улар: «Эй Роббимиз, Ўзинг бизга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан кўзимиз қувонадиган нарса ҳадя эт ҳамда бизларни тақводорларга йўлбошчи эт»[6].

Мусулмон киши Роббиси унга офият ва нусрат бергунича У Зотга таваккул қилаверади.

Юсуф Қаразовий раҳимаҳуллоҳнинг
"Таваккул" китобидан Яҳё домла АБДУРАҲМОНОВ таржимаси


[1] Имом Аҳмад, Имом Муслим ва Имом Насоий Ибн Умардан ривоят. қилганлар. Шунингдек, Саҳиҳ ал- Жомиъу ас- Сағийр китобида ҳам ривоят. қилинган (3413).
[2] Соффат сураси, 100-оят.
[3] Оли Имрон сураси, 38-оят.
[4] Имом Термизий ривоят қилган (464). Шунингдек, Имом Аҳмад, Абу Довуд, Насоий ва ибн Можа Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишган.
[5] Имом Аҳмад ва Имом Термизий Абу Бакрадан ривоят. қилинган (Саҳийҳ ал- Жомиъу ас- Сағийр: 3632).
[6] Фурқон сураси, 74-оят.