Ҳар йили 31 октябрдан 1 ноябрга ўтар кечаси Ҳеллоуин байрами нишонланади. Бу байрам ҳақида ҳамма одамлар тўлиқ маълумотга эга эмас. Орамиздаги ўта замонавий, сўнгги мода ва анъаналар билан ҳамнафас кишилар бу байрамни хурсандчилик деб қарши олмоқда.
Хўп, Ҳеллоуин нима ўзи? Унинг тарихи, мазмун-моҳияти нималардан иборат?
Ҳеллоуин инглиз тилидаги “All Hallows Even”, яъни “Барча руҳлар кечаси” иборасининг қисқарган шаклидир. Баъзи манбаларда, Ҳеллоуин аёз, зулмат, қабоҳат ва ўлим (ёки мурдалар) “худоси” бўлган Самайн номи билан боғлиқ маросим деб ёзилади. Уни дастлаб ҳозирги Буюк Британия ва Шимолий Ирландия ҳудудидаги халқлар нишонлашган. Совуқ кунлар арафасида 31 октябрдан 1 ноябрга ўтар кечаси барча чироқлар, шамлар, фонуслар, олов ва ўчоқлар ўчирилган. Қоронғу зулмат ичра одамлар ўлим фариштасига ҳамду санолар ўқишган. Биз сен билан, биз ҳам сенингдекмиз, бизнинг жонимизни олма, қабилида унга лаганбардорлик қилишган. Эртаси куни катта гулхан ёқиб, юзларига турли ниқоблар кийиб бир-бирларини қўрқитишган ва ораларидан кимнидир ўлим “худоси”га қурбон қилишган.
Бошқа манбада келтирилишича, VII асрда Рим папаси Бонифаций 1 ноябрни “All Hallows Even”, яъни “Барча руҳлар кечаси” деб эълон қилган. Бугунги 31 октябрь куни нишонланадиган Хэллоуин байрами шундан келиб чиққани ҳақида фаразлар мавжуд.
Одамлар шу куни махлуқлар кўринишидаги қўрқинчли либослар-у ёвузликлар акс этган ниқобларда кун бўйи кўчада оломон бўлиб юришади, шовқин-сурон кўтаришади, тунги клубларга бориб кўнгиллари истаган ишни қилишади ҳамда шу орқали руҳий ҳузур олишади. Ҳеллоуин куни зулм ўтказиш, ёвузлик, инсониятга хос бўлмаган жиҳатлар тарғиб қилинади. Бундан ташқари, Ҳеллоуин куни кўплаб қонун бузилиш ҳолатлари, турли жиноятлар, тартибсизликлар юзага келади. Ҳеллоуиннинг асосий ранги қора ва оловранг бўлиб, қора ранг ўлим ва зулматни ифодалайди. Оловранг эса важоҳатни англатади. “Ўликлар байрами” деб аталиши эса Ҳэллоуиннинг даҳшатлар гирдоби эканини билдиради.
Қўрқинчли маросимда иштирок этган ёшнинг руҳий олами бир кундаёқ бузилади, табиати ва онги бевосита сатанизм (шайтон васвасасига учиш, талваса) таъсирига тушиб қолади. Ғарб мамлакатларида 31 октябрдан сўнг болалар орасида невроз, турли руҳий эврилишлар, ноодатий тажовузкорлик, тунги қўрқув каби ҳолатлар ортиб кетишининг асосий сабабларидан бир шу. “Шайтонлар карнавали”да иштирок этган болалар у ерда бир-биридан даҳшатли ниқоблар билан тўқнаш келади, ўлим, дўзах, иблис, одам бош чаноғи, суяклар, қон, тобут ҳақидаги саҳналарни томоша қилишади. Оқибатда айрим болалардаги қаттиқ қўрқув, оғир хасталиклар, ҳатто суицид ҳам сабабчи бўлади. Фанда қайд этилган самайнофобия деган қўрқув тури айнан “Ҳэллоуиндан қўрқиш” дейилади. Бундан азият чекаётган айрим Ғарб мамлакатлари Ҳеллоуинни таълим муассасаларида нишонлашни тақиқлаб қўйишмоқда.
Маълумотларга кўра, дунё бўйича катта даромад келтирувчи байрамлар қаторида Ҳеллоуин Роджестводан кейин иккинчи ўринда туради. Масалан, биргина АҚШда айнан мазкур даҳшатли тадбир сабаб ота-оналар болалари учун турли ниқоб ва либослар харидига умумий ҳисобда 2,5 миллиард доллар сарфлар экан. Кўриниб турибдики, Аслида ҳеллоуинлаштириш айрим марказлар учун чўнтак қаппайтиришнинг яна бир ўнғай услубидир.
Жанубий Африкадаги кўплаб мусулмонларнинг чет давлатларга кўчиб кетишининг сабаби ҳам Ҳеллоуин байрамининг мактабларда кенг нишонланишидир. Бу байрамнинг мусулмон эътиқодига умуман мос келмаслигининг сабаби – бу байрам бутпарастликни, зўравонликни, қабоҳатни тарғиб этувчи сохта эътиқоддир.
Биз мусулмонларнинг Ҳеллоуин байрамидан мутлақо узоқда бўлишимиз жуда ҳам муҳим. Ҳеллоуин байрами нишонланаётганда мусулмонларнинг бу байрамга қизиқиши ҳам уларнинг имонини заифлаштиради. Чунки бу байрамнинг келиб чиқиши бидъат ва ширкдир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай дейди:
إِنَّ الشَّيْطَانَ لَكُمْ عَدُوٌّ فَاتَّخِذُوهُ عَدُوّاً إِنَّمَا يَدْعُو حِزْبَهُ لِيَكُونُوا مِنْ أَصْحَابِ السَّعِير
“Албатта, шайтон сизга душмандир. Бас, уни душман тутинг. У ўз гуруҳини фақат ўта қизиган дўзахга эга бўлишларига чақиради. (Шайтоннинг инсонга душманлик қилишига ажабланмаса ҳам бўлади. Лекин ажабланарлиси шуки, инсон шайтонни ўзига дўст тутиб юради. Шайтон ўзининг энг катта душмани эканини кўра била туриб, унинг айтганини қилади. Унинг иғвосига учади, ёлғонига алданади.)” (Фотир сураси, 6-оят).
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Кимки қайси миллатга тақлид қилса, улардан бири бўлади”.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Кимки мусулмонларнинг ерларида яшаса, уларнинг диний байрамларини нишонласа, уларнинг яхши амалларини қилса ва у шу ҳолатда вафот этса, Қиёмат куни улар билан бирга кўтарилур”.
Умар розияллоҳу анҳу бундай деганлар: “Аллоҳнинг душманларидан ва уларнинг байрамларидан узоқ туринглар”.
Бинобарин, Аллоҳ таоло барча нарсани билувчидир.
Инглиз тилидан Робия ЖЎРАҚУЛОВА таржима қилди
Инсоният тарихида айрим маконлар борки, улар фақат географик нуқта эмас, балки руҳий тарбия ва маънавий уйғониш маркази ҳисобланади. Ана шундай муқаддас масканларнинг энг улуғи – Масжидул ҳаром ва увинг қалби бўлган Каъбаи муаззамадир. Миллионлаб мусулмонлар ҳар йили турли миллат, тил ва маданиятдан қатъи назар, бир мақсад – Аллоҳ таолонинг розилигига эришиш учун ушбу муборак жойга йўл оладилар. Ҳаж – Исломнинг бешинчи рукни бўлиб, у оддий саёҳат ёки расмий маросим эмас. Ҳаж инсоннинг қалбини поклайдиган, нафсини тарбиялайдиган, уни янада масъулиятли ва тақводор шахсга айлантирадиган буюк ибодатдир. Аслида, ҳақиқий ҳаж – инсоннинг ички дунёсини ўзгартирувчи ҳаждир.
Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Албатта, одамлар (ибодати) учун қурилган биринчи уй Баккада (Маккада) муборак ва оламлар учун ҳидоят (манбаи) бўлган (Каъба)дир» (Оли Имрон сураси, 96-оят). Ушбу муборак оят Каъбатуллоҳнинг инсоният тарихидаги юксак ўрнини кўрсатади. У нафақат мусулмонларнинг қибласи, балки тавҳид рамзи ҳамдир. Ер юзида турли цивилизациялар пайдо бўлиб, йўқолиб кетган бўлса-да, Каъба асрлар давомида инсониятни ягона Роббга ибодат қилишга чақириб келмоқда.
Тарихий манбаларда Каъбанинг бир неча бор қайта таъмирлангани зикр қилинади. Одам алайҳиссаломдан тортиб, Иброҳим ва Исмоил алайҳиссаломларгача, ҳатто Қурайш қабиласи ва Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳулар давригача унинг қайта қурилгани ҳақида ривоятлар келтирилган. Бу ҳолат Каъбанинг инсоният онгида нечоғли муқаддас ўрин тутишини англатади.
Кўпчилик ҳажни фақатгина фарз амалини адо қилиб қўйиш деб тушунади. Аслида эса ҳаж – инсоннинг ахлоқий ва маънавий камолотини синовдан ўтказадиган улкан мактабдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар: «Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннатдир» (Муттафақун алайҳ). Лекин ҳар қандай ҳаж ҳам «мабрур» (қабул бўлган) бўлавермайди. Уламолар мабрур ҳажни — холис ният билан, ҳалол молдан, гуноҳ, риё ва хўжакўрсинликдан узоқ ҳолда адо этилган ибодат деб таърифлайдилар. Демак, ҳаждан мақсад фақат Каъбани кўриш ёки эл қатори «ҳожи» деган ном олиш эмас. Балки инсоннинг ички дунёси ўзгариши, гуноҳлардан чин дилдан тавба қилиши ва ҳаётини янги, пок босқичдан бошлаши муҳимдир.
Билишимиз керак бўлган энг муҳим масалалардан бири — ҳажга кетишдан аввал чин дунёдан тавба қилиш ва одамлар ҳақини адо этишдир. Зеро, зиммасида қарзи ёки ўзганинг ҳақи бўлган инсон ҳаж қилишдан аввал уларни эгаларига қайтариши лозим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада шундай деганлар: «Бой (қодир) кишининг қарзини бермай пайсалга солиши зулмдир» (Имом Бухорий ривояти). Афсуски, бугунги кунда айримлар ҳажни обрў, тижорат ёки ижтимоий мақом воситасига айлантириб юбормоқда. Ислом шариатида пора, таниш-билишчилик ёки ноҳақ йўллар билан ҳажга бориш қаттиқ қораланади. Бундай йўллар ибодатнинг руҳий моҳиятини бутунлай йўққа чиқаради. Исломда ибодатнинг қабул бўлиши учун унинг ташқи дабдабаси эмас, балки ихлос, тақво ва ҳалоллик асос қилиб олинади.
Ҳақиқий ҳожи ҳаждан қайтгач, унинг хулқида, оилавий ва ижтимоий ҳаётида ижобий ўзгаришлар сезилиши керак. Улуғ тобеин Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Мабрур ҳаж — инсоннинг ҳаждан дунёга бефарқ (зоҳид), охиратга эса рағбатли ҳолда қайтишидир». Агар инсон табаррук сафардан қайтганидан кейин ҳам ғийбат, такаббурлик, манманлик, тарозидан уриш ва ноҳақликни тарк этмаса, у ҳажнинг ҳақиқий мазмун-моҳиятини англаб етмаган бўлади. Ҳаж мусулмон кишига сабрни, тартиб-интизомни, камтарлик ва биродарликни ўргатади. Эҳромга кирган пайтда бой билан камбағал, раҳбар билан оддий ишчи бир хил кийимда, ёнма-ён туради. Бу эса инсонлар ўртасидаги барча сунъий фарқларни йўқотиб, Аллоҳ ҳузуридаги ҳақиқий тенглик ғоясини намоён этади.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Ҳажарул асвадни ўпаётиб, тарихга муҳрланган ушбу сўзларни айтган эдилар: «Сен фақат бир тошсан, на фойда ва на зарар етказа оласан. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сени ўпганларини кўрмаганимда, сени асло ўпмас эдим». Бу теран фикр Исломда ибодатлар фақатгина соф ақида ва суннатга асосланишини кўрсатади. Мусулмон киши Ҳажарул асвадни қандайдир сеҳрли куч деб эмас, балки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига бўлган чексиз муҳаббат ва эҳтиром рамзи сифатида зиёрат қилади.
Ҳаж — мусулмон умматининг энг буюк маънавий қурултойидир. У инсонни ташқи жиҳатдан эмас, балки ички оламини тубдан ўзгартириш учун фарз қилинган. Ҳақиқий ҳаж инсонни камтар, ҳалол, масъулиятли ва тақводор қилади. Бугун мусулмон жамиятимизда ҳажнинг фақат ташқи расмиятчилигига эмас, балки унинг маънавий-руҳий моҳиятига кўпроқ эътибор беришимиз зарур. Чунки Каъбани шунчаки кўз билан кўришдан ҳам муҳимроғи — қалб кўзини очиш ва уни поклашдир. Ҳақиқий мабрур ҳаж эса инсонни гуноҳлардан узоқлаштириб, Яратувчисига яқинлаштиради.
Жамол Мавлонов,
Бухоро шаҳридаги «Масжиди Калон» жоме масжиди имом-хатиби