Рамазон! Айтилиши осон, муддати нақадар оз, бир йилда бир меҳмон.
Рамазон! Бир йилда бир келасану, лекин биз гуноҳкор, осий бандаларнинг бир йил ичида йиғилиб қолган қанчадан-қанча гуноҳларимиз, хатоларимиз ва камчиликларимизни кечирилишига сабабчи бўласан.
Рамазон! Сенга таъриф бериш менинг қўлимдан келмайди, чунки сенинг тарифингни Аллоҳ таоло берган: «Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир...» (Бақара, 185).
Рамазон! Қадринг шунчалар баландлигидан икки дунёимиз саодати бўлган Каломуллоҳ сенинг бағрингда нозил бўлди. Даражангни юксаклигидан бизни гуноҳлар хорлигидан, дўзах оловидан ҳимоя қилувчи, шайтони-лаъиннинг устидан ғалаба гарови, жисмимиз закоти, жаннатга элитувчи кўприк, ибодатини фақатгина Ўзига хослаган, мукофотини ҳам фақат Ўзи бергувчи амал, яъни рўза айнан сенга хосланди.
Рамазон! Сенга қандай таъриф берайки, суюкли ҳабибимиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизга хабарини берган гўзал таърифлардан ортиқ. Узот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Рамазон рўзасини имон, ишонч билан ва савобидан умид қилиб тутса олдинги гуноҳлари мағфират қилинади”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Рамазон! Сенинг ҳурматингдан жаннатлар жилоланади, жаҳаннам эшиклари ёпилади, шайтонлар кишанланади. Қадрингни баландлигини мадҳ этувчи ҳадислар, хушхабарлар шу қадар кўпки, улардан ортиб қандай таъриф беришни билолмай хайронман. Агар менга сен учун бир дона таъриф бериш керак бўлганда сенга “мўминнинг мавсуми” деган таърифни берган бўлардим. Чунки суюкли пайғамбаримизнинг қуйидаги биргина ҳадиси шарифлари сенга бундай таъриф беришимга сабаб бўлди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Ким Рамазон ойида зикр мажлисларида ҳозир бўлса, Аллоҳ таоло унинг хар бир қадамига бир йиллик ибодатнинг савобини ёзади ва қиёмат куни Аршнинг соясида мен билан бирга бўлади. Кимки Рамазон ойида жамоат намозларида бардавом бўлса, Аллоҳ таоло ҳар бир ракатига нурдан бўлган бир шаҳарни беради. Ким бу ойда ота-онасига қўлидан келганча яхшилик қилса, Аллоҳ таоло у бандага мулойимлик ва раҳмат назари билан қарайди ва мен унинг кафили бўламан. Қайси бир аёл Рамазон ойида ўз эрининг розилигини талаб қилса, у учун Аллоҳ таолонинг ҳузурида Марям ва Осиё (розияллоҳу анҳум)ларнинг савобига эга бўлади. Ушбу ойда кимки бир мусулмоннинг бир ҳожатини чиқарса, Аллоҳ таоло унинг минг-минглаб ҳожатларини раво қилади. Кимки Рамазон ойида муҳтожга хайру саховат қилса Аллоҳ таоло унга мингта яхшилик ёзади, унинг минглаб гуноҳларини ўчиради ва унинг даражотини минг пағона кўтаради” (“Нузхатул-мажолис” китоби).
Яна қанчадан-қанча таърифларинг, сифатларинг, рахматларинг ва биз билмаган сирларинг борки, уларни зикр қилишга забонимиз, ёзишга қаламимиз, санашга саноқларимиз, ўзгаларга етказишга илмимиз етмайди. Қўлимиздан келгани шу озгина ибодат, Роббимизга итоат, яхшиликларингдан умидворлик, сенинг дунёларга сиғмас ҳурматингни сақлаш ҳамда Роббимизнинг бизга юборган бир ойлик меҳмони олдида мезбонлик бурчимизни чиройли адо этиш холос.
Рамазон! Хар йилгидек бу йил ҳам сенинг ифорингга чанқоқ бўлган дўстларингни суюнтир, қалбларига ором бер. Сенинг ҳурматингни сақлаган, сендан унимли фойдаланган, сен туфайли ўзига жаннатни вожиб қилиб олган ҳар бир инсон икки дунёда азиз бўлсин. Кимки сенга етсаю, сенинг қадрингни билмаса, ҳурматингни сақламаса, сен буюрган амалларни қилиб, сен қайтарган маъсиятлардан қайтмаган ҳолда, ўзига жаннатни вожиб қилолмасдан сени ўтказиб юборса, унинг бурни ерга ишқалансин.
Маматқулов Жалолиддин
Учкўприк тумани “Шох муқаддам” жоме масжиди
имом-хатиби
Исломов Ёрбек
Учкўприк тумани “Шох муқаддам” жоме масжиди
имом ноиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бир ҳадис шарҳи
Инсон бу дунёда меҳмон, ҳар бир жон эгаси бир кун келиб бу дунёдан ўтади. Аммо, ислом таълимоти инсонни фақат дунё билан чеклаб қўймайди, балки унинг бу дунёда қилган айрим амаллари савоби вафотидан сўнг ҳам давом этиши ҳақида таълим беради.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам инсон вафотидан кейин ҳам айрим амалларнинг савоби тўхтамаслигини маълум қилиб, ушбу ҳадисни (юқоридаги ҳадисни) айтганлар:
عن أبي هريرة رضي الله عنه أن رسول اللهﷺقال: «إذا ماتَ الإنسانُ انقَطَعَ عنه عَمَلُه إلَّا مِن ثَلاثةٍ: مِن صَدَقةٍ جاريةٍ، أو عِلمٍ يُنتَفَعُ به، أو ولَدٍ صالِحٍ يَدعو له».
“Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсон вафот этганда, уч нарсадан бошқа барча амаллари савоби ундан узилади: жорий садақа, (одамларга) фойдаси тегадиган илм ёки унинг ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанд”, дедилар[1].
Ушбу ҳадис бизга жуда муҳим ҳақиқатни ўргатади: инсон учун бир кун келиб унинг ҳаёти тугайди, у хайрли ишлар қилишдан тўхтайди, аммо у вафот этиб кетган бўлса ҳам бу дунёда қилган айрим амаллари орқали ўзига етадиган савоблар тўхтамайди. Бу Аллоҳ таолонинг раҳмати ва фазлидандир. У Зот бандаларининг гуноҳларини мағфират қилиб, охиратда даражаларини кўтариш учун ва савобларини вафотидан кейин ҳам давом эттириш учун кўплаб сабабларни яратиб қўйган.
Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам баён қиладиларки, инсон вафот этгач, дунёдаги амаллари ундан узилади, яъни у энди у солиҳ амаллар қилишни қанчалар истаса ҳам буни амалга ошира олмайди. Савобларига савоб қўша олмайди. Агар у яхшилик қилган бўлса, шу яхшилиги ўзига, агар ёмонлик қилган бўлса, у ҳам ўзига. Энди амал қилиш ёки тавба қилиш имкони йўқ. Қилган яхши амалларига савоб ёзилиб бўлган, номаи аъмоли – амаллар дафтари ёпилган бўлади. Аммо, ўзидан сўнг бу дунёда уч нарсани қолдирган бўлса, у бундан мустаснодир. Бу амалларнинг савоби ва фойдаси инсон вафоти сабабли тўхтаб қолмайди, узилмайди:
Улардан биринчиси садақаи жория – савоби бардавом бўлган садақадир. Садақа моддий ва маънавий кўринишга эга бўлиб, яхши сўз ҳам садақадир. Садақа – Аллоҳ таолонинг розилигини топиш, қурбат ҳосил қилиш нияти билан бериладиган нарсадир. Бу маъно закот ва ихтиёрий садақани ўзи ичига олади, яъни ихтиёрий мол чиқариш садақа дейилади, фарз мол чиқариш эса закот дейилади. Гоҳида қилинган ҳар бир яхшилик иш ҳам садақа дейилади. Садақа икки турли бўлиб, улардан бири садақа қилиш билан кўзланган савоб ниятига яраша берилади ва шу садақа тўхташи билан унга бериладиган савоб ҳам ёпилади. Садақаи жория эса узоқ муддатли савоб манбаи бўлиб, жамиятга фойдаси қанча муддат тегиб турса, савоби ҳам шунча вақт давом этадиган хайрли ишлардир. Яъни, жамиятга фойдаси давомий бўлган ишлар садақаи жория саналади ва савоби ҳам доимий бўлади. Масалан:
Бундай нарсалар инсон вафот этганидан кейин ҳам одамларга хизмат қилаверади. Шу сабабли савоби ҳам доимий бўлади.
Иккинчиси жамиятга фойдаси тегадиган илмдир. Яъни инсон вафотидан кейин ҳам одамлар ундан фойдаланадиган илм. Илмнинг “фойда берадиган” дея таъкидланиши сабаби фойда бермайдиган илм ўз эгасига савоб келтирмайди.
Агар инсон бирор илм ўргатса, китоб ёзса, одамларни яхшиликка йўналтирса, унинг вафотидан кейин ҳам ўша илмдан фойдаланган ҳар бир инсон сабабли унга савоб ёзилиб туради.
Илм – инсон қолдириши мумкин бўлган энг қимматли мерослардан биридир.
Учинчиси солиҳ фарзанд қолдиришидир. Ҳадис матнида фарзанд “солиҳ” деб таъкидланди, чунки ота-онага ноқобил фарзанддан савоб етмайди.
Ота-она ҳаққига дуо қилувчи солиҳ фарзанд – ота-она учун энг катта бахт ва буюк неъматдир. Агар фарзанд яхши амаллар қилса, ибодатларида ота-она ҳаққига дуо қилса, бунинг савоби ота-онасига ҳам етиб туради. Ҳатто бошқа ҳадисларда ота-онанинг фарзандига берган энг катта ҳадяси яхши тарбия экани айтилган.
Ҳадисда фарзанднинг ота-онаси ҳаққига мағфират сўраб дуо қилиши зикр қилингани замирида фарзандни бу ишга рағбатлантириш маъноси ҳам бор. Аслида эса, солиҳ фарзанднинг амалларидан – у дуо қилса ҳам, қилмаса ҳам – ота-онага савоб етиб тураверади. Бу худди бир киши дарахт экиб қўйса, унинг мевасидан еган инсонлар сабабли улар дуо қилса ҳам, қилмаса ҳам унга савоб ёзилишига ўхшайди.
Ибн Можа ривоятида келган: “Албатта, инсоннинг жаннатдаги даражаси кўтарилади ва у: «“Бу қаердан келди?” деб сўрайди. Унга: “Фарзандинг сен учун истиғфор айтгани сабабли”, деб жавоб берилади».
Яна Ибн Можа ривоятида: “Мўминга унинг вафотидан кейин ҳам амаллари ва яхшиликларидан етиб турадиган нарсалардан бири – у ўргатган ва тарқатган илм, қолдирган солиҳ фарзанд, мерос қилиб қолдирган мусҳаф, қурган масжид, йўловчилар учун қурган уй (работ, карвонсарой), оқизган ариқ ёки ҳаётлигида молидан чиқарган садақадир. Бу ишлар унга вафотидан кейин ҳам етиб туради”.
Савоби янгиланиб турадиган бу каби амалларнинг савоби инсонга вафотидан кейин ҳам етиб боради. Шунингдек, инсон йўлга қўйган ҳар қандай яхшилик ва унинг асари қолса ҳам, у шу ҳадис замиридаги ҳукм остига киради. Чунки Имом Муслим ривоятида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким Исломда яхши бир суннат (йўл)ни жорий қилса, ўша амалнинг савоби ва ундан кейин амал қилганларнинг савоби – уларнинг савобидан ҳеч нарса камайтирилмаган ҳолда – ёзилади”.
Бунга жамиятда жорий қилинган яхши урф-одатлар, тартиб-интизом ва йўл қоидаларини мисол қилиб келтириш мумкин.
Демак, ушбу ҳадисга кўра инсон фақат бугун учун эмас, вафотидан кейин учун ҳам яшаши керак, мол-дунё – абадий савоб қолдириш учун берилган имкониятдир. Садақаи жория, фойдали илмни тарқатиш ва фарзандга берилган гўзал тарбия – инсоннинг ҳаётидан кейинги ҳаётига сармоясидир.
Ушбу ҳадисда:
Фикримиз хулосасида айтар сўзимиз шуки, ҳар биримиз ўзимизга “Мен вафот этсам, ортимдан нима қолади? Қандай эзгу ишлар қолади?” деб савол берайлик! Агар ортимизда бир инсонга бўлса ҳам фойдамиз тегадиган нарса қолдирган бўлсак, жамиятга фойдаси тегадиган бирор илм ўргатган бўлсак, бир яхши фарзанд тарбиялаган бўлсак, демак, умримизни беҳуда ўтказмаган, бу ҳаётда яшашдан ҳақиқий манфаатга эришган бўламиз.
1] Ровий: Абу Ҳурайра. Муҳаддис: Имом Муслим. Манба: Саҳиҳу Муслим. Ҳадис рақами: 1631. Ҳукми: саҳиҳ. Тахриж: Имом Муслим ривоят қилган, “Саҳиҳул Бухорий”да ривоят қилинмаган ҳадислардандир.
Нодир ҚОБИЛОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими